Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

03.03.2020


КЎЗИ ОЖИЗЛАР КОМБИНАТИНИ НЕГА ТЎРТ МУЧАСИ СОҒЛАР "ЭГАЛЛАБ ОЛГАН"?

Фотонигоҳ

Қарши шаҳридаги Насаф кўчасига, Кўкгумбаз жомеъ масжиди томонга йўлингиз тушиб, сал наридаги 3 қаватли бино эътиборингизни тортган бўлса ажабмас. Агар назарингиздан четда қолган бўлсаям ҳеч бир ҳайратланарли ҳолат йўқ: ташқаридан қараб, бу ерда қайси идора қўним топганини дарҳол айтиш қийин. Қуйи қаватда турли ишлаб чиқариш, савдо нуқталари, уларнинг реклама баннерлари, юқорида эса улкан дераза ромлари кўзга ташланаркан, ҳа, бир тадбиркорга тегишли жойдир-да, деб кетаверасиз.

Аммо бу ерда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қарши ўқув-ишлаб чиқариш комбинати жойлашганини ҳаммаям билавермайди. Айтишларича, 1932 йилда кўзи ожизлар жамияти артели сифатида тузилиб, кейин корхона, комбинат даражасига етган ушбу субъектда узоқ йиллар давомида тўқувчилик, тикувчилик маҳсулотлари, кўрпа-тўшак тайёрланиб, картон қутилар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Умуман, ўз вақтида бу ерда кўзи ожиз инсонлар меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилганки, бугун умумий 40 киши фаолият кўрсатаётган комбинатда фақат тикувчилик асосий юмуш бўлиб турибди.

- Аввал пояндоз, палос каби маҳсулотларимиз яхши кетарди, аммо ишимиз асосан қўл меҳнатига асослангани, улгуржи савдо корхоналари ҳозир йўқлиги сабаб фаолият тури қисқарди, - дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қарши ўқув-ишлаб чиқариш комбинати МЧЖ раҳбари Мамаюнус Аллаёров. - Яна бир сабаб - ҳозир бундай маҳсулотларни одамларнинг ўзи уйида касаначилик асосида ишлаб чиқармоқда.

Маълум бўлишича, айтилган тикувчилик цехи ҳам бир-икки ойдан бери дуруст ишламаяпти. Жамият раҳбари айтдики, тикувчилик цехини модернизация қилиш учун  банкдан 500 миллион сўм имтиёзли кредит сўралган, бироқ талашиб-тортишишлардан кейингина 100 миллион сўм айланма маблағ учун кредит ажратилган.

Тикувчилик цехини кузатарканмиз, бу ерда бор-йўғи бир ходимга кўзимиз тушди, холос. Уям янги иш бошлаганлардан бўлиб, 2 тикувчи, 3 қовувчи ишлашини маълум қилди (сал олдинроқ жамият раҳбари 10 тикувчи борлигини билдирганди).

- Косон туманидаги Гувалак қишлоғидан қатнайман, йўлга 8-9 минг сўм атрофида кетади, - дейди тикувчи Мамлакат Ҳамраева. - 20 йиллик иш стажим бор, бироқ бу ердаги тикув машиналари ҳозирги бозор талабларига жавоб бермайди. Агар техникалар янгиланса, эркаклар ва болалар кийимлари тайёрлаш режамиз бор. Ҳозирча, кўрпа-тўшак, ёпинчиқлар тайёрлаяпмиз.

Сўраб билишимизча, тикувчилар бир кунда тайёрлайдиган маҳсулотларни бозорда 700 минг сўмга "кўтарар" экан. Энди бир ўйлаб кўринг: бир кунда фалон минг сўмлик маҳсулот тайёрласаю, ойига 500-600 минг сўм маош олса, кимга ёқади бу?

Шу жойда бир мулоҳаза: 0,78 гектар майдонни эгаллаган ва умумий қуввати 218 кишига мўлжалланган комбинатда бугун маъмурият, бухгалтер, оператор, техник ходимлар билан бирга  40 киши ишлаётгани субъектнинг бугунги аҳволини кўрсатмаяптими? Яъни комбинат ўз қувватининг бешдан бири даражасида ишлаяпти, холос. Тўғри, 2019 йилги 542 миллион сўмлик режа (албатта, режа имкониятга қараб белгиланади) 434 миллион сўм ҳолида бажарилган. Агар ходимлар сони ҳам режадаги каби 200 дан ошганида тушум қанча бўлишини бир ўйлаб кўринг.

Чамаси бу ерда асосий даромад турли тадбиркорлик субъектлари тўлайдиган ижара пулидан, гарчи жамият раҳбари бу ҳақда гапиришни истамаган бўлса-да, келадиганга ўхшайди. Ваҳоланки, бино кўзи ожизлар учун мўлжаллангани ҳолда бугун бу ерни тўрт мучаси соғлар "эгаллаб олган". Бирида колбаса, бирида пойабзал, яна бировида махсус кийимлар, қурилиш ашёлари савдоси авжида. Юқори қаватда эса маккажўхори қаламчалари ва "хрустяшки" ишлаб чиқарилмоқда. "Қандинов Абдумалик Абдулла ўғли" якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ходимларининг айтишича, бу ерни 4 йил олдин ижарага олиб фаолият кўрсатишаяпти. Нимаям деймиз, буларнинг иши авжида бўлса, ижара пулини тўлашади, буям бўлмаса, 5-6 тикувчи билан нима қилиб бўларди?

Тўғри, бозорда қўл меҳнатига талаб сусайган бир шароитда бор имкониятни ишга солиб, ҳечқурса, ижарадан бўлса-да, даромад топиш ёмон эмас. Бироқ бу ер аслида кўзи ожизлар бандлигини таъминлашга қаратилганини унутмаслик керак. Бошқа жойда ҳеч ким кўришда нуқсони бўлган одамга ҳунар ўргатиб, ишлатишни хоҳламайди. Айнан шунинг учун ўқув-ишлаб чиқариш комбинати ташкил қилинган. Ҳамма муаммо - шунда. Тадбиркорлар эса бу ердан бўлмаса, бошқа жойдан ижарахона топиб кетаверади.

Шундай экан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қарши ўқув-ишлаб чиқариш комбинати ҳақиқий эгаларига берилиши, қувват асл даражасига келтирилиши зарур. Умидимиз шуки, тегишли масъуллар бу ҳақда ўйлаб кўришади. Бу - ишсиз, кам таъминланган, ногиронлиги бор одамлар учун янги иш ўринлари қидириб, вақт ўтказишдан кўра анча осонроқ...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

Report typo