Шўртан газ кимё мажмуасига қарашли "Қаршитермопласт" цехи ҳудудидаги саноат зонасида ишлаб чиқарилади
Маҳаллийлаштириш
Жорий йилда вилоятимизда юқори кучланишли электр кабелларининг изоляция қатламини ҳосил қилишда кенг қўлланиладиган импорт ўрнини босувчи маҳсулот - тўқилган полиэтилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Мутахассисларнинг изоҳ беришича, бундай полиэтиленнинг кимёвий таркиби сақланган ҳолда ички молекуляр тузилмаси ўзгартирилиб "тўқилиши" эвазига зичлиги, мустаҳкамлиги ва иссиқликка бардошлилик даражаси нисбатан юқори бўлади. Шу боис тўқилган полиэтилендан изоляция материаллари ва иситиш тизими қувурлари, хусусан, "иссиқ пол" таркибий қисмларини ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. Ўзбекистонда ҳам бу турдаги полиэтиленга талаб катта бўлса-да, ҳозирча ушбу юқори ликвидли хомашё фақат хориждан олиб келинади.
Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини ошириш бўйича берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йил ноябрь ойида "Ўзэлтехсаноат" уюшмасида воҳамиздаги "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ, Тошкент вилоятидаги "Techno Cable Group" қўшма корхонаси ва Хитойнинг "Hainan Xin'ao Chen Supply Chain Management Co., Ltd" компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзоланган эди. Унга асосан юртимизда кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинаётган тўқилган полиэтилен ("сшитий полиэтилен") хомашёсини маҳаллийлаштириш бўйича Шўртан газ кимё мажмуасига қарашли "Қаршитермопласт" цехи ҳудудидаги саноат зонасида қўшма лойиҳа амалга ошириладиган бўлди.
Биздаги маълумотларга кўра, яқин кунларда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ, "Techno Cable Group" қўшма корхонаси ва Хитойнинг "Hainan Xin'ao Chen Supply Chain Management Co., Ltd" компанияси ўртасида қўшма корхона тузилиб, лойиҳанинг асосий қисмига старт берилади. Унинг биринчи босқичи доирасида жорий йилнинг баҳор ойларида вилоятимизга тўқилган полиэтилен ишлаб чиқариш учун мўлжалланган технологик асбоб-ускуналар келтирилиши ва йилига 4 минг тонна импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Ўз мухбиримиз
