Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

26.06.2018


КАДДАФИ ЯРАТГАН МЎЪЖИЗА УНИНГ ЎЗ БОШИГА ЕТДИМИ?

Сув келтирган эмас, кўза синдирган азиз

Гап бу ерда Каддафи ҳукмронлиги даврида қурилган улкан сув иншооти ҳақида кетаяпти. Бетондан мустаҳкам, жуда пишиқ қилиб қурилган улкан сув йўли орқали Саҳрои Кабир ҳудудидаги ер қаъридан топилган катта миқдордаги сув ҳавзасидан олинган тоза ичимлик суви Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган шаҳарларга етказиларди.

Италиядаги НАТО авиациясининг Ливиядаги муҳим объектларни бомбардимон қилишини белгилаб берувчи штаб кўрсатмасига биноан ушбу сув қувури тармоқлари издан чиқарилди. Брега шаҳридаги  бетон қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий, қудратли завод эса йўқ қилинди. Шундай қилиб Ливияга уюштирилган ҳужум туфайли кечагина жаҳон ҳамжамияти томонидан "дунёнинг саккизинчи мўъжизаси", деб эътироф этилган ноёб иншоот батамом вайрон қилинди. Бу катта миқдордаги ер ости сувлари инсон манфаатлари учун фойдаланишга йўналтирилган ва амалга оширилган жаҳондаги ягона лойиҳа эди. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Шимолий Африканинг чўл ҳудудларини ҳамда сувсизликдан қовжираб бораётган шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, аҳолининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш эди. Ушбу иншоот “даврнинг энг улкан муҳандислик лойиҳаси", деб эътироф этилганди.

Каддафининг "қўлдан яралган дарё"си охир-оқибат полковникнинг жонига зомин,  халқаро фитна механизмини ҳаракатга келтирганлар учун яна бир ғашга тегувчи ҳолат бўлди. Тақдирнинг ғалати тасодифини қарангки, Каддафи ҳаётининг сўнгги дақиқаларини ўз ватандошларини сув билан таъминлаш мақсадида қурдирган сув қувурлари ичида яшириниб ўтказди. Полковник халқининг чанқоғини қондирди, бунга жавобан эса халқи унга қарши бош кўтариб чиқди. Уларга сувдан кўра ваъда қилинган "демократия" муҳимроқ кўринди. Ваҳоланки, олти миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган ушбу мамлакат Африканинг бутун шимолини сув билан таъминлаш ташаббуси билан чиққанди. Бу эса, ўз навбатида, Форс кўрфази мамлакатлари етакчилари ичига ғулғула солиб қўйди. Ахир улар араблар дунёсидаги таъсир кучини йўқотиши, биринчиликни ўзларининг ливиялик рақибига бериб қўйиши мумкин эди-да...

Музлик даври сувлари

Саҳрои Кабир ҳудудидаги ер қаърида катта миқдорда ширин сув захираси мавжудлиги ўтган асрнинг 50-йилларида нефть қидириш жараёнида аниқланганди. Ернинг нам сақлайдиган ушбу қатлами бундан 75 минг йил илгари ҳам мавжуд бўлган. Бу сўнгги музлик давридан қолган мерос ҳисобланади. Миср билан чегарадош ҳудудда жойлашган ушбу қатламга кирувчи чуқурлиги 2 минг метр бўлган Куфра сув ҳавзаси ҳажми 350 минг квадрат километрни ташкил этади, ундаги захиранинг 20 минг куб километри  Ливия ҳудудида жойлашган. Бу ерда яна 600 метрлик қатламга эга бўлган сув ҳавзаси ҳам мавжуд.

Унда 10 минг куб километр сув бор. Учинчи, Мурзук сув ҳавзасида эса 4800 куб километр атрофида сув захираси борлиги аниқланган. Фақат Каддафи ҳукмронлиги даврига келиб аввалига беъмани ҳаракат, деб баҳоланган Буюк дарё лойиҳаси илгари сурила бошланди. 2011 йилга келиб Ливиянинг бир қатор катта шаҳарларига 6,5 миллион куб метр миқдорида  ширин сув олиб келинди ва 4,5 миллион аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Марказий Ливияда 500 метрдан ҳам чуқурроқ бўлган ер қаъридан сув тортиб оладиган 1300 дан кўпроқ қудуқ қазилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиши жараёнида Триполи, Сирт ва Бенгази шаҳарларини сув билан таъминлайдиган ер ости дарёси қуриб битказилди. Айнан мана шу шаҳарлар аҳолиси томонидан давлат тўнтарилиши рўй беришини Каддафи қаёқдан ҳам билибди, дейсиз.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 130 минг гектар майдонда деҳқончилик ишлари билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлди. Ушбу улкан лойиҳани амалга ошириш учун 25-30 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган. Бу ишга жаҳоннинг етакчи компаниялари мутахассислари жалб этилган, Американинг замонавий техникалари харид қилиниб, улар ёрдамида иш суръати янада тезлаштирилган. Катта ҳажмдаги 500 мингта бетон қувур ётқизилган. Унинг ичида автомобиль бемалол ҳаракатлана олган. Қувур ётқизиш муносабати билан техника ҳаракатланиши осон бўлиши учун 3700 километр узунликдаги йўл қурилди, 250 миллион куб метр тупроқ қазиб олинди. Лойиҳани амалга ошириш учун ишлатилган материаллар Мисрдаги эҳромларнинг йигирматасини барпо этишга бемалол етиб ортарди. Гиннесснинг рекордлар китоби саҳифалари Ливия рекордлари билан тўлиб-тошди. Мисли кўрилмаган маблағлар сарфланган бўлса-да, Каддафи халқаро банклардан бир цент ҳам қарз олмаган.

Яқин Шарқда Халқаро валюта жамғармаси ва Бутунжаҳон банки 20 йил давомида Мисрда амалга оширилиши режалаштирилган шунга ўхшаш лойиҳани қўллаб-қувватлашдан бош тортиб келаётганди. Бу эса, ўз навбатида, кўплаб араб мамлакатлари ривожланишига салбий таъсир кўрсатди ва охир-оқибатда, турли тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Яқин Шарқдаги сув таъминоти билан боғлиқ режаларга АҚШ давлат департаменти фақат ўз манфаатларини кўзлаб тез-тез аралашадиган бўлди. Масалан, Саудия Арабистонида денгиз сувини тозалаб, чучук сувга айлантириб берадиган заводлар қурилиши лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ливияликлар ташаббуси эса олдинига қаттиқ танқидга учраганди. Дунёнинг 24 та шаҳрида чоп этиладиган нуфузли халқаро газеталардан бири "Файнэншел таймс" бу лойиҳани иқтисодий жиҳатдан ночорлашиб қолган мамлакат ҳукмдори Каддафининг манманлиги, шуҳратпарастлигини ифода этувчи "ёдгорлик", деб атаганди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёни бошланиши билан уни АҚШ манфаатларига таҳдид сифатида талқин қила бошлашди. Таниқли шарҳловчи Филип Найтли Бирлашган Араб Амирликлари газетаси "Кхалеж таймс" саҳифаларида НАТОнинг Ливияга бостириб киришини "сув учун кураш", деб атади. Яна бир мақоласида эса у: "Ғарб давлатлари араб мамлакатларининг сув бойликларига ҳам кўз тикишмаяптими?" деган саволни ўртага ташлаганди. Ахир айнан Ливия давлати остида Нил дарёсининг 500 йиллик оқимига тенг миқдорда сувга эга бўлган улкан денгиз топилганди-да.

Найтлининг фикрича, Ғарб давлатлари ливиялик диктатор дунёдаги энг катта чучук сув захирасига эгалик қилишини ҳазм қилишолмаган ва бунга йўл ҳам беришмайди. Улар Каддафига шусиз ҳам ҳудудда ҳукмронлик қилишига изн бериб қўйишибди-ку. Нима, бу камлик қилганмиди унга? Бу гаплардан сўнг шундай таассурот пайдо бўладики, Каддафи учун нефть ва газдан ҳам кўра кўпроқ сув муҳим ўрин тутган.

Айбдор деб топилган полковник БМТга қилган мурожаатида Ливия сувсизликдан хароб бўлишини айтиб, умри давомида қурдирган ҳаётий муҳим иншоотни бомбардимон қилишни тўхтатишни сўраб ялиниб-ёлворди. Аммо...

Ташаббус ўлмайди

Оксфордлик гидрогеологларнинг сўзларига қараганда, ер қаъридаги сувларни қазиб чиқариш - Африка ва Яқин Шарқдаги қурғоқчилик катта бўлган ҳудудларда яшаётган аҳолининг жон сақлаб қолиши учун ягона имкониятдир. "Нейшенел Географик" журнали Каддафининг сувга оид лойиҳасини бекорга даврнинг муҳим воқеаси, деб атамаганди.

Шунга ўхшаш, аммо нисбатан кичикроқ кўламдаги лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ҳозирда Иордания ва унга қўшни давлатларда жадаллик билан олиб борилаяпти.

 

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси.

Report typo