Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ.

23.02.2017


“КАК РАНЬШЕ...”

Қарши шаҳрида бир музқаймоқ пайдо бўлибди. Номи “Пломбир”. У киши саломатлигига хавф соладими, йўқми, буниси бизга қоронғи, гап бошқа нарсада.

Собиқ тузумни қўмсаш... Ғалати эшитилади-а?! Ҳарқанча ғалати бўлмасин, биз сўз юритаётган музқаймоқда ўша, собиқ тузумни қўмсаш аломатлари сезилади.

Бугун мамлакатимиз мустақиллигининг чорак асрини нишонлашга яқин туриб, истиқлол бизга ота-боболаримиз орзу қилган улкан бахтни ато этганини юракдан  англаган бир чоғимизда кимдир собиқ тузум давридаги атамаю сўзларни харидори кўп маҳсулотга тиқиштириб турса, ажабланишимиз, озроқ фикрлаб, ғазабга тушишимиз аниқ.

Бу музқаймоқ ва ундаги “тарғибот” хусусида аввал матбуотда ўқигандиму, пойтахтда сотилаётган бўлса, энди савдодан олиб ташланган бўлса керак, деган ўйда юргандим. Қарангки, бош    кентда анчайин урилиб-сурилган шекилли, бу музқаймоқ ўзига вилоятимиздан бозор топибди. Хилининг кўплигидан англаш мумкинки, у ўз харидорига эга.

Гапнинг индаллосини айтганда, музқаймоқ қадоғига туширилган сурат – қизил бўйинбоғ таққан, қизил пилотка кийган пионер қизчанинг расми кишини таажжубга солади. Қўлида ўроқ-болға кўтариб олган эркак ва аёл ҳайкали сурати, ОТК (“Отдел технического контроля”), ГОСТ – (“Государственный стандарт”) каби собиқ совет давлатининг маълуму машҳур атамаларини кўриб, кимгадир бизнинг ҳур-омон кунларимиз, фаровон ҳаётимиз ёқмаяпти, шекилли, деб ўйлаб қоласиз. Йўқса, тинч-осойишта кунларда, шиддатли, айни пайтда кескин ва зиддиятли замон ҳар лаҳза огоҳ бўлишни тақозо қилиб турган бир даврда собиқ тузумдаги атамаю тасвирларни эсга олишдан мақсад-муддао нима бўлиши мумкин?

Тўғри, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб берилган, аммо бу уни суиистеъмол қилиш керак, дегани эмас.

Улар музқаймоққа “Как раньше” (“Худди аввалгидек”) деб ёзишибди. Яъни музқаймоқ таъми худди аввалгидек дейиш баробарида собиқ тузум рамзларидан фойдаланиб, нима дейишмоқчи?!

Дейлик, интернетда зарур фактларни қидириб турган чоғингизда қайсидир саҳифада бир кўриниб-йўқолган беҳаё сурат, яхши гаплар орасида қистириб ўтилган бўҳтон... озгина-озгинадан киши иймонига путур етказиб боради. Юқорида айтилган музқаймоқ қадоғидан жой олган сўз ва тасвирлар орқали ҳам озгина-озгинадан тарафдор йиғиб боришга кўз тикилмаганига ким кафолат бера олади? Бугун совет тузумининг рамзларидан фойдаланган “тадбиркор”лар эртага бузғунчиларнинг тимсолидан фойдаланмаслигига-чи?! Бугун унга бефарқ қараб, э, арзимас бир ёзув-да, шунга шунча ваҳима қилиш шартми, десак, эртага муаммо ана шу тарзда газак олиб кетмаслигига ишонч борми?

Йўқ, бу зинҳор ваҳима эмас. Аниқ-равшан кўриниб турган ҳақиқат. Бўлмаса, маҳсулот номини брендга айлантириш учун, фойдаланаман деса, минг-миллионта ном, минг-миллионта сурат бор.

Биз эса фикримизда собитмиз: энди “как раньше” бўлмайди, ўзбек халқи “как раньше” эзилишни, таҳқирланишни истамайди. Бизнинг ўз танлаган йўлимиз, кўз тиккан чўққимиз – аниқ мақсадимиз бор.

Б.ЎКТАМ.

Report typo