Лондон шаҳар университети социологлари фаровонлик даражаси ва жисмоний оғриқ ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Масалан, даромаднинг жуда пастлиги ва оғриқ қўзғалиши хавфи юқорилиги ўзаро алоқадор. Бу борадаги тадқиқот натижалари Social Psychological and Personality Science журналида чоп этилган.
Тадқиқот давомида Гэллап (жамоатчилик фикрини ўрганиш) институтининг тахминан 146 мамлакатдан бўлган катта ёшдаги 1,3 миллион респондент жавобларидан иборат 2009-2018 йиллар учун бутунжаҳон йиллик сўрови маълумотлари таҳлил қилинган. Унда қатнашган кўнгиллилардан ойлик даромадининг солиққа тортишгача бўлган ҳажми ҳақида сўралган бўлиб, сумма оиладаги одамлар сонига бўлинган.
Яна уларга сўров ўтказилаётган вақтдан бир кун олдин жисмоний оғриқни бошдан кечиргани юзасидан савол берилиб, унга "ҳа" ёки "йўқ" дея жавоб бериш мумкин эди.
Ушбу тадқиқотда оғриққа одамлар жисмоний жароҳатлар олмасдан ҳис қиладиган туйғу сифатида қаралади. Оғриқ дам олиш ва ишдаги унумдорликка таъсир қилади, соғлиқни сақлаш харажатларини оширади ҳамда гиёҳвандлик воситалари суиистеъмоли ва ўз жонига қасд қилиш хавфини оширади.
Маълумотлар таҳлили кам даромадли одамлар жисмида бойларга нисбатан кўпроқ оғриқни ҳис қилишини кўрсатган. Бу боғлиқлик киши фаровон ёки қашшоқ мамлакатда яшашидан қатъий назар сақланиб қолади.
"Тадқиқот натижалари салбий руҳий кечинма одамдаги оғриқ даражасига таъсир қилувчи асосий омил эканлигини тасдиқлади. Инсон ўз даромадини бошқалар, кўпинча тенгдошлариники билан солиштиради", дея хулоса қилган олимлар.