Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

17.05.2018


“КАМАЛАКЧА”НИНГ ЖИЛОСИ

Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳада хусусий секторнинг улушини ошириш орқали ўзаро ҳалол рақобатни шакллантириш, хусусий боғча ташкил этаётган ишбилармонларга имконият ва имтиёзлар яратиб бериш борасидаги ташаббусларидан руҳланган тадбиркор Олим Жалилов ана шундай лойиҳани амалга оширди.

Бинога киришингиз билан тадбиркорнинг бу ишга астойдил ёндашганини ҳис этасиз. Мўъжаз фаввора, кичик ҳовузча, эртак қаҳрамонлари... Буларнинг барчаси ўзида болаликнинг рангин дунёсини акс эттиради. Беихтиёр кайфиятингиз кўтарилиб, ҳавасингиз ортади.

-100 нафаргача болага таълим-тарбия беришни мақсад қилганмиз, - дейди муассаса мудираси Замира Жолдасова. - Бадиий гимнастика, спорт тўгараклари ташкил этаяпмиз, шунингдек, болаларга инглиз, рус тиллари ўргатилади. Қолаверса, қисқа муддатли мактабга тайёрлов гуруҳларини очишни режалаштирганмиз. Хуллас, ҳали барча режаларимиз олдинда. Ҳозир эса асосий эътиборни ҳамма ишларни профессионал тарзда ва босқичма-босқич ташкил этишга қаратмоқдамиз.

Очиғини айтиш керак, тадбиркор хусусий боғчадан фойда олишни кўзлайди. Бунинг учун эса энг аввало мижозлар ишончини қозонишни ўйлайди. Таълим ва тарбияни сифатли ташкил этишга, янги имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилади. Тадбиркор Олим Жалилов амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар ҳам бунга мисол бўла олади. Бинобарин, одамлар, яъни мижозлар ҳам сифат ва натижа бўлмаган ишларга пул сарфламайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: муассаса фаолиятидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo