Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

10.02.2018


КАМЧИҚИМ ИССИҚХОНА ҚУРИШГА ҚАНЧА МАБЛАҒ ЗАРУР?

Қарши тумани Мирмирон маҳалласида ўтказилган кўргазмали семинар ҳам айни шу мақсадни кўзда тутади. Тадбир Фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Нишон, Косон, Муборак ва Миришкор туманларидаги маҳаллалар фаоллари, аҳоли хонадонлари вакиллари, тажрибали томорқачилар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, тижорат банки ходимлари қатнашди.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги тегишли фармонига асосан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, аҳоли ихтиёридаги томорқа ерларини мақсадли ишлатиш самарадорлигини ошириш, ерга муносабатни ўзгартириш, одамларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш қайд этилган.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, кўргазмали семинар иштирокчилар учун ҳар томонлама фойдали, тушунарли ва маҳсулдор бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Томорқада чорвачилик, деҳқончилик, паррандачилик, қуёнчилик, боғдорчилик тармоғини йўлга қўйиш учун нималар талаб этилиши, харажатларнинг тахминий миқдори, зарур тавсиялар акс этган плакат ва баннерлар намойиш этилди. Тижорат банки мутахассислари эса ушбу мақсадлар учун молиявий кўмак ажратиш шартлари билан қатнашчиларни таништирди. Шу жойнинг ўзида иссиқхона қуриш жараёни кўргазмали тарзда бажарилгани барчага қизиқарли бўлди.

- Иссиқхона барпо этишнинг энг арзон усулини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик, - дейди Қарши туманидаги "Омонтепа очил қурилиш сантехника" хусусий корхонаси раҳбари Низомиддин Қосимов. - Биз таклиф этаётган  конструкция 1 сотих ерга мўлжалланган. Уни ясаш учун арматура, металл сим ишлатдик. Ҳисоб-китобимизга кўра, умумий харажат 3,5 миллион сўмни ташкил этади. Шу вақтгача кўплаб аҳоли томорқаларида шундай иссиқхоналарни қуриб бердик. Ушбу семинарда ҳам шундай иншоот қурмоқчи бўлганларга ўз маслаҳатимизни бердик.

Яна бир жиҳати, семинар давомида ҳар бир туман вакиллари ҳудуд аҳолиси томорқасида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўргазмага қўйди. Бу эса уста томор-қачиларнинг ўзаро фикр алмашишига шароит яратди. Сахтапиёзлик Самад Сатторов лимон ва унинг кўчатларини етиштириш, қумоталик Шоназар Эгамов мевали дарахт ниҳолларини парваришлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбир иштирокчилари Қарши  туманида томорқадан унумли фойдаланиб, юқори даромад олаётган хонадонга боришди.

Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Долли Аллаев сўзга чиқди. Бундай тадбир Яккабоғ тумани Мевазор қишлоғида ҳам ўтказилди. Унда вилоятнинг бошқа туманларида яшовчи томорқа ер эгалари қатнашди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo