1
Келинг, эслаб кўрайлик, адабиётда "Кандата ипи" ибораси қачон пайдо бўлганди? Албатта, қисқа ҳаёти давомида нафақат япон насрида, балки жаҳоний адабиёт бўстонида ўзига хос портлаш содир этган буюк ҳикоянавис Рюноскэ Акутагава ижоди мухлислари учун мазкур ибора сирини англаб етиш ортиқча қийинчилик юзага келтирмайди. Ҳа, ҳа, бу ерда унинг қаламига мансуб "Ўргимчак тўри" ҳикояси қаҳрамони Кандата онгида шак-шубҳасиз ҳалокат жаридан қутулиб қолиш илинжини уйғотган, ўргимчак тўқиган, кумушдек товланиб турувчи ип назарда тутилаяпти. Гарчи бу иборадан Сиз бирмунча хабардор бўлсангиз ҳам, унга илк дафъа дуч келаётган ўқувчи учун мазкур ҳикоянинг мухтасар баёни билан галдаги мулоҳазаларимизни бошласак...
Жаҳаннамда ўзи сингари осийлар билан бирга азоб чекаётган Кандата учига чиққан қароқчи бўлиб, умри давомида кўп одамларга озори теккан, ўлдирган, кемаларни раҳмсизларча талаган эди. Шундай бўлса-да, у ҳаётида бир мартагина яхшилик қилган, ўрмонда кўзи миттигина ўргимчакка тушиб, бошда оёғи билан уни босиб янчишга шайланади, кейин эса шахдидан қайтиб, ўргимчакни тирик қолдиради. Будда қароқчини шу яхшилиги учун дўзах азобларидан халос этишга қарор қилади ва нилуфаргул устига жаннат ўргимчаги тўқиган кумуш тўрдан нозиккина ипни олиб, жаҳаннам қаърига туширади. Дўзах синовларида азоб чекаётган Кандата боши узра тебраниб турган ипни кўриб, севиниб кетади. Ва арқонга осилиб, тепага чиқа бошлайди.
Унинг жаҳаннам қаъридан чиқиб олишига саноқли масофа қолганди, баногоҳ ўзидек бошқа гуноҳкорлар ҳам ортидан чумолидай турнақатор бўлиб, ипга осилиб чиқаётганини кўриб қолган қароқчи ипнинг узилиб кетишидан қўрқиб, овози борича бўкиради:
- Ҳей, дўзахийлар! Бу менинг ипим! Унга чиққани сенларга ким рухсат берди? Қани, чаққон-чаққон тушларинг пастга!
Шу пайт кумушранг ришта Кандата ушлаб турган жойидан чирс узилиб, у ҳатто "оҳ" дейишга улгурмай, чирпирак бўлиб айланганча зулмат қаърига қулайди...
2
Бўлажак ёзувчи Токиода 1892 йилнинг 1 марти тонготарида, қадимий япон вақт ҳисоби бўйича Аждар ойи, Аждар куни, Аждар соатида таваллуд топди. Шу боис унга Рюноскэ ("рю" иероглифи "аждар" маъносини беради) деб ном қўйишди. Тўққиз ойлик чақалоқ пайтида онаси ақлдан озгани учун, уни Токио префекти қурилиш бўлими бошлиғи бўлиб ишлайдиган бефарзанд катта тоғаси ўғил қилиб олади. Шу тариқа Рюноскэ Нинхара насабини йўқотиб, Акутагава насабини олади.
Ёшлигидан адабиётга ихлос қўйган Рюноскэ 23 ёшга кирганда илк икки ҳикоясини нашр эттиради. Ушбу ижод намуналари билан ўз даврининг буюк ёзувчиси саналган Нацумэ Сосэкининг (адибнинг ХХ аср япон ёшлари учун дастуриламал бўлган "Қалб" романи Нодира Аминова таржимасида "Жаҳон адабиёти" журналининг 2013 йил 5-7 сонларида эълон қилинган) эътиборига тушади. Бўлажак ёзувчи тарбия топган тоғасининг хонадонида япон ва Хитой қадимий битиклари, мумтоз мусаввирлар чизган суратлар кўп эди. Акутагава ёшлигидан шу хазина оламига муккасидан кетади, тез-тез бўлиб турадиган адабий баҳсларнинг нафақат кузатувчиси, балки фаол иштирокчисига айланади. Япон насри VIII-XI асрларда "моногатари"лар, шеърий баёзлар сўзбошиси "хасиганлар" шаклида яратилган. "Моногатари" япон тилидан таржима қилинганида "қисса", "нимадир ҳақда гапирмоқ" деган маъноларни англатади. Кунчиқар мамлакат тарихи Нара (VIII аср), Хэйан (IX-XII асрлар), Камакура (XIII-XIV асрлар), Мурамати (XV-XVI асрлар), Эдо даврларига (XVII-XIX асрлар) бўлинади. "Моногатари"лар ва кундаликлар ёзиш Хэйан даврида айниқса ўз чўққисига кўтарилган. Япон мумтоз адабиётининг энг йирик, муҳташам обидаси саналган, ўн биринчи аср бошларида тахаллуси Мурасаки бўлган адиба томонидан яратилган "Гэндзи моногатари" ("Гэндзи ҳақида қисса") романида қишлоқи ўғри ҳаётининг бир лаҳзасини тасвирловчи қисқагина ҳикоя келтирилади. Тирик қолиш илинжида муҳташам пойтахтга келган ўғри ўзи истаган бойликка эриша олмагач, Расёмон минорасида қашшоқ кампирни тунайди. Бошловчи адиб Рюноскэ Акутагава шу ривоят асосида биз юқорида таъкидлагандек буюк ёзувчи Н.Сосэки эътиборига тушган "Расёмон дарвозаси" деб номланган илк ҳикояларидан бирини ёзади. Ёзувчи маҳорати ва унинг мазкур ҳикояси билан "Тўқайда" новелласи синтезини бадиий фильмга айлантирган машҳур кинорежиссёр Акира Куросава фантазияси бугунга келиб "Расёмон" атамасининг дунёга донг таратишига йўл очиб берди.
3
"Гэндзи моногатари"даги ривоятдан фарқли ўлароқ Акутагава қаҳрамони ёвуз қароқчи эмас, хўжайини томонидан ишдан бўшатилиб, бир тишлам нон топиш илинжини ҳам йўқотган оддий хизматкордир. У тунги пайт юпунгина уст-бошда бир вақтлар донг таратган машҳур Расёмон дарвозаси тагида ёмғир тинишини кутиб ўтирибди. Дарвоза йиллар давомида қаровсиз қолдирилиб, хароба ҳолга тушган, ўғри-каззоблар ошён қурган бу гўша одамлар эгасиз майитларни ташлаб кетадиган маконга айланган. Вақт, борлиқ ва макон тасвири муаллиф томонидан шу даражада қуюқлаштириладики, ҳар қандай китобхон майитлар қалашиб ётган, ўлаксахўр қузғунлар чарх уриб юрган маскан манзарасини бемалол тасаввур этиб, кўнгли озганидан ижирғанади.
Япон адабиётшуноси Сёё Цубоути 1885 йилда эълон қилинган "Роман мағзи" эссесида шундай ёзади: "Бош мезон - инсон ботиний дунёсини ёрита билиш, ахлоқ, урф-одатлар кейинги мезон... кечинмалар - асар мағзидир". Акутагава "Расёмон" ибтидосида ҳар қандай ёвузлик кўринишларидан жирканадиган, жиноят йўлига киришга нисбатан очлик хуружидан ўлишни афзал кўрадиган киши образини чиза бошлайди. Ҳикоя қаҳрамонининг чўнтак кавлашга ҳожати йўқ, негаки у бўм-бўш экани аён, агар у яшаб қолишни истаса, ўғирликка қўл уриши лозим, аммо бу ерда тунайдиган ҳеч нарса йўқ. Юпун кийинган кимса ҳеч қурса тан-танидан ўтиб бораётган совуқдан биқиниб, тўйиб ухлаш илинжида бегона кўзлардан пана жой қидиради. Ногоҳ унинг нигоҳини минорага олиб чиқувчи, кенггина, қизил рангда локланган зинапоя тортади. Икки-уч зинадан юқорилагач, у ерда чироқ ёққан бир одам юрганини кўриб қолади. Агар шундай ёмғирли тунда Расёмон дарвозасида чироқ ёнаяптими, бу бежиз эмас. Майитларнинг қўланса ҳидидан юраги ағдарилиб бораётган хизматкор хиноки дарахти рангидаги кимоно кийган кампир қилаётган ишни кўриб ҳам ҳайратга тушади, ҳам ғазаби келганидан унинг боши узра қиличини ўйнатади. Ахир мурдаларнинг сочларини юлишдан ҳам тубанроқ ёвузлик бўлиши мумкинми? Маълум бўлишича, кампир мурдаларнинг сочини улама соч ясаб сотиш, шу йўл билан очликдан қутулиб қолиш учун юлаётган экан.
"- Ўликнинг сочларини юлиш ярамас иш, ростданам, - дейди кампир ўз хатти-ҳаракатларини оқлаш ниятида. - Аммо бу ерда ётган ўликларнинг ҳаммаси шунга лойиқ. Масалан, манави, мен сочини юлган хотин, илонларни тўртга бўлиб, тилимлаб, қуритарди-да, кейин сарой соқчиларига балиқ ўрнида сотарди. Агар вабо тегиб, ўлмаганида ҳозир ҳам шу ишни қўймаган бўларди. Тирикчилиги шундан эди-да!"
Хизматкор қиличини қинига солиб, дастагидан тутганча кампирнинг ҳикоясини совуққина тинглайди. Зотан кампирни тинглаётиб, унинг ҳам дилида "мардлик" уйғонаётганди. Боя пастда, зинапояда турганида етишмаётган "мардлик". Ва бу ички эмриниш зинапоядан югуриб чиқиб, кампирни ушлагандаги ҳолатининг мутлақо акси эди. Энди у очдан ўлиш ёки ўғирликни танлаш ўртасида сира иккиланмаётган, натижа ҳаракатини оқлашига буткул ишонганди. Шу ишонч қутқусида у ўғирликка, босқинчиликка қўл уради, кампирнинг чорпахил жуссасини ёпиб турган кимонони зўравонлик билан тортиб олиб, зинадан айланиб тушганича зулмат қаърига сингиб кетади...
4
Акутагава мазкур ҳикоясида шунчаки воқеани тасвирлаш билан кифояланиб қолмайди, балки реал воқелик таъсирида инсон қалби ботиний турланишларини ўз муаллифлик объектига айлантиради. Бу унинг ижод йўлидаги илк кашфиёти эди. Улкан адиб кейинги яратиқларида мазкур кашфиётни янада юксакроқ чўққиларга кўтарадики, хос китобхон беихтиёр ўзининг "Рюноскэ Акутагава мўъжизалари" аталмиш сеҳрли олам фуқаросига айланиб бораётганини тан олишдан ўзга чора тополмай қолади.
Абдунаби АБДИЕВ