Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Холис НАЗАР

08.05.2020


КАРАНТИН БЛОКПОСТЛАРИДАГИ “ПРОПКА”

Уни бартараф этиш чорасини кўриш учун ким буйруқ бериши керак?

Хабарингиз бор, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантин чекловлари аста-секинлик билан юмшатилмоқда. Хусусан, катта шаҳарлар, вилоятлар марказларида аввалига шахсий автомашиналардан куннинг маълум вақтларида, ҳозир эса “Яшил” сифатида тоифаланган ҳудудларда муайян мақсадларда исталган вақтда фойдаланишга йўл қўйилаяпти. Аниқ гигиена талаблари асосида такси хизмати ҳам кўрсатила бошланди. Шу жумладан, Қарши шаҳрида ҳам.

Ҳеч ким инкор этмайди, карантин жорий этилиши билан шаҳарнинг барча автомобиль йўллари орқали кириб келиш нуқталарида блокпостлар, ички йўлларда эса назорат постлари ўрнатилган эди. Карантин чекловлари юмшатилиши билан ички назорат постлари олиб ташланди, блокпостлар эса ҳамон ишлаяпти.

Аслида бунга эътироз йўқ, ҳамма гап ана шу карантин блокпостлари иши вазиятдан келиб чиқиб ўзгартирилмаётганида.

Мана қаранг, қатъий карантин чекловлари амалда пайтида шаҳарга ҳаракатланишига рухсат этилган якка-ярим автомашина кириб келган бўлса, энди бу оқим жуда катта. Блокпостлар  ўтказувчанлик қобилияти эса ўша-ўша, ўтиш қисми уч метрнинг нари-берисида. Натижада ҳар куни шаҳар томон ошиқаётган инсонлар бошқарувидаги автомобиллар километрларга чўзилган тиқин (пропка)лар ҳосил қилмоқда. Айниқса бу ҳолат тонгдан тушга қадар яққол кўзга ташланади. 

Кеча Қарши шаҳрига Косон томондан кириб келишда ўрнатилган блокпостда хизмат олиб бораётган йўл-патрул хизмати ходимига аҳволга ишора қилиб: “Ҳолатни раҳбариятга етказиб, ўтиш жойини кенгайтириш чорасини кўрса бўлмайдими?”, дедим. “Ҳамма шундан ўтсин дейишаяпти”, деган жавоб олдим. Демак, юзага келаётган мавжуд ҳолатдан раҳбарият, масъуллар хабардор. Лекин ҳеч ким масалага ечим топишга ошиқаётгани йўқ.

Бугун яна шу ердан ўта туриб, бошқа бир ЙПХ ходимига кечаги таклифсифат саволимни бердим, қўшимчасига барибир ўтиш жойида ўрнатилган автоматик дезинфекциялаш ускунаси ишламаётганига ишора қилдим. Жавоб бу гал анча кескин бўлди: “Сиёсат бу, шу ердан ўтасиз. Аппаратнинг суви ҳозир қомай қолди, солса яна ишлайди”.

Аслида карантин блокпостидан автомобилларнинг битта-битта ўтказилаётгани сабаби ҳам шу – дезинфекциялаш иддаоси. Бироқ ишлаб турган вақтидан ишламай ётгани кўпроқ бўладиган ўша дорилаш ускунаси менга кўзбўямачиликдан бошқа нарса бўлиб кўринмаяпти. Нари борса 200 литрлик сиғимга эга елим идишдан диаметри 20-25 миллиметрлар атрофидаги қувур орқали босим остида тўхтовсиз ўнлаб тешиклардан пуркаб турилган дезинфекциялаш воситаси қанчага ҳам етарди?! Шунинг учун ишлаганидан ишламай тургани кўпроқ бўлаётгандир ўша дорилаш аппаратининг?

Ишонч билан айта оламанки, ушбу мулоҳазаларим кенг жамоатчилик учун эълон қилингач, масъуллар бу фикрларни инкор этишга ҳозиру нозир туришибди. Бинобарин, кейинги пайтларда маҳаллий давлат бошқаруви органлари мансабдорлари кимдир кўтараётган муаммонинг илдизини қидириш, муҳокама этишдан кўра, уни жамоатчилик ҳукмига олиб чиққан одамдан душман, “провокатор” ясаб, тийиб қўйиш амалиётини жуда хуш кўришаяпти. Бунда уларга мансаб ваколати берадиган расмий ёки норасмий бўлсин имкониятлар қўл келиши турган гап. Яна ўша ташкилоту органнинг матбуот хизмати ҳам аҳвол қандай бўлишидан қатъи назар раҳбарлари билан якдил қолади, бу аниқ.   

Умуман, километрларга чўзилаёгани кузатилаётган  карантин блокпостларидаги тиқин (пропка)ларни бартараф этиш осон. Бунинг учун хоҳиш керак, холос. Кимдандир буйруқ, кўрсатма кутиб ўтириб, бунга эришиб бўлмайди. Бу аниқ. Масала шаҳарга кириб келаётган ҳар бир автомашинани дезинфекциялаш иддаоси билан хаспўшланар экан, блокпостдаги ўтиш жойини кенгайтириб, қўшимча автоматик дорилаш ускунаси ўрнатиш орқали улар сонини икки, учтага етказиш ҳолатни кескин юмшатади. Бор-йўғи шу...

Холис НАЗАР

 

        

               

 

 

   

   

 

 

 

Report typo