Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

23.06.2020


КАРАНТИН ЭКСПОРТГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР КЎРСАТДИ?

Брифинг

Коронавирус инфекцияси туфайли карантин жорий этилганига қарамай, ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида вилоят божхона бошқармаси томонидан шу йилнинг ўтган даврида 376 миллион АҚШ долларидан ортиқ товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, воҳа тадбиркорлари томонидан қарийб 33 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга жўнатилди.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Маҳмадалиев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган брифинг чоғида айтиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек, “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари доирасида бажарилаётган ишлар, 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.

 Қайд этилишича, 2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига беғараз тақдим этадилар. 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилади. 1 ноябрдан эса божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади. Божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади, Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади. Қолаверса, фармон билан божхона органлари зиммасига қўшимча вазифа ва ҳуқуқлар берилмоқда.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган кўплаб масалалар, хусусан, экспорт қилинаётган мевалар хорижга етиб боргач, ҳолати талабга жавоб бермагани учун қайтариб юборилаётгани, контрабанда маҳсулотларини айланма йўллар орқали олиб ўтишга уриниш ҳолатлари бўлаётгани, ўтган йил давомида қанча заъфарон маҳсулоти экспортга чиқарилгани, кейинги вақтларда халқаро юк ташувчилар ва божхоначилар орасида ҳам коронавирус юқтириш ҳолати кузатилаётгани, вилоятимизда бунинг олдини олиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 ойи давомида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан 107 та қонунбузилиш ҳолатларида умумий қиймати 255 миллион сўмга яқин товар моддий бойликларининг давлат фойдасига мусодара қилинишига эришилган.

2019 йилда 5 миллион 100 минг долларлик заъфарон экспортга чиқарилган.

Божхона постлари эса доимий дезинфекция қилиниб, ходимлар махсус ҳимоя кийимлари, воситалари билан таъминланган. Чегара постларида халқаро юк ташувчи транспорт воситалари учун автотураргоҳлар ташкил қилинган, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари жалб қилинган ҳолда тегишли тадбирлар ўтказиб борилади. Халқаро ҳайдовчилар эса келишлари биланоқ тест топшириб, 14 кунлик карантинга олинади. Бунинг натижасида ҳозиргача вилоятда халқаро юк ташувчилар ва божхоначилар орасида вирус юқтириш ҳолати кузатилмади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo