Кези келди айтмоқнинг
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакатида қарийб 20 миллион гектарга яқин майдонда картошка етиштирилиб, дунё бўйича ўртача ҳосилдорлик гектаридан 16 тоннани ташкил этар экан.
Аммо картошкачиликда юқори тажриба тўплаган АҚШ, Франция, Германия, Нидерландия, Россия, Польша каби мамлакатлар деҳқонлари ҳар гектар майдондан 45-48 тоннага қадар ҳосил олишмоқда.
Хўш, улар бу натижага қандай эришаяпти?
Сабаби аён: сифатли уруғлик, гибрид ва серҳосил навлар, юқори самарали кимёвий воситалар, органик ва минерал ўғитлар, томчилатиб суғориш тизимлари ҳамда соҳада қўлланилаётган замонавий техника воситалари муваффақиятнинг асосий омили бўлмоқда.
Шунга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам картошкачиликни ривожлантириш, соҳада юқори самарадорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Ишларнинг тизимли бажарилишини таъминлашга қаратилган Президент қарорлари, ҳукумат дастурлари қабул қилинмоқда. Лекин нима учундир, натижадан дарак бўлаётгани йўқ.
Вилоятимиз мисолида олиб қарайлик.
Масалан, Китоб, Шаҳрисабз ҳамда Яккабоғ туманлари иқлим ва тупроқ шароитига кўра картошка етиштириш учун жуда қулай. Ҳудуд аҳолиси ҳам бу борада катта тажрибага эга. Томорқасида картошка парваришлаб, тонналаб ҳосил олаётган деҳқонлар кўп. Бироқ бу ишни ушбу туманлар миқёсида кенг оммалаштириш, уруғчиликни ривожлантириш, картошка етиштириш салмоғини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳозирча самара бермаяпти. Йўлга қўйилган тизим кимларнингдир манфаати учун хизмат қилаётгандек.
Бундай дейишимизга, қуйидаги асослар сабаб бўлмоқда.
2018 йилда Президентнинг республикада уруғлик картошка етиштиришни янада ривожлантириш чоралари тўғрисидаги қарорига асосан, тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, республикада 8 та туман, шу жумладан, вилоятимизнинг Китоб ҳамда Шаҳрисабз туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланган эди. Ушбу туманлардаги деҳқон ва фермерларга хориждан сифатли уруғлик картошка етказиб берадиган таъминотчи корхона сифатида эса Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган "Imkon agro" масъулияти чекланган жамияти танланди. Масъул раҳбарлар эса дарҳол фермерларни ғалла ўрнига иккинчи экин сифатида картошка экиш учун таъминотчи корхона билан шартнома тузишга ундай бошлади. Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан ташқари Чироқчи, Қамаши ва Яккабоғ туманларидан ҳам кўплаб фермер хўжаликлари қўшилиб, таъминотчи корхонага жами 11 миллиард 798 миллион сўм маблағни олдиндан ўтказиб беришган.
Шартнома бўйича уруғлик етказиб беришнинг охирги санаси ўша йилнинг 15 июни этиб белгиланган бўлса-да, "Imkon agro" МЧЖ 699 та фермер хўжалигига қиймати 6 миллиард 622 миллион сўмлик 887 тонна уруғлик картошкани мавсум сўнгига қадар ҳам етказиб бермаган. Натижада вилоятда 296 гектар ер майдонига картошка экилмасдан қолиб кетган, фермерлар кўрилган зарар, олган кредитларини бошқа тармоқлари ҳисобидан қоплашга мажбур бўлган.
Бу йил вилоятда картошкачиликни ривожлантиришга туртки бўлиши кутилган яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди.
Президентнинг шу йил 6 майдаги республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ республикамиз бўйича 40 та туман, вилоятимизда эса 3 та - Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита ва элита авлодларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхатига киритилди. Ушбу туманларда 5 минг 100 гектар майдонга такрорий экин сифатида кузги картошка экиш режа қилинди.
Бу кичик майдон эмас. Ана шу жойнинг ўзидан 100 минг тоннадан ошиқ ҳосил олиш мумкин. Ўтган 2019 йилда вилоят бўйича 171,5 минг тонна картошка етиштирилганини ҳисобга олсак, бу йил жуда катта натижа кутилаётган эди. Аммо август ойининг ярми ўтиб бормоқдаки, ҳали ушбу майдоннинг 10 фоизига ҳам уруғлик қадалгани йўқ.
Яна савол пайдо бўлади: хўш, нега?
Турли оммавий ахборот воситалари томонидан Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб тарқатилган хабарларга кўра, яна таъминотчи корхона - "Egoist AST" МЧЖ фермерларни чув туширган.
Айтилишича, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги 656 фермер хўжалигига "Egoist AST" МЧЖ томонидан 44,8 миллиард сўмлик 6400 тонна картошка уруғлигини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган. Унга асосан, 656 фермер хўжалигига ажратилган 23,6 миллиард сўм пул кредит маблағлари "Egoist AST" МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган.
Ўрганишда МЧЖ Россиянинг "Альтекс" МЧЖдан олиб келган 498 тонна картошка уруғлигидан 394 тоннаси яроқсиз деб топилгани, 104 тоннасига мувофиқлик сертификати берилгани ва 60 тонна "Удача" навли картошка уруғлигини мамлакатимиз ҳудудида экиш белгиланмагани аниқланган, дейилади хабарда.
Таъминотчи корхона масъуллари эса бу иддаоларни рад қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, фермерларда картошка экишга хоҳиш йўқ. Улар уруғликни олиб кетганидан сўнг ҳам узоқ вақт давомида экмай, белгиланмаган шароитда сақлаган ва маҳсулот ўз сифатини йўқотгач, бундан шикоят қилган. Ҳолатни ўрганган масъул ташкилотлар ходимлари эса корхонанинг уруғлик картошка сақланаётган махсус шароитга эга совуткичли омборхоналарини бир неча кун давомида асоссиз тамғалаб қўйишган. Натижада қолган маҳсулот ҳам ўз сифатини йўқотиб, тадбиркор бундан жуда катта зарар кўрмоқда.
Хуллас, бу борада охирги сўзни суд айтади.
Бизнингча эса уруғлик танлаш, кимдан сотиб олиш, қачон ва қанча майдонга картошка экишни фермерларнинг ўзига қўйиб бериш керак. Қачонки, таъминотчи корхоналар ўртасида ҳам, маҳсулот етиштирувчилар ўртасида ҳам ҳалол рақобат ривожлансагина, бу борада самарадорлик кўзга ташланиши мумкин. Акс ҳолда эса, юқоридаги каби можаролар давом этаверади. Картошкачилик ривожидан эса нишон йўқ.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ