Инобат ҲАМИДОВА, “Photo Express” хусусий ишлаб чиқариш корхонасининг босмахонаси ходими:
- 1980 йилда ўрта мактабни тугатиб, бир иш билан вилоят босмахонасига келгандим. Бу ердаги иш жараённи кўриб, меҳрим тушиб қолди ва шу ерда ишлашга аҳд қилдим. Уйдагиларга бу ҳақда айтганимда, аввал рози бўлишмади. Чунки оиламиздагилар ҳаммаси савдо соҳасида меҳнат қиларди. Ота-онамнинг эътирозига қарамасдан босмахонага ишга келдим.
Мени муқовалаш цехига ишга қабул қилишди. Бу ерда ишни устозларим Файима, Сония ва Муборак опалардан ўргандим. Уларнинг ҳар бири шундай самимий ва меҳрибон эдики, айни пайтда оламдан ўтиб кетган бўлишса-да, уларни ҳалигача тез-тез эслаб тураман. Менга қилган яхшиликлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Устозлардан ўрганганларимни ўзим ҳам шогирдларим Нигора Расулова, Зайнаб Рўзиева, Мавжуда Шодмоновага қунт билан ўргатдим.
Кўз очиб юмгунча матбаачилик соҳасида ишлаганимга ҳам қирқ йилдан ошибди. Шу вақт ичида, босмахоналар фаолиятида катта-катта ўзгаришлар рўй берди.
Бир пайтлар мен ишлайдиган муқовалаш цехида барча жараёнлар қўл меҳнати билан бажариларди. Китоб, иш журналлари муқоваларини қўлда елим билан битталаб ёпиштириб чиқардик. Шу сабабли битта цехда 20 нафаргача ишчи меҳнат қиларди. Энди эса бошқача. Ҳамма жараёнлар замонавий технологиялар асосида бажарилади. Шу сабабли иш унумдорлиги ҳам юқори. Айни пайтда ушбу цехда 5 нафар ходим ишлайди.
Биз билан ёнма-ён хонада линотип цехи бўларди. У ердаги жараённи айтадиган бўлсам, мақолалар матнини териш учун “Линотип” деб номланадиган машинада аввал қўрғошин эритиларди. Сувдек суюлиб қолган қўрғошин кичкина ҳарфлар қолипчаларига қуйилиб, матрица ясаларди. Газетанинг бир қатор ёзуви – битта матрица эди. Энг ёмони – шу бир қаторда бирорта имловий хато ўтиб кетса, ҳамма иш бошқатдан қилинарди. Агарда қолипга қўйилган металл, яъни бутун газета саҳифаси тўкилиб кетса борми... Босмахонада мана шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун ишга ўта масъулият билан ёндашиш талаб этиларди.
Эски замонга айланган ўша даврда кўрган машаққатларимизни санайверсанг, эсинг оғиб қолиши ҳеч гапмас. Айниқса ишчиларнинг қўрғошин билан ишлаш, уларнинг саломатлигига шунчалик кучли таъсир кўрсатардики, ҳатто кўпгина ходимлар пенсия ёшига етмасдан касб касаллиги бўйича нафақага чиқиб кетарди. Зах хоналарда, бетон устида тик туриб ишланарди. Зах ўтмаслиги учун ҳар бир ишчи оёқлари тагига тахта қўйиб оларди. Айниқса, қишда совуқ хоналарда ишлашнинг ўзи бўлмасди.
Бугун эса босмахона кўриниши бутунлай бошқача. Хоналар пол тагидан ўтказилган исситиш тизими ёрдамида иситилади. Қишда иссиқ, ёзда эса салқин хоналарда ишлаймиз. Кранларни очсангиз иссиқ, совуқ сув ҳар доим келиб турибди.
Севган касбим ва мана шундай шароитлардан воз кечолмай, бугун нафақага чиққан бўлишимга қарамасдан, ҳалиям ишлаб юрибман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча фидойи матбаачиларни ва босмахонамиз ҳамкорлари бўлмиш вилоятдаги газеталар ижодкорларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклайман.