Матбуот анжумани
Касби туманида 2021–2022 йиллар давомида тегишли инвестиция дастурлари доирасида 4 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Касби туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
Жумладан, айни пайтда туманда “Касби silk” МЧЖ томонидан 100 та иш ўрни мавжуд бўлган пиллани қайта ишлаш корхонаси барпо этилмоқда.
Яна бир йирик лойиҳа эса “Naxshab tex group” масъулияти чекланган жамияти томонидан тақдим этилган. Жамият ташаббускорлари ҳудудда қиймати 69,5 миллиард сўмни ташкил этадиган тикувчилик фабрикаси ва чорвачилик комплексини қурмоқчи. Ушбу лойиҳа асосида 1050 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Ғаллачилик кластери кўринишида фаолият юритаётган “Asqae trans gold” МЧЖ эса донни қайта ишлаш цехи ва паррандачилик комплекси қуриш ташаббусини илгари сурмоқда. Қиймати 83 миллиард сўмга тенг бўлган ушбу лойиҳа асосида 190 та иш ўрни яратилади.
Ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилаётган яна бир йирик лойиҳа эса “Kainvest gluster” қўшма корхонасининг пахтани беш босқичда қайта ишлаш ташаббусидир. 95 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этиладиган ушбу корхонада 2490 нафар киши меҳнат қилади.
Бундан ташқари, туманда саноат йўналишида яна бир қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев Касбида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб ҳунарга ўқитиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар