Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

26.07.2018


КАТТА ОДАМ

Баъзан байрам кунлари “Мана буларни “момошка”га ташлаб кел”, деб ҳайдовчисини жўнатиб юборарди. У волидасини ҳеч қачон она демас, институтни битириб, эл кўзига кўринадиган одам бўлгандан бери “момошка” деб атарди. “Момошка” онаси, тўғрироғи, уларнинг қишлоғи шеваси билан айтганда энаси жуда меҳнаткаш аёл эди. Ёшлик пайтларидан далада ишлаган, ягана, чопиқ, ипак қурти боқиш, пахта териш сингари ишларнинг ҳеч бири Кунсулув момодан қочиб қутула олмаган. Ҳамиша илғор бўлиб мукофотлар олиб юрган.

Куз келиб ариқдаги сувнинг оқиши секинлашгандек, кексаявергач қадамлар ҳам, ҳаракатлар ҳам ўзига яраша бўлиб бораверар экан.  Кунсулув момо 65-70 ёшга кирганда ҳам даёв эди, ўғлиникига ўзи келиб кетарди. Қишлоқдан “маршрутка”да келарди-да, кетишида Раҳматжон машинасида жўнатиб юборарди. Айниқса, баҳор пайтлари эна ўғлиникига серқатнов бўларди. Чунки ўғли сумалакни, тандирда ёпилган исмалоқ печакни яхши кўрарди. она кўклам кўрки ўтгунча ўғлига гоҳ сумалак, гоҳ печак олиб келишдан чарчамасди. Кейинги йилларда анча кексайиб оёқлари ўзига бўйсунмай, кўзлари ҳам хира тортиб қолди.

Чоли вафот этгач, Раҳматжонга атаб қурилган ҳовлида ёлғиз қолди. Қизи Манзура қўярда-қўймай онасини уйига олиб кетди ва дўхтирларга кўрсатди.

“Онани кўп безовта қилманглар, кексалик-да”, дейишди шифокорлар. Манзура бир гал акасининг ишхонасига келди. Қабулида одам кўп экан, навбатда туриб олдига кирди (мақсади акаси билан ёлғиз гаплашиш эди).

- Ака, энамни уйингизга олиб келинг, сизни кўп йўқлайди, - деди у қимтиниб акаси эмас, бегона қаршисида тургандек. - Куёвингиздан ҳам қисинаман. Энам юролмай қолди. Болаларнинг ҳар қайси ҳар жойда, мен мактабдан келгунча бир аҳволда ётади, қийналиб кетди, - деди йиғламсираб у.

Раҳматжон синглисига узоқ тикилиб турди-да, кейин ўрнидан туриб сейфни очди ва бир даста пул олиб, унинг ёнига қўйди.

- Мен сенга яна пул етказиб тураман! ўзинг амаллайвер, олиб келишнинг сира иложи йўқ, тушундингми?

У ўрнидан туриб қоғозларини йиғиштира бошлади. Тошдек қотган Манзуранинг бир зум нима бўлаётганига ақли етмай қолди. Кейин ҳаммасини тушунди. Унинг қаршисида болалик пайтларида онаси берган қаймоқни талашиб бирга ейдиган акаси эмас, ҳамма нарсани пулга чақадиган бағритош бир одам турганини кўрди ва юрагида ғазаб уйғонди. Пулни нари итариб бир оғиз сўз айтолди:

- Эсиз энам.

У хонадан югуриб чиқиб кетди.

Сиглиси нима деди? Эсиз энамнинг тарбияси, дедими, эсиз сенга нисбатан меҳри, дедими? Раҳматжон тушунолмади. Шу билан Манзура қайтиб келмади. Раҳматжон хотини билан қизини онасидан хабар олиб келиш учун юборди.

- Кириб чиқолмасалар, ҳолига қараб овқатни камроқ ейиш керак-да, - деб гап топиб келди хотини.

Тонг пайти онасининг оламдан ўтгани ҳақида хабар келди. У анча пайтгача меровсираб ўтирди. Нима бўлганига ақли етса ҳам идрок этолмас, “Нега ўлади, нега?” деган фикр миясидан нари кетмасди. Онасини кўрмаганига ҳам анча пайт бўлмадими? Икки ҳафтача олдин қўшни тумандан тўйдан қайтаётиб, кечаси йўл-йўлакай кирган эди. Оппоқ тўшакда ранглари сарғайиб, чуваккина бўлиб ётган онаси қоқсуяк қўллари билан унинг  сочлари оқарган бошини силаган, узундан-узоқ дуо қилган эди. “Умринг узоқ бўлсин, болам. Фарзандларинг роҳатини кўр”. Онаси уни ёш боладек эркалаши кулгили туюлганди ва қўл учида хайрлашганди. Аммо мана бу хабар унинг хаёлларини остин-устин қилиб юборди. Энасининг ўлими ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган экан. Хотинининг “Туринг дадаси, тўн билан дўппини кийинг, вақтлироқ бориш керак” деган овозидан ўзига келди. Хотини тахи бузилмаган дўппи билан онаси туғилган кунига тикиб келган тўнни тутиб турарди.

... Кунсулув момонинг маъракасига кетадиган барча харажатларни куёв кўтарди.

- Нима камчилик бор,- деб сўраган Раҳматжонга:

- Энамнинг ўз нарсаси ўзига етиб ортади, - дея жавоб берди Манзура.

Ҳамма қабристонни тарк этаётган бўлса ҳам, Раҳматжон онасининг қабри ёнида тиз чўкканча қимирламай ўтирарди.

- Кетдик тоға, - деди кифтидан тутиб жияни. Раҳматжон бош ирғади, йиғи томоғини бўғиб олганидан овози чиқмасди. Шунда кексароқ бир чол “Тегманглар, йиғлаб юрагини бўшатиб олсин, онаси тиригида вақти бўлмаган-да”, - деди.

Раҳматжоннинг қабрга бошини қўйиб “Энажон” деб уввос тортиб бақириб юборганини атрофдагиларнинг ҳаммаси эшитди. Фақат, фақат Кунсулув момо, онаси эшитмади...

Бўстон РАҲМОНОВА

Report typo