Вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида 10 та ҳолатда оғирлиги 18 килограмм 259 грамм гиёҳвандлик моддалари ҳамда 4 та ҳолатда 109 дона турли номдаги психотроп моддалар ноқонуний ҳаракатининг олди олинди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ҳуқуқбузарлардан олинган “заҳри қотил”нинг асосий қисмини опий гиёҳвандлик моддаси ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, гиёҳвандлик воситалари ташувчилари бу “заҳри қотил”ни кўз илғамас жойларда, мисол учун, авто, темир йўл ва дарё транспорт воситаларининг турли яширин жойларида, мева-сабзавотлар ичида, қўл юклари, маиший буюмлар, кийим-кечаклар орасида, инсон танаси, ҳатто ички аъзоларига яширган ҳолда олиб ўтишга уринмоқдалар.
Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳаётга енгил-елпи қаровчи айрим кишилар, айниқса, ёшларнинг ҳамон бу оғу комига тушиб қолаётгани ачинарли.
Мисол учун, 2016 йил 10 май куни Сурхондарё вилояти Термиз туманида ўтказилган тадбирда Амударё дарёсининг чап қирғоғига яқин бўлган ҳарбий қисмнинг чап тарафлама ҳудудидан ер дастлаб кавланган ва сўнгра кўмилган жой шубҳа остига олиниб, текшириб кўрилганда, полиэтилен қопга жойлаштирилган оғирлиги 3 килограмм 755 грамм опий гиёҳванд моддаси аниқланган.
Шунингдек, 2016 йил 31 март куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Света Раҳматованинг (ҳуқуқбузарнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) юклари унинг ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида рентген аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганда турли хилдаги дори воситалари орасига яширин тарзда жойлаштирилган 12 дона “Феназепам 2,5 мг” ёзувли таблетка борлиги аниқланди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан фуқаро Света Раҳматовага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жазо чоралари қўлланилди.
Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,
вилоят божхона бошқармаси божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бошлиғи.