Фотонигоҳ
Ҳақиқат таққосларда кўринади, дейишгани рост. Сиз суратда кўраётган ушбу манзаралар Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда "Ватанпарварлар боғи"даги сунъий кўлларнинг кечаги ва бугунги ҳолатлари.
Кечаги манзаралар, сувнинг мавжланиб оқиши, фавворалар, ён-атрофи гулу гулзор, қайиқларда сузиб юрган ёшлар қувончи, гўзал манзаралар киши кўнглини қанча чароғон этса, бугун кўзга ташланиб турган - қуриган, кўлмаклари бижғиб ён-атрофга бадбўй таратаётган, қаровсизлик, хароб бир аҳвол дилни хуфтон этмасдан қолмайди.
Биласиз, карантин чекловлари сабаб истироҳат боғлари, паркларда сайру саёҳат чекланди. Бу тегишли масъуллар учун издан чиққан ишларни тартибга солиш, қуриган, кўлмакка айланган кўлларни тозалаш, чиқиндиларни чиқариб ташлаш, синган, йиқилган панжараларни ўнглаш, ён-атрофдаги манзарага бир қур кўз югуртириш учун қулай фурсат эди.
Аммо кўриб турибсизки, истироҳат боғлари мутасаддилари "Барибир карантин-ку, паркка ким ҳам келарди" қабилида иш тутиб, барчасини ўз ҳолича қолдирган - "фойда йўқми, иш ҳам йўқ" дегандай...
Бундан ташқари, "Ватанпарварлар боғи"даги сунъий кўл барпо қилинганига ҳали қанча вақт ўтдики, бирданига сув юрмай қолса? (Шу жойда уддабурону тезкор қурувчиларимизнинг маҳорати ҳам кўриниб қолади...)
"Паркда айланиш бепул" деб ёзиб қўйилгани билан бу ерда тўй-тантаналар чоғи куёвжўралардан енг учида 20-30 минг сўмдан ундиришгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша пулларнинг бир қисми кирим қилиниб, уёқ-буёқ бўяб-таъмирлаб қўйилганида ҳам олам гулистон бўларди.
Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида мармар панжаралар устидаги синган "шар"ларни қуриган кўлнинг ўртасига тўплаб қўйишибди, худди бильярд столига "соққа" тахлагандек. Бунинг ўрнига уларни жой-жойига қўйиб, таъмирлаб-тузатиб қўйишса, айни мантиқдан бўлармиди?!
Нима бўлганда ҳам паркларимизни янада яшнатиш ҳам, бундан-да хароб этиш ҳам ўз қўлимизда. Озгина эътибор, меҳнат билан кўп нарса ўзгаради...
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.