Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.АБДУЛЛАЕВА

17.08.2017


КЕЧАГИ АБИТУРИЕНТ – БУГУН ТАЛАБА

Талаба бўлишни ҳар бир абитуриент истайди, бироқ қабул квоталари қатъий белгиланган. Шу боис, талаба бўлиш билими кучли, пухта тайёргарлик кўрган ва албатта, омадли йигит-қизларга насиб этди. Қарши давлат университетида ўқиш истагида бўлганлар сони 29 минг 529 нафарни ташкил этганди. Талабалик бахти эса улар орасидан фақат 1400 нафарига насиб қилди. Шундан 390 нафари давлат гранти асосида ўқийди. Қолган 1010 нафар йигит-қиз эса тўлов-контракт асосида таълим олади. Улар орасида Қарши тумани Манғит қишлоғилик Азиза Норқулова ҳам бор.

- Қарши шаҳридаги 1-академик лицейни тамомлаб, ўтган йили ҳам шу университетга ҳужжат топширгандим, - дейди у. – Аммо ўқишга киролмагандим. Ўтган бир йил мобайнида пухта тайёргарлик кўрдим, тинмай ўқидим. Мана, меҳнатларим зое кетмади. Тест синовида 122 балл тўплаб, университетнинг информатика ўқитиш методикаси йўналишида тўлов-контракт асосида ўқиш имконига эга бўлдим.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида қабул квотаси бўйича белгиланган 1800 ўриннинг омадли эгалари номи ҳам маълум.

- Ўқишга биринчи йил топширишим, - дейди қувончи чексиз Дилнура Неъматова. – Аммо йиллар давомида бунга ҳозирлик кўриб, билимимни мустаҳкамлаб борганим менга қўл келди. Тестда 121 балл тўплашга муваффақ бўлдим ва шу институтнинг кимё технологиялари факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Таълим даргоҳида ўқиб, зарур билимларни эгаллаб келажакда етук мутахассис бўлиб етишаман, деган ниятдаман.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида бу йилги қабул квотаси 270 ўриндан иборат қилиб белгиланган бўлиб, бу ўринларда кимлар таълим олиши ҳам энди аниқ. Шундай омадли талабалардан бири – Косон туманилик Феруза Санаеванинг айтишича, бу унинг иккинчи уриниши.

- Бу йилги тест саволлари ўтган йилгига нисбатан осонроқ келди, - дейди у. – Қолаверса, ўзим ҳам бир йил давомида фурсатни ғанимат билиб, тинмай ўз устимда ишладим, ўқидим, изландим. Шунинг натижаси ўлароқ 117,3 балл йиғиб, тўлов-контракт асосида шу ўқув даргоҳининг телекоммуникация факультетига ўқишга кирдим.

Хуллас, абитуриентдан талабага айланганларнинг бугун қувончи чексиз. Омади чопмаганлар эса янаги йилги тест синовларига пухта ҳозирлик кўришлари лозим. Келаси йили, албатта, улар ҳам кўзлаган мақсадларига етишларига шубҳа йўқ.

Х.АБДУЛЛАЕВА

Report typo