Кечиримлиликнинг қанчалик буюклигини Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинганидан ҳам билса бўлади. Аллоҳ бандаларини ҳам бир-бирларининг хато камчиликларини, айб-гуноҳларини кечиришга буюрган: "...балки (уларни) афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?!" (Нур, 22), "(У тақводор зотлар)... одамларнинг (хато-камчиликларини) кечирадиган кишилардир, Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади" (Оли Имрон, 134), "Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (ўч олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир" (Шўро, 43).
Олий хулқли жаноби Пайғамбаримиз бу борада умматга энг катта ибрат бўлганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ алайҳиссалом бирор кишини ё хотинларини, ёки ходимларини қўллари билан урмадилар. Ва яна бирор киши томонидан ўзларига етган озор учун ўч олмадилар. Фақатгина Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, Аллоҳ учун ўч олардилар" (Муслим ривояти).
У зотнинг ниҳоятда кечиримли бўлганлари ҳақида ислом тарихида мисоллар жуда кўп. Бир умр мусулмонларга душманлик қилиб, ҳатто Расулуллоҳнинг бошларига оғир кунлар солган мушриклар раҳнамоси Абу Суфённи ҳам, Амир Ҳамзадай улуғ саркардани ўлдирган Ваҳшийни ҳам кечириб юборганлари кечиримлиликнинг олий намуналари ҳисобланади.
Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, чопонларидан қаттиқ тортган, ҳатто чопон ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: "Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер", деб қўпол муомала қилганида ҳам Расулуллоҳ унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Кечиримли бўлиш иймондандир. Кечиримли киши хато ва камчиликларнинг илдизини синчковлик билан англайди ва уларни виждон тарозисида обдан, холисона ўлчайди, инсоф ва адолат ўлчовига амал қилади ва тўғри ҳукм чиқаради.
Алишер Навоий "Ҳайрат ул-аброр"да ҳикоя қилишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, хизмат даражаси баковуллик экан. Кунлардан бир куни базм вақтида фалокат босиб, бир тошга қоқилиб, иссиқ ошни подшоҳнинг бошига тўкиб юборибди. Одамлар: "Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шудир!" дейишибди.
Шоҳ эса қулнинг хафалигини кўриб, гуноҳини кечирибди ва уни озод қилиб юборибди. Шунда вазир дебди:
- Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?
Шоҳ завқ қилиб, лутф билан дебди:
- Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган...
Кечиримли киши ҳасад, туҳмат, таъма ва ёлғондан ҳазар қилади, жаҳолатдан ўзини сақлайди. Агар у жоҳилга дуч келиб қолса, қизишмайди, ғазабига эрк бермайди, гина, кек, адоват сақламайди.
Афсус, кундалик ҳаётда гоҳо ўта қаттиққўл ва ҳаддан зиёд мутакаббир, калондимоғ кишилар ҳам учраб туради. Ундайлар ўзгаларни ёмонлаш, тазйиқ ўтказиш, танбеҳ бериш ва жазолашни яхши кўради. Тирноқ остидан кир қидириб, кичик бир қусурни ўта бўрттириб кўрсатади. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмасми, демак, бировни ёмонлаш ёки ўринсиз жазолашдан олдин ўзини ҳам бир текшириб қўйсин, камчилик-қусурларига ойна тутсин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақ йўлда ўзимизга етадиган озор-азиятларга сабрли бўлиб, бошқа кишиларнинг билиб-билмай етказаётган азиятларига нисбатан кенгбағирли ҳамда кечиримли бўлишимизни насиб айласин!
Фурқат ЖУМАЕВ,
Қарши шаҳридаги "Араловул" жоме масжиди имом-хатиби