- Ҳар сафар мактабга кетаётганимда болаларга “яхши ўқинглар болаларим”, дегани-деган. Бир гал панд-насиҳатларини эшитиб, мактабга кеч қолдим. Ўқитувчимиздан танбеҳ эшитдим. Кийимига аллақандай тангалар осиб олганми-ей, юрса шақир-шуқур қилади. Бугун эрталаб ҳам йўл четида ўтирганини кўриб, бошқа жойдан кетдим. У мени кўрмади ҳам, - ўз ишидан мамнун ҳолда жилмайди Рустам.
- Аттанг! - бобоси супага бориб ўтирди. Рустам ҳам унга эргашди. – Яхши иш қилмабсан, болажоним. Бу ишингдан ранжидим.
- Нега, бобожон?
- Юнус бобо – маҳалламиз фахри, ўгитларини эшитиб, унга амал қилсанг кам бўлмайсан. У киши уруш қатнашчиси. Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи учун жонини тикиб, ғанимларга қарши курашган. Мана, мен хотиржам боғда ишлаяпман, ота-онанг ишга, опа-акаларинг ўқишига, сен эса мактабга эмин-эркин бориб келаяпсан. Нега? Чунки юртимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик-осойишталик ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Қанчадан-қанча мард, жасур ва баҳодир ўғлонлар жонини фидо қилган, қаҳрамонлик кўрсатган. Юнус бобо ҳам шундай кишилардан. Костюмидаги тангалар эса урушда кўрсатган қаҳрамонлиги ва жасорати учун берилган медаль ва орденлар. У киши шу дориломон кунлар учун ўз жонини хатарга қўйганида, наҳот сен озгина вақтингни қизғандинг? Яхши иш бўлмабди, болажоним...
Рустам бироз қизарди. Сўнг бобосининг ёстиққа ёнбошлаб, радио мурватини бурашини жимгина кузатиб турди. Ундан сухандоннинг жарангдор овози янграй бошлади:
“...Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларию жасоратини хотирлаш ва эъзозлаш халқимизга хос эзгу, азалий фазилатлардан саналади. Шу маънода, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган кўплаб ватандошларимиз хотирасини ёд этиш, жанггоҳлардан эсон-омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш юртимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, жорий йил 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага 72 йил тўлади. Бу айёмда бугунги тинчлик-тотувлик, тўкин-сочинлик ва фаровонлик дамлари қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилгани беихтиёр ҳар бир кишининг хаёлидан ўтади. Шу улуғ йўлда жон фидо қилган миллионлаб юртдошларимиз муқаддас хотирасини ёд этиб, бугунги мустақиллик ва тинчлик-осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида мамлакатимиз аҳолиси 6,5 миллион нафарга яқин бўлган бўлса, шундан 1,5 миллион нафар киши урушда қатнашган. Уларнинг 500 минг нафардан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, яна қанча-қанча ватандошларимиз юртига майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, минглаб инсонлар бедарак йўқолган. Мустақиллик йилларида эса юрт тинчлиги ва озодлиги, авлодларнинг порлоқ истиқболи учун жонини фидо қилган жасур аждодларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун кўплаб амалий ишлар қилинди. Бундан 18 йил аввал, яъни 1999 йили мамлакатимизда 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниб, пойтахтимиз Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларда Хотира майдонлари барпо этилди, бу майдонларда Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди. Мазкур майдонларда аждодлар руҳини, урушдан қайтмаган ота-боболар ўчмас хотирасини ёдга соладиган ҳолатлар ўз ифодасини топган. Бир сўз билан айтганда, улардаги айвонлар, устунлар, хотира китоблари, мудом ёниб турадиган аланга, муштипар она ҳайкали ўзаро уйғунлашган.
Айвонлардаги зарҳал варақли китобларга мамлакатимиздан урушга бориб қурбон бўлган, бедарак йўқолган минглаб юртдошларимиз номлари битилиб, хотираси абадийлаштирилди. Битилган номларга назар ташласангиз, уруш алангасида ҳалок бўлганлар орасида 17-18 ёшли йигитларнинг ёки аёлларнинг исми шарифини кўриб кўз олдингизда урушнинг бор даҳшати намоён бўлади.
Айтиш керакки, ҳар қандай уруш, унинг бор азоб-уқубатлари, аввало, аёлларни, оналарни ғамга ботиради. Негаки, улар урушда жигарлари, оила аъзолари ва қавму қариндошларидан айрилади. Онанинг қадди букилади, ҳаётга бўлган ишончи сўнади. Хотира майдонларидаги ҳайкалларда ҳам ғамгин, маъюс ва маҳзун юзли, ўз ўғлини, умр йўлдошини интизорлик билан кутаётган она қиёфаси намоён бўлган.
Қайд этиш жоиз, тарих сабоқлари билан қадрли. Уни ёддан чиқармаслик, ўтганларни ёд этиш, эъзозлаш авлодларнинг муқаддас бурчи саналади.
Қадрли тингловчилар, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган эшиттиришимиз давом этади...”
- Кечиринг, бобожон. Энди сира бундай иш қилмайман, - деди Рустам қилган ишидан пушаймон бўлиб.
* * *
Эртасига тонгданоқ Рустам ясанди, кейин бобосидан илтимос қилиб, боғдаги атиргуллардан бир дастасини узиб олди-да, кўчага шошилди. Йўлда кетиб бораётган Юнус бобони кўрди:
- Ассалому алайкум, Юнус бобо!
- Ваалайкум ассалом, болам. Яхши юрибсанми?
- Раҳмат, яхши. Қаерга кетаяпсиз?
- Эртага 9 май - Хотира ва қадрлаш куни. Шунга ҳозир Хотира майдонига бориб, урушдаги сафдошларим руҳини шод этмоқчиман, уларни хотирламоқчиман.
- Юнус бобо, менам сиз билан борсам майлими? Фақат “йўқ” деманг, - умид билан деди Рустам.
- Майли-куя... Аммо мактаб нима бўлади?
- Бугун ўқитувчимдан рухсат олганман.
- Унда яхши. Юр, кетдик болам. Сенга баъзи қораси ўчгур уруш ҳикояларини сўзлаб бераман...
Азизбек НОРОВ