Хонадонида кекса киши бўлган барчага одат: ҳар тонг ишга ё бошқа юмушга отланганда, кексаларнинг олдидан бир ўтилади. Уларнинг дуосини олишга ошиқилади. "Ишларинг бароридан келсин, соғ-саломат юргин. Яратган ўз паноҳида асрасин", дея қилинган дуо кун давомида кайфиятимизни кўтариб, эзгу ниятлар сари руҳий далда беради. Қолаверса, кексалар дуоси билан бошланган иш хайрли бўлади. Шундан бўлса керакки, халқимизда кексаларга ҳурмат-эътиборда бўлиш, уларни эъзозлаш юксак қадрият тусини олган.
Кекса маслаҳат берса, узоқни кўзлайди, дуоси орқали эл-юрт тинчлиги, меҳр-муҳаббати, дастурхон қут-баракасию ёшлар камолотини ният қилади. Қаерда кексалар бўлса, уларга эътибор бўлса, шу жойда файз бор, барака бор. Бундай хонадонни Аллоҳнинг ўзи асрайди.
Шу фикрларга ҳамоҳанг ҳолда давлатимиз томонидан кексаларни эъзозлаш, ижтимоий муҳофазалаш борасида юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, пенсия ва нафақалар муттасил ошириб борилаётир, кексаларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, уларнинг саломатлигини тиклаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.
Айниқса, нуронийларнинг саломатлигини асраш, ҳаётидан рози бўлиб, узоқ умр кечиришини таъминлашда уларга кўрсатилаётган замонавий тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш хизматлари муҳим ўрин тутмоқда. Кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни белгиланган муддатларда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, ўз вақтида соғломлаштириш, хонадонларда тиббий-патронаж ишларини юқори савияда ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганидан уларнинг кўнгли шод.
Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 ноябрь куни вилоятимиз сайловчилари билан бўлган учрашувда бугунги ёруғ кунларга етиб келишимизда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз, нуронийларимизнинг хизмати жуда катта эканлигини таъкидлаши моҳиятида ҳам уларнинг жамиятдаги, хусусан, ёшлар тарбиясидаги ўрни намоён. Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда эълон қилинган "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса шу кекса отахону онахонларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Маълумки, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан бепул даволаниш имкониятига эга. Бундай ғамхўрликдан айрим ётиб қолган кексаларимиз фойдалана олмас эди. Энди ушбу Фармонга кўра, сиҳатгоҳларга келолмаган кексаларимизга имтиёзли йўлланманинг пули тўлаб бериладиган бўлди. Бу ҳам нуронийларга файзли кексалик гаштини суришда қулай бир имкониятдир.
Айниқса, фармонда ҳар бир туман ва шаҳардаги маданият ва истироҳат боғида "Нуронийлар маскани" мажмуалари ташкил этиш назарда тутилганлиги биз қарияларни жуда хурсанд қилди. Албатта, биз бу ғамхўрликларга жавобан бор ҳаёт тажрибамизни жамият ривожи учун сарфлашга йўналтирамиз.
Бугун вилотимизда 143 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ҳамкор ташкилотлар иштирокида "Уч авлод учрашуви", "Қарияларимиз - хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси" каби маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бундай йиғинларда нуронийларимиз ўз ҳаётлари, ўтмишларининг оғир кунлари мисолида бугунги тинч, фаровон кунларимиз қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳақида сўзлашмоқда. Бунинг самарасида эса ёшларимиз мард боболарига, оқила момоларига муносиб бўлишга ҳаракат қилаётир.
Шу ўринда Фармонда "Нуроний" жамғармаси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини молиялаштириш манбаси аниқ белгилангани ана шу каби ишларимизни ривожлантиришга хизмат қилажагини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳа, кексаларни эъзозлашдек инсонпарварлик замирида улкан маъно-мазмун мужассам. Зеро, фарзандлар камоли - юрт қудратини, аёлларга муносабат - маданиятимиз даражасини, кексаларга ҳурмат ва эътибор эса маънавиятимиз истиқболини белгилайди. Кексалар ибратини олган инсон ҳаётда адашмайди, ўз мақсадлари сари интилади. Зотан, насиҳатгўй нуронийлари бор элга қут-барака ёғилади.
Январ ИНОЯТОВ,
"Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси