Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола САОДАТОВА

05.12.2024


КЕЛАЖАГИ УЧУН МАСЪУЛ ХАЛҚНИНГ ОВОЗИ - ҚОМУС

Конституция - эркин ва фаровон ҳаёт гарови!

Истиқболнома

Тарихий тажрибадан маълумки, ҳар бир халқ, давлат ўз тараққиёт йўлини белгилар экан, ҳуқуқий асосга - Конституцияга эҳтиёж сезади. Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда жаҳоннинг янги ривож йўлини танлаган 100 дан ортиқ давлатларида конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу маънода мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум орқали янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан халқимизнинг қатъий қарори, орзу-умидлари ва интилишларининг ҳуқуқий кафолати,  хоҳиш-иродасидир, десак янглишмаган бўламиз.

Инсон ҳуқуқлари - олий қадрият

Янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш учун мустаҳкам замин яратди. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинди. Унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортганлиги, 50 дан ортиқ   нормаларда ўз ифодасини топганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат қонунларимиз, балки ҳар бир ташкилот ва идора фаолиятининг асосий мезони бўлиши қатъий талаб сифатида белгиланди.

Айни чоғда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилгани, хусусан, БМТ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган 10 та мажбурий халқаро шартномани ратификация қилиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

"Сукут сақлашга ҳаққингиз бор!"

Одатда хорижий детектив фильмларни кўраётганда шу иборага кўп дуч келамиз. Бу машҳур иборанинг қизиқ тарихи бор: АҚШ фуқароси Эрнест Артуро Миранда 1966 йилда бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинади. Уни сўроқ қилишдан олдин гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатмаларини берган. Кейинчалик Эрнест Артуро Миранданинг адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят тақдим этилган. Суднинг  ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган. Суд қароридан юзага келган юридик норма дастлаб АҚШ суд амалиётида "Миранда ҳуқуқлари", сўнг эса халқаро ҳуқуқда "Миранда қоидаси" деб ном олган.

Демак, "Миранда қоидаси" том маънода сукут сақлаш, ҳуқуқий ҳимоя учун адвокат хизматидан фойдаланиш ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан огоҳлантирилиш маъносини англатади. Мазкур халқаро ҳуқуқий норма Ўзбекистон қонунчилигида ҳам акс этди.

Конституциямизга киритилган "Хабеас корпус" институти ва "Миранда қоидаси" тамойиллари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг кафолати бўлиб, умумэътироф этилган институтларнинг Конституция даражасида кучайтирилаётганидан далолат беради.

"Миранда қоидаси"нинг янгиланган Конституциямизда мустаҳкамланиши жиноят ишининг холис тергов қилинишини таъминлайди, суриштирув ва тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олади.

Озодликдан маҳрум этилган шахс ҳуқуқи

Конституциянинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, унда илк маротаба озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, 28-моддага мувофиқ, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида ҳамда Президентнинг 2021 йил 26 июндаги "Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қийноқларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланди.

Маълумки, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш мақсадида Омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилган.

Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда. Мониторинг ташрифларида у ерда сақланаётган шахсларга нисбатан инсоний муомалада бўлиниши, инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ ҳолатларига йўл қўймаслик масалалари ўрганиб борилади.

Таъкидлаш лозимки, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Омбудсман бошчилигида амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида йилдан-йилга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитлар, маҳкум ва маҳбусларга бўлган муносабат халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилди. Ушбу пенитенциар муассасаларга ўрнатилган  "Омбудсман қути"лари орқали маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга мурожаат қилиш имконияти яратилди. Уларнинг мурожаатлари махфийлиги сақланган ҳолда ҳеч қандай тўсиқ ва оворагарчиликсиз Омбудсманга етказилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Яшаш - инсоннинг ажралмас ҳуқуқи

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади, деб қатъий тўхтамга келинди.

Ростдан ҳам ўлим жазоси қонунчилигида бор мамлакатлар ҳам кейинги 10-20 йил ичида бу моддадан фойдаланмаган. Чунки дунё мамлакатлари тажрибаси жиноятларнинг камайиши жазонинг оғирлиги ёки ўлим жазосининг мавжудлиги билан боғлиқ эмаслигини кўрсатди.

Таҳлилларга кўра, ўлим жазоси тақиқланган Грузия, Арманистон ва Словения давлатлари жиноятчилик кўрсаткичлари бўйича ўлим жазоси амалда мавжуд бўлган Хитой ва Қувайтдан кўра анча яхши натижаларга эришган. Демак, ўлим жазосининг жорий этилиши жиноятчилик камайишига жиддий таъсир кўрсатмайди. Халқаро Амнистия ташкилоти (Amnesty International) статистикасига кўра, дунёдаги 93 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси расман сақланиб турибди. Шулардан 56 та давлатда ўлим жазоси қўлланилаяётган бўлса, 29 та давлат қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган, бироқ охирги 10 йил ичида бир марта ҳам бундай жазо тайинланмаган.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилги Жиноят кодексида ўлим жазоси тайинланишини назарда тутувчи моддалар сони 13 та бўлиб, 1998 йилда 8 тага, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилган. 2003 йилда жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг фақат икки турдаги жиноят - жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси назарда тутилган эди.

Конституциямиз ўлим жазосини белгилаш ва тайинлашни кескин тақиқлайди. Бу билан давлатимиз ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга яққол намоён қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш барча давлат органлари ва идораларининг, фуқаролик жамияти институтларининг асосий вазифаларидан биридир. Асосий қонун билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи миллий институтлар қаторида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг ваколатлари ва вазифалари кенгайтирилди.

Хусусан, Конституциянинг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мақоми ва кафолатлари аниқлаштирилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашиши белгилаб қўйилган.

Асосий қонуннинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Маълумки, фуқаролар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан Омбудсманга мурожаат қилишлари мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) аҳоли мурожаатларини фуқаролар қабули, сайёр қабуллар, почта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, www.pm.gov.uz интернет портали, ombudsman.uz сайти ва мобил иловаси ҳамда "Омбудсман қути"лари орқали қабул қилмоқда. Мурожаат мазмунидан келиб чиқиб, лозим бўлган масалалар жойига чиқиб ўрганилмоқда ҳамда таъсир чоралари киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

Умуман, бугун мамлакатимизда инсонларнинг фуқаролик ва мулкий ҳуқуқларини  кафолатли ҳимоялаш, сўз эркинлиги ва давлат бошқарувида очиқлик сиёсатини таъминлаш, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши борасида янги давр бошланганини бутун дунё эътироф этаётгани айни ҳақиқат.

Лола САОДАТОВА,

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги вакили

Report typo