Эндиликда ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб, халқ манфаатлари учун садоқат билан хизмат қилаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга ва шон-шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, шунингдек, ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар ушбу медаль билан мукофотланиши мумкин.
"Келажак бунёдкори" медали билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади ва қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади. У билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Тавсифига кўра, медаль дастлаб 0,5 микрон қалинликдаги никель, кейин эса 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Қалинлиги - 2,2 миллиметр.
Ж.БОЙМУРОДОВ