Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

20.12.2018


КЕЛДИ, КЎР(МА)ДИ, ҲАҚ ОЛИБ КЕТДИ

Ҳеч иш қилмай, осон пул топиш баъзан яхши кўринади. Аммо қўлни совуқ сувга урмай, тер тўкмай, ризқ-насиба орттиришни халқимиз асло маъқулламайди. Шуни ўзига одат қилган киши ҳақида гап кетса, бел оғритмасдан нон ейди, дея унга нисбат берилади. Бугун ўзини "пожарный"данман, деб (аслида бу давлат ташкилоти вакили ҳам эмас) таништирадиган айрим ёнғинга қарши курашчилар қилиғи ҳам худди шунга ўхшайди. Кунлар совий бошлаган бир маҳалда эсига тушиб, эшик қоқиб келади улар. Кўрик ўтказаётганини айтишади, монелик қилсангиз, ёнига секингина "мажбурий", деган сўзни ҳам тиркаб қўйишади. Шу тариқа уйингизда у ер, бу ерни кўрган бўлишади. Хизмат беминнат деб ўйларсиз. Сира ундаймас. Бир қур кўз югуртиришнинг ҳам бадали бор.  Ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ, тўлов талаб қилишади.

Албатта, бу ҳеч кимга ёқмайди. Жилла қурса, енг шимариб, бирор юмушни дўндирмаган, хонадондаги ёнғин хавфи билан боғлиқ муаммони ҳал қилмаган кишига ким ҳам рози бўлиб ҳақ тўлагиси келади?! Аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган асосий жиҳат ҳам шу аслида.

"Пожарный" кўрик керакми ўзи?

Ўз соғлиғи ҳақида қайғурувчи инсон, биров айтмаса ҳам, доим тиббий кўрикдан ўтиб туришни канда қилмайди. Ахир иссиқ жон, бемаврид йўқлагувчи касалликнинг олдини олган яхши-да. Техникага ҳам ишонч йўқ, кутилмаган пайтда, шартта бузилади-қўяди. Шунинг учун аксар ҳайдовчилар ўз "улови"ни вақти-вақти билан мутахассис "назари"дан ўтказади. Бу ҳаммаси албатта профилактика, эҳтиёткорлик учун зарур. "Пожарный" кўрик-чи, у нега керак?

Қатъий хулоса беришдан аввал   қуйидаги рақамларга эътибор қаратсак. Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойида ҳудудда қарийб 800 га яқин ёнғин содир бўлган. Бундан эса энг кўп аҳоли вакиллари жабр кўрган. Тилсиз ёв оқибатида 6 нафар киши ҳалок бўлгани ҳам вазият қай даражада жиддий эканини кўрсатиб турибди.

Хўш, ёнғинлар келиб чиқишига нима сабаб бўлган? Асосан, табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаслиги. Шунингдек, кўп ҳолларда аҳоли носоз газ, электр ускуна ва қурилмаларни ишлатиб келган.  Бу шундан далолат берадики, воҳамизда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, таъсирчан чоралар кўриш даркор. Мана, нима учун керак "пожарный" кўрик. Табиийки, бунга масъул давлат идорасининг бир ўзи ушбу вазифани тўлиқ бажариши имконсиз.

"Хонадонни тармоқдан уздирамиз ёки..."

Узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Ёнғинга қарши кураш жамияти айни йўналишда аҳоли ўртасида кўнгилли асосда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб боришни ўз олдига мақсад қилган. Хўш, мазкур нодавлат ташкилот бунинг уддасидан чиқоляптими?

- Одатда ўз фаолиятимизни жойларга чиқиб,  хонадонларни ўрганиш асосида ташкил этамиз, - дейди жамиятнинг вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Суннатилло Саидов. - Бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганамиз. Хонадонда камчиликлар аниқланса, уни бартараф этиш бўйича тавсиялар берамиз. Бундан ташқари, пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига ҳам эгамиз. Айтайлик, ўрганиш давомида уйнинг дудбурон ёки ҳаво айланиш каналида носозлик аниқланди. Хонадон соҳиби рози бўлса, тўлов эвазига хизмат тақдим қиламиз. Бажарилган ишга қараб муайян коэффициент бўйича ҳақ ундирилади. Агар аҳоли вакили шартнома тузишга кўнмаса, носозлик ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштириб, хонадонни тармоқдан узишни сўраб, таъминот корхонасига хат қиламиз. Мақсад - эртага ёнғин хавфи юзага келмасин.

Масъулнинг сўзларига кўра, кўрсатиладиган хизмат турлари бўйича тарифлар, яъни прейскурант тасдиқланган. Биргина дудбуронни кўрикдан ўтказиш ҳақи 5 минг 300 сўмга баҳоланган. Эътибор беринг, бу дудбуронни тозалаш учун эмас, балки фақатгина уни кўриб қўйганлик учун ундириладиган ҳақ. Ахир буни бошқа биров ҳам эплайди-ку. Қолаверса, ўша "пожарный жамият" ишчиларининг ҳам бошқалардан ортиқ жойи йўқ. Уларнинг барчаси мутахассис деб ўйлайсизми? Адашасиз, аксарининг хавфсизлик бўйича сизу бизчалик ҳам уқуви йўқ. Лекин тили бурро! 

Афтидан, жамият кўнгилли ишлашдан кўра одамларни таъминот корхонаси орқали қўрқитиб бўлса-да, хизматига тўлов олишни афзал билади. Чунончи, шунинг ҳисобидан кун кўради. Бу ташкилот билан ихтиёрий ҳамкорлик қилишга бўйин бермаган кишининг ҳам шунчаки тўлов қилиб қутулмасликдан бошқа иложи қолмайди. Нима қилиб бўлса-да, рози бўлишга мажбур қилинади.

Аслида жамият қандай ишлаши керак? Унинг тижорий мақсадни кўзловчи вазифаси ёнғин хавфи чиқиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича сифатли хизматларни истеъмолчиларга холис таклиф этиш, самарали реклама қилишдан иборат эмасми? Одамлар шу хизматларга реал эҳтиёжи борлигини тушуниб иш тутса, самара бундан-да юқори бўлмасмиди? Мақсад нега фаолиятга мувофиқ эмас? Бу жамият ушбу иш усули билан келгусида юз бериши мумкин бўлган нечта ёнғиннинг олдини олдим, деб айта олади? Ёнғинга қарши кураш жамияти мутахассисининг дудбуронларни тозалашга имкон берувчи махсус жиҳозлар билан қуролланиб келганини ким кўрибди?

- Яқинда бизникига ҳам "пожарный"дан келишганди, - дейди Қарши шаҳрилик Фурқат Баратов. - Эгнида на формаси, қўлида на бирор ускунаси бор. Кўрик ўтказамиз, мажбурий, дейишди. Қилган иши бу нарсани котёл ёнидан олинг, унга қаранг, буни тўғриланг, дейиш бўлди. Қўлига қора юқтирмади. Тўловини тўладик. Кейин кўрсак, квитанцияда Ёнғинга қарши кураш жамияти вилоят бўлими деган муҳр бору, рақамланмаган экан. Албатта, шубҳага боради одам. Бу пулни ҳақиқатан ҳам белгиланган тартибда кирим қиладими улар, буниси қоронғи.

Аҳамиятлиси, айни масалада аҳоли хонадонларида "тафтиш" ўтказаётган бир бу ташкилот эмаслиги маълум бўлди. Жуда даромадли иш, шекилли, улар сони ортибди. Эндиликда Ёнғинга қарши кураш жамиятига рақобатчилар ҳам пайдо бўлибди. Мана бир мисол. Номидан ҳам ваҳимали - "Фавқулодда ёнғиндан сақлаш" масъулияти чекланган жамияти. Тадбиркорлик субъекти сифатида Қарши шаҳридан рўйхатдан ўтган. Бир қарасанг, "пожарный"га ҳам, ёинки, "МЧС"га ҳам тортиб кетади. Фарқлаб олиш ҳам қийин. Қарши шаҳрида яшовчи истеъмолчилардан бири К.Шаробовнинг айтишича, бу жамият хизмат ҳақи анча юқори. Ҳали ҳеч иш қилмай, истеъмолчи билан бир йиллик кўрик учун 40 минг 546 сўмга шартнома тузишибди. Рад этишга имкон қолдиришмагач, фуқаро ҳам шунга мажбур бўлибди.

- Ушбу тариф низомимиз асосида тасдиқланган, - дейди  мазкур масъулияти чекланган жамияти раҳбари Иброҳим Худойназаров. - Фуқаро хоҳласа, тўловни қилади, кейин шунга қараб хизмат кўрсатамиз. Мажбурлаш йўқ. Бундай қинғирликни қайси ходимимиз қилган бўлса, уни жазолаймиз. Ҳар биридан тилхат олганмиз. Ҳаммаси ихтиёрийлик асосида бўлиши керак. Тан олиш керак, ҳозирча бир маҳаллага кирсак, нари борса, 5-6 хонадоннинг кўнгилли равишда бунга қурби етяпти.

Қизиқ, мажбурламагани ҳали шу бўлса. Тағин ходими қандай ишлаётганини раҳбар билмаса. Ўз оғзи билан ҳам айтиб турибди, ташкилот кўрсатадиган хизматга барча истеъмолчи ҳам рағбат билдирмаётганини. Шундай экан, очиқчасига бошқа йўлини қўллашга ўтишяпти, назаримизда.

Юқорида таъкидланганидек, "пожарный" кўрик аввало аҳолининг ўзи, хонадони хавфсизлиги учун керак. Лекин бу кўрик икки томон хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи манфаатига ҳам бирдек хизмат қилиши, тўлиқ ихтиёрийликка асосланиши шарт. Шунда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида жиддий натижага эришиш мумкин. Келди, кўр(ма)ди, ҳақ олиб кетди, қабилида олиб борилаётган ишлар эса акс таъсир беришдан бошқасига ярамаслиги аён. Ана шундай "йўл тутиб ишловчи қатор кўнгилли" ёрдам таклиф этувчилар шундоқ ҳам аҳолининг жонига тегиб бўлгани эса ҳеч кимга сир эмас.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo