Ушбу асар қадим замонларда ҳинд файласуф олимлари томонидан ҳинд фольклори асосида яратилган. У жуда кўп тилларга таржима қилинган, шу жумладан, Эрон шоҳи Ануширвон (531-579) даврида Ҳиндистондан келтирилиб, паҳлавий тилига ўгирилган. 1898, 1913 ва 1977 йилларда ўзбек тилида нашр этилган.
Асардаги ривоятлар ҳайвонлар ва қушлар тилидан нақл этилади. Хўш, нега? Бу саволга жавобни асар муқаддимасидан топиш мумкин: "Бу китобнинг мазмун ва мақсадини жоҳил кимсалардан пинҳон тутиш учун ундаги ривоятлар ҳайвонлар ва қушлар тилидан нақл этилади. Беақл одамлар учун унинг мазмуни юзаки кўринар, аммо фаросатли одамлар эса ундан ғоят чуқур, ибратли маъно жавоҳирларини топадилар, манбалари жуда бой ва гўзал эканлигини кўрадилар. Бу китоб файласуф учун - кенг бир фазо, ақл учун - буюк машқ майдони, китоб мухлислари учун - унутилмас хотира, маъносига тушунадиганлар учун - ажойиб бир ибрат хазинасидир".
Асарда, содда тил билан айтганда адолатли ва оқил давлат бошлиғи, ор-номусли, инсофли ва диёнатли давлат хизматчилари, халқу давлат манфаати йўлида фидойи, садоқатли ва жамиятдаги муаммоларга оқилона ечим топа оладиган вазиру уламолар ҳақида фикр юритилган. Фисқу фасод, жоҳиллик, ҳасадгўйлик, иккиюзламачилик, мақтанчоқлик, бойликка ружу қўйиш ва қаҳру зулмли бўлиш қораланган. Ҳушёрлик, зийраклик, яхшилик, ёмонларга қарши курашиш ва қийинчиликлардан қўрқмаслик улуғланган.
Китобнинг шер ва ҳўкиз бобида дўстлар ўртасига низо солувчи иғвогарлар, алоқаси йўқ ишларга аралашувчи кишиларнинг кулги бўлиши, сабрли, чидамли ва юмшоқ муомалали бўлмасдан ҳеч ким олий мансабга эриша олмаслиги, баҳодир кишилар ё шоҳ хизматида бўлиши, ёхуд узлатга чекиниб зоҳидлик қилиши таъкидланган. Шоҳлар ҳар кимга қобилиятига қараб иш бериши кераклиги, истеъдодлилардан лаёқатсизларни устун кўрмаслиги, қаллобларни ошкора сийламаслиги шартлиги уқтирилган. Аксарият хизматкорлар шоҳга ҳақиқат ва кўнглидагини эмас, унга ёқадиган гапни топиб сўзлашга ҳаракат қилиши баён қилинган.
Яна, асарда ёзилишича, амал берилган жасур ва ҳийлакор одамлар шу хос хислатлари билан мақсадига эришиш ва ҳийла билан жонини сақлашни яхши биладилар. Шоҳ хизматидаги нодон ва қўрқоқ одамлар эса ҳар қандай таънаю ҳақоратлар ва хўрликларга чидамли ҳамда ҳурмату обрў қозонишни ўйламас экан.
Ушбу китобни ўқиш давомида фикри бузуқ одамни тузатиб бўлмаслигига, шуури очкўз ва хасисликдан бегона, давлатидан мағрурланмаган ва камбағаллигидан руҳий тушкунликка тушмаганлар - одамларнинг энг марди эканлигига ишонч ҳосил қиласан.
Мутолаа асосида гумон билан дўстга душман бўлмаслик, бошлиққа эътироз ва дўстга маслаҳатни кўпчилик олдида бермаслик, илму ҳунарлилар ҳамиша истеъдодсизлардан панд ейиши боисини яна бир бор уқиб олиш бугунги давр кишилари учун ҳам жуда фойдали.
Умуман, асарда ҳақиқат ва ҳикматлар баёни юксак нафосат билан ёритилганки, уларни англаш, сабоқ чиқариш учун китобни қайта-қайта ўқиш ва мушоҳада юритиш керак. Ана шунда бу асар албатта кўнглингиз мулкига айланади.
Маълумки, XI асрнинг охирларида Ғарбий Эрон подшоҳининг набираси Кайковус ибн Искандар ўз ўғли Гиланшоҳга бағишлаб "Насиҳатнома" ёзади ва уни бобоси Шамсулмалик Қобус шарафига "Қобуснома" деб номлайди. Ушбу асар Шарқ халқлари орасида маълум ва машҳур бўлган дурдона манбалардан бири саналади. Уни ўзбек тилига биринчи марта 1860 йилда мутафаккир Муҳаммад Ризо Огаҳий таржима қилган.
"Қобуснома"нинг асосини Қуръони карим суралари, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаолияти ва кўрсатмаларини ифодаловчи ҳадислар ҳамда ҳикматли ҳикоялар ташкил қилади. Асар насиҳат тариқасида ёзилган бўлиб, қирқ тўрт бобдан иборат. Унда аввало парвардигори олам ва пайғамбарларни билиш шартлиги таъкидланиб, Аллоҳ берган соғлиқ ва неъматларга шукрона қилиб яшаш кераклиги, ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожиблиги уқтирилади.
Шунингдек, китобда ҳар бир киши ҳунар ўрганиши шартлиги, ҳунарсиз кишининг ўзи ва бошқаларга фойдаси тегмаслиги айтилади. Бефойда сўзлаш фақат зиён келтириши, кўп одамлар орасида бир кишига насиҳат қилмаслик, ўзгаларга мулойим муомалада бўлиш ва яхшилик қилиш улуғланган. Ростгўй, ҳар сўзни ўйлаб гапириш, доно кишилар суҳбатида бўлиш, сир сақлай олиш, илмли киши ақлга таяниши лозимлиги, иллатларнинг олдини олишни истаган одам хасислик қилмаслиги ва элга эътиборли бўлиши кераклиги насиҳати барча учун доимо фойда келтириши тайин.
Асарда шундай ибрат айтиладики, "овқат емоқ ва шароб ичишнинг ками яхши, умуман шароб ичмаслик икки жаҳон фойдасидир". Яна меҳмондорчилик, исрофгарчилик, мулк тўплаш, омонат, уй ва ер сотиб олиш масалалари, эр барча ихтиёрини хотинига бериб қўймаслиги кераклиги, фарзандлар тарбияси, дўстлик, шоҳ хизматида бўлиш кабилар юзасидан насиҳатлар қилинган.
Шунингдек, Кайковус: "Подшоҳ бўлсанг шошқалоқ бўлмагин, ростгўй бўлгин. Вазиринг ёш бўлмасин, унинг хеш ва ақраболарига амал бермагин. Фармонинг хор бўлса ўзинг хор бўласан", дея ўғлига қимматли йўриқларини берган. Меҳнатига яраша ҳақ олмаган давлат хизматчилари подшоҳ сирларини сотувчи бўлишини таъкидлаган.
Ана шундай ҳар замон учун наф келтирадиган ўгитларга бойлиги боис асар бир неча асрлардан буён жаҳон халқлари томонидан зўр қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда.
IX-X асрларда яшаган, Шарқ Уйғониш даврининг буюк мутафаккири Абу Наср Форобий "Арасту фалсафаси", "Илмларнинг келиб чиқиши тўғрисида" каби асарлари ва турли соҳаларга оид 160 дан ортиқ рисолалари билан дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган. Шу боис унга "Иккинчи муаллим", "Шарқ Аристотели" дея нисбат беришган. Унинг оқилона давлат тизими ва инсонпарвар жамият ҳақида ёзилган "Фозил одамлар шаҳри" асари айниқса диққатга сазовор.
Мазкур асарга Форобий қаламига мансуб китоблар, жумладан, "Фозил шаҳар одамлари қарашлари" ва "Талхису новомиси Афлотун" ("Афлотун қонунлар моҳияти ҳақида")дан намуналар киритилган. Унда қайд этилишича, кишилар ҳар бир инсон эҳтиёжини қондириш учун жамоага ва жамиятга бирлашадилар. Давлат, шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва оила шу жамиятнинг турлари ҳисобланади. Бир-бирларига ёрдам берувчи, барча аҳолиси гўзал хулқли ва яхши ишлар қилишга интилувчи шаҳар - фозил одамлар шаҳридир.
Инсон танасини юрак бошқарганидек, фозил одамлар шаҳрини раҳбар - раис бошқаради. Шаҳар - давлатга раҳбар бўлишнинг икки шарти бор. Биринчидан, инсон табиатида раҳбарлик қилиш қобилияти (маънавий ва ақлий етуклик) бўлиши зарур. Иккинчидан, бундай одам юқори мавқеи, инсоний фазилатлари, қобилиятлари билан халқ орасида ҳурмат қозонган бўлиши зарур. Раҳбарлик соҳасида тажриба орттириш ҳам муҳим.
Фозил одамлар шаҳри ҳокими қуйидаги фазилатлари билан ўз устун жиҳатларини намоён этиши жоиз: биринчидан, у соғ-саломат, иккинчидан, фаросати юксак бўлиши лозим. Учинчидан, кўрган ва эшитган нарсаларини эслаб қолиш ҳамда унутмаслик қобилиятига эга, тўртинчидан, зийрак, зукко ва ўткир зеҳнли бўлиши зарур. Бешинчидан, у фикрини содда, тушунарли ва эркин ифодалай олиши, олтинчидан, ўқиш, билим олиш ва маърифатга ҳавасли бўлиши керак. Еттинчидан, таом ейишда, ичимлик истеъмолида, аёлларга ҳавасда очофат бўлмай, ўзини тия олиши, саккизинчидан, у ҳақ ва ҳақиқатни, одил ва ҳақгўй одамларни севадиган бўлиши афзал. Тўққизинчидан, ўз қадрини билувчи, номус-ориятли ва улуғ ишларга интилувчи, ўнинчидан, мол-дунёга ўч бўлмаслиги лозим. Ўн биринчидан, адолатпарвар, жабр-зулм ва золимларни ёмон кўрувчи, ноҳақ жабрланганларга ёрдам берувчи, ўн иккинчидан, қатъиятли ва жасур, қўрқоқлик ва ҳадиксирашлардан йироқ бўлиши керак.
Асарда баён этилишича, бу хислатларнинг барчасини жамлаган бир одам топилмаса, шу каби хислатларга кўпроқ эга бўлган икки киши ёки бир гуруҳ шахслар бирлашиб, ўзаро келишган ҳолда шаҳарни бошқаргани маъқул. Аксинча талаблар амал қиладиган шаҳарларда жаҳолат, зулм, тубанлик, амалпарастлик, ахлоқсизлик ва мақтанчоқлик авж олади. Улар ҳокимлари ҳам элу халқига мос одамлар бўлади.
Мутафаккир ўз асари орқали яна шундай пандларни баён этадики, уларни синчиклаб ўқиш, шу асосда мулоҳаза юритиш фойдадан холи эмас. Яъни, таъкидланишича, жамиятдаги қонунлар қисқа, содда ва тушунарли ҳамда кам бўлиши керак. Қонунларнинг кўплиги улар бир-бирига қарама-қарши келиши ва ишламаслигига сабаб бўлади. Умумга мўлжалланган ҳужжатлар шаҳар аҳлининг урф-одатлари ва ақл даражасига мос келиши, шунингдек, уларни тайёрлашда баркамол ақл ва юксак ахлоққа таянилган бўлиши шарт. Бунинг учун қонун чиқарувчилар билимдон ва ўзга тузумлардаги фаровонлик ҳамда ижобий жиҳатлардан хабардор бўлиши керак. Шаҳар аҳли тўқ, саводли, хушхулқ ва меҳр-шафқатли бўлса, қонунларга қатъий амал қилинади.
Хуллас, бу китобларни нафақат мутолаа қилиш, шу билан бирга уларда битилган ҳикоялар, ибратли насиҳату маслаҳатлар моҳиятини ҳам теран англаган ҳолда, ҳаётининг аъмолига айлантириш ҳар ким учун манфаатли бўлишига ишонаман.
Абдишукур ОМОНОВ