Маълумки, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга, бунда мавжуд имконият ва ресурслардан унумли фойдаланишга, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш миқёсини жадал оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада тегишли қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниб, экспорт операцияларида иштирок этувчи корхоналар кенг имтиёз ва преференциялар асосида рағбатлантирилмоқда, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ тартиб-тамойиллар соддалаштирилаяпти. Натижада мамлакатимиз экспорт ҳажмида маҳсулотлар хилма-хиллиги ошиши таъминланаяпти, ҳар йили янгидан-янги маҳсулотлар хориж бозорларига чиқарилаётир.
Айтиш жоизки, вилоятимиз мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юқори ҳудудларидан ҳисобланади. Минтақада энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, самарали ишлаб чиқариш қувватларига эга кўплаб корхоналар жамланган. Маҳаллий хомашё ва ресурслар негизида ҳудудда импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти.
Статистика маълумотларига кўра, ўтган йили вилоятимиздан дунёнинг турли мамлакатларига қиймати 238 миллион АҚШ долларига тенг товарлар экспорт қилинган. Сўнгги вақтда экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши ортиб бораётгани кузатилмоқда. Хорижга маҳсулот сотишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаоллик кўрсатаётгани эса аҳамиятга молик.
ИСТЕЪМОЛДАН ОРТГАНИ - ХОРИЖГА
Сир эмаски, вилоятимизда ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олинмоқда. Биргина мисол. 2016 йилда ҳудудда 1 миллион 348 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, хусусан, 693,5 минг тонна сабзавот, 180,2 минг тонна полиз маҳсулоти, 219 минг тонна картошка, 142,7 минг тонна мева, 113,4 минг тонна узум ва бошқалар етиштирилгани ҳамда бу борада аввалги йилга нисбатан сезиларли ўсиш кузатилгани фикримизнинг тасдиғидир. Ушбу маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун тўлиқ етарли. Шу билан бирга, истеъмолдан ортган ҳўл ва қуруқ, қайта ишланган мева-сабзавот, полиз маҳсулотини экспорт қилиш имконияти мавжуд. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2016 йилда вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этган. Улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига 672 минг долларлик мева-сабзавот, полиз маҳсулоти ва узум етказиб берилган. Ушбу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан анча ошган.
Шаҳрисабз туманида фаолият кўрсатаётган “Шаҳрисабз мева-сабзавот” агрофирмаси ҳам асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади. Мазкур тадбиркорлик субъекти жорий йил ҳисобидан чет эллик ҳамкорлар билан қиймати 5 миллион долларликдан кўпроқ маҳсулот олди-сотдисини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эга. Хусусан, бир неча турдаги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон мамлакатларига сотиш режалаштирилган.
- Ўтган йили мавжуд савдо шартномаларида кўзда тутилган маҳсулотларнинг асосий қисмини харидорларга етказиб беришга муваффақ бўлдик, - дейди агрофирма раҳбари Саиджон Шокиров. – Жорий йилда эса Россияга ёнғоқ, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатларга мошни экспортга йўналтириш ниятимиз бор. Аҳамиятлиси, бироз аввал корхонамизда мева қуритишни йўлга қўйдик. Пишиқчилик мавсумида териб олинган катта миқдордаги олма ва олхўрини табиий усулда қуритаяпмиз. Ушбу маҳсулотларга ҳам аллақачон талабгор топилган. Келгусида корхонамизга Хитойдан мевани қуритиш линияси, совутиш камераси ва пластмасса қути ишлаб чиқариш ускунаси олиб келишни мақсад қилганмиз.
Дарҳақиқат, юртимиз заминида етиштирилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларининг мазаси ниҳоятда ширинлиги, сархиллиги ва таркибининг фойдали витаминларга бойлиги жаҳон бозорида уларнинг харидоргирлигини таъминламоқда. Бу эса юртимиздан хорижга жўнатилаётган маҳсулотлар кўлами ва уларнинг хилма-хиллиги ошишига туртки бўлаяпти.
ХОМАШЁНИ ЧУҚУР ҚАЙТА ИШЛАШ - ЮҚОРИ ДАРОМАД ДЕГАНИ
Жаҳон тажрибасидан маълумки, маҳсулотни хомашё ҳолида сотишдан кўра тайёр товар кўринишига келтириб экспорт қилиш кўпроқ даромад келтиради. Бунинг учун ҳудудда ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини кенг йўлга қўйиш, ривожлантириш талаб этилади. Бунга энг замонавий технологияларни жалб этиш самарадорлик, маҳсулот сифати юқори бўлишини таъминлайди. Бугун юртимизда ўзимизда етиштирилган пахта толасини чуқур қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилаётгани шундан.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Хусусан, мазкур қарорнинг қабул қилиниши вилоятимиз учун ҳам муҳим воқелик бўлди. Чунки енгил саноат ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Тегишли дастур асосида келгуси даврда вилоятимизда пахта толаси ва ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли тайёр, экспортбоп тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 10 та инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар асосида ҳудудда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш мақсад қилинган.
Бунинг самарасида вилоятимизда етиштирилган пахта толасининг 60 фоизини шу ернинг ўзида қайта ишлаш имконияти юзага келади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг асосий қисми эса экспортга йўналтирилади.
- Вилоятимиз шароитида ўсган пахтанинг толаси узун ва бақувват бўлиб, бу жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади, - дейди Қарши шаҳридаги “Cotton road” қўшма корхонаси раҳбари Мирзамаҳмуд Аҳмадалиев. - Айнан шу жиҳат маҳсулотларимизнинг сифатли бўлишини таъминлаяпти, натижада ташқи бозорда уларнинг харидоргирлиги ошаяпти. Ўтган йил давомида корхонамиз томонидан қиймати 1 миллион 280 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилгани бунинг ёрқин мисолидир. Муҳими, экспорт ҳажмининг асосий қисми тайёр маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келаяпти.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган бир неча турдаги тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари экспорти географияси йилдан йилга кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Литва каби давлатларда фаолият кўрсатаётган савдо уйлари эса ўша ҳудуд аҳолиси талаб ва эҳтиёжларини яхшироқ ўрганиш имконини бермоқда.
“НОЛ”ДАН ИШ БОШЛАГАН ТАДБИРКОР ИШЛАБ ЧИҚАРГАН
МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЧЕТГА СОТА БОШЛАДИ
Бугун мамлакатимиз ишбилармонлари томонидан замонавий технология асосида маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қийматга эга турли товарлар ишлаб чиқарилиб, чет эллик истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Потенциал харидорлар кўпайиши натижасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида экспортга жўнатилаётган маҳсулот ҳажми ошиб, унинг жўғрофияси кенгайиб бораяпти.
Қарши шаҳридаги “Гранд мебель дизайн” масъулияти чекланган жамиятига анчадан бери фойдаланилмаётган “Автошоҳбекат” биноси 1 миллиард 600 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилганди. Ишбилармон томонидан айни вақтга қадар лойиҳа мажбуриятларининг қарийб 70 фоизи бажарилди. Бу ерда аллақачон 30 турдаги мебель буюмлари, замонавий “МДФ” эшиклар ишлаб чиқаришга киришилган. Асосийси, ушбу тадбиркорлик субъекти яқинда ўз маҳсулотини экспортга чиқаришни бошлади.
- Цехимизда Германиядан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилган, - дейди корхона раҳбари Равшан Комилов. - Мавжуд технологиялар асосида барча интерьер ва дизайндаги мебель буюмларини ишлаб чиқариш имконига эгамиз. Ўтган йили 1 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот реализациясини амалга оширдик. Жорий йил бошидан маҳсулотимизни экспортга йўналтиришга киришдик. Туркманистонлик ҳамкорларимиз билан қиймати 155 минг долларлик 6 хил турдаги мебель жиҳози етказиб бериш бўйича шартнома тузганмиз.
Тадбиркорнинг қайд этишича, лойиҳа доирасида корхонага Европадан 300 минг евролик қўшимча ускуналар олиб келиш кўзда тутилган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажми янада ошишига ва маҳсулот хилма-хиллиги ортишига кенг шароит ҳозирлайди. Мазкур лойиҳа тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши билан эса 40 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ