Мазкур тўрт машҳур муҳаддис Кешда бир вақтда жам бўлиб, фаолият юритганининг ўзиёқ, бу ерда илм-фан, маданият ниҳоятда ривожлангани, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва бошқа фанлардан мукаммал таълим берадиган катта илмий мактаб яратилганидан далолатдир. Мазкур муҳаддисларнинг буюк хизматлари натижасида дунё аҳли бу воҳага юксак баҳо бериб, Кешни "Қуббатул илм вал-адаб" (илм ва адаб гумбази) деб эътироф этишган. Бу таърифнинг айнан шу даврда берилганини "Зафарнома" асари тасдиқлайди.
VIII-X асрларда Мовароуннаҳрнинг Шош, Кеш, Самарқанд, Насаф, Бухоро, Термиз ва бошқа шаҳарлари илм-маърифат марказлари бўлган. Хусусан, Абдулҳамид Кешийнинг ўғли Муҳаммад ибн Абддан Ҳусайн ибн Исмоил ушбу маълумотни эшитганини келтириб ўтади:
Қутайба ибн Саъд: "Агар Термизга борсангиз, Аҳмад ибн ал-Ҳасандан, Кешга борсангиз, Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангиз, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ва агар Шошга борсангиз, Абдуллоҳ ибн Абу Аробадан ҳадис ўрганингизлар", дедилар.
Мазкур манбада номи келтирилган кишиларнинг барчаси етук муҳаддислар силсиласига оиддир. Бу қайд муҳаддисларнинг ҳадис илмида тенги йўқ эканини эътироф этиш билан бирга, айнан манбада зикр қилинган маконлар Термиз, Кеш, Самарқанд ва Шошнинг ўша даврдаги илм-маърифат марказига айланганига манбавий асос бўлади.
Тарихдан маълумки, Кешдан Абдулҳамид Кеший, Муҳаммад ибн Абд Кеший, Абдуғаффор Кеший, Шухраф Кеший каби олтмишдан зиёд муҳаддислар етишиб чиққан.
Кешдаги илм-маърифат, ҳадис мактаби хусусидаги фикрларни Абу Саъид Абдулкарим Самъонийнинг "ал-Ансоб" асарида келтириб ўтилган қуйидаги тарихий манба ҳам тасдиқлайди. Абдулҳамид Кешийнинг шогирди Абу Саъид Бакр ибн Мирзабоний ибн Тоғрил ал-Можармий (Самарқанд қишлоқларидан бирининг номи)дан Абдулҳамид Кеший билан қачон кўришгани ва қандай таълим олгани хусусида сўралганда, у: "Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг ҳузурига амакимнинг ўғиллари Асад ибн Али ибн Тоғрил ал-Можармий ва Ҳасан ибн Али ибн Тоғрил ал-Можармийлар билан бирга бордик. Мен у вақтда ўн беш ёшда эдим. Абд ибн Ҳумайд Кеший бизга "Тафсир" ва "Муснад" асарларини бошидан то охиригача ўқиб, таълим берди ва бу таълим муддати тўрт ой давом этди. Кешда олган таҳсилимиз 249/863 йили робиъул охир ойида ниҳоясига етди. "Тафсир" ва "Муснад" асарларини тўлиқ эшитиб, ёзиб олдик. Бу таҳсилимиз Кешда бўлди. Бизнинг таълим олишимизга керак бўладиган қоғоз ва бошқа эҳтиёжларимизга Умар ибн Валид Самарқандий ва Абу Саъид Хўжандийлар ҳомийлик қилиб туришди. Абд ибн Ҳумайд Кешийдан таълим олишда биз билан бирга, Нуҳ ибн Жаноҳ ал-Можармий, Наср ибн Сайёр Довудий, Умар ал-Можармий, Собир ибн Мутаваккил ал-Можармий, Шуъайб ибн Канжил ал-Можармий ва бошқалар бор эди", деб хабар бериб ўтган.
Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарида келтириб ўтилган тарихий маълумот, муҳаддис Абдулҳамид Кешийнинг ўғли Муҳаммад ибн Абддан келтирилган манба ва Кешда давом этган таълим тўғрисидаги хабарлар, Кешда фаолият олиб борган ҳадис мактаби тўғрисидаги асосни тасдиқлайди.
Абдулҳамид Кешийнинг Кешда таълим олган охирги шогирдларидан бири Иброҳим ибн Хузайм ибн Қамар аш-Шоший саналади. Муҳаддиснинг бизгача сақланиб қолган "Тафсир Абд" ва "Муснад Абд" асарлари айнан шу шогирди томонидан ривоят қилинган ва қўлёзма шаклига келтирилган.
Абдулҳамид Кеший асарлари етиб келишида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммавай Сарахсийнинг ҳам хизмати беқиёс. Бу киши ўз даврида тасниф этилган, диёримиздан етишиб чиққан уч буюк муҳаддис Имом Бухорий, Имом Доримий ва Имом Кеший асарларини асл ровийлар, яъни муҳаддислардан шахсан ўзи эшитиб, ёзиб олган.
Муҳаддис ҳақида тарихчи Самоъний қуйидаги муҳим маълумотларни келтириб ўтади: "Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳамавай Сарахсий Бушанч Мовароуннаҳрга бориб, Имом Бухорийнинг "Саҳиҳул Бухорий" китоби ровийси Фирабр Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матр Фирабрийдан асарни тўлиқ эшитган. Бу воқеа 316/929 йилда бўлган. Ундан кейин Самарқандда Имом Доримийнинг "Сунани Доримий" китоби ровийси Абу Умар Аббос ибн Умар Самарқандийдан асарни эшитган ва кейин Харашкатда Абдулҳамид Кешийнинг "Муснад Абд" асари ровийси Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хайсам Шошийдан "Муснади Абд"ни эшитиб ёзиб олган". Бу нодир уч асарнинг қўлёзма нусхалари шу тариқа Аҳмад ибн Ҳамавай Сарахсийнинг хизмати боис сақланиб, кейинги даврга етиб келган.
Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишида бу асарларнинг аҳамияти катта бўлиб, Абдулҳамид Кеший томонидан жамланган "Мунтахаб мин муснади Абд ибн Ҳумайд" асари аввал тасниф этилганлиги боис ҳам асар ҳадис илми борасида ноёб манба ҳисобланиб келинган.
Абдулҳамид Кеший илмий меросига ва унинг шоҳ асари "Мунтахаб мин муснади Абд ибн Ҳумайд" асарига кўплаб муҳаддис ва муаррихлар томонидан турли таърифлар берилган. Масалан, Ибн Ҳиббон ўзининг "Сиқот" китобида: "Абд ибн Ҳумайд Кеший тафсир тасниф этган ва ҳадис жамлаган муҳаддислардан", деб таъкидлаб ўтади.
Ибн Нуқта: "Абд ибн Ҳумайд ибн Носир Кеший Абд ибн Ҳумайд номи билан машҳур бўлган муснад ва тафсир китоблари соҳиби бўлиб, энг ишончли ва парҳезкор муҳаддислардан", деб айтган бўлса, Самъоний "Абд ибн Ҳумайд Кеший муҳаддис ва муфассирларнинг қадри баланд бўлган имомидир", деб эътироф этган.
Имом Ёқут: "Имом Кеший муснад соҳиби ва улуғ муҳаддисларнинг биридир", деса, Имом Заҳабий: "Абд ибн Ҳумайд Кеший энг ишончли муҳаддислардан", деган. Абдулҳамид Кеший ва унинг меросига берилган мазкур таъриф ва баҳолардан кўриниб турибдики, муҳаддис ҳақиқатан ҳам ана шундай юксак мақом ва рутбаларга хос бўлган.
Муҳаддиснинг мероси ҳадис ва тафсир соҳасида асосий манба сифатида кенг фойдаланилган. Тафсир ва ҳадис илмида тасниф этилган асар борки, унинг муаллифлари Абдулҳамид Кеший маънавий меросига мурожаат қилган. Аллома асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхаларидан 24 таси дунё қўлёзмалар фондларида сақланиб келинмоқда.
Кеш Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари каби илм-фан, маданият ривожланган шаҳар бўлиб, Абдулҳамид Кеший яшаган даврда воҳада илм-маърифат ҳар қачонгидан ҳам ривожланган ва ўзига хос ҳадис мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Насаф ва Кеш шаҳарларининг бой тарихи ва алломалари ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билдирган қуйидаги фикрлар эътиборга молик: "Бу воҳада қадимда Нахшаб, Насаф, Кеш деган буюк шаҳарлар бўлгани, шундай тахаллуслар билан диний ва дунёвий илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз, азиз-авлиёларимиз ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Хусусан, Абу Туроб Нахшабий, Нажмиддин Насафий, Сайидо Насафий, Азизиддин Насафий, Абу Муҳаммад Кеший каби алломалар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин".
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, ислом динининг асосий манбаларидан саналган ҳадис илми ва муҳаддислар ҳаётини тарих ва манбашунослик нуқтаи назаридан чуқур ўрганиш ҳамда унинг асл инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларидан таркиб топганини тарғиб этиш исломшунос ва манбашунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода жорий йилнинг июнь ойида Шаҳрисабзда "Кеш - буюк алломалар юрти" мавзусида ўтказилиши мўлжалланган Республика илмий-амалий анжумани бу борада муҳим қадам бўлади, десак адашмаймиз.
Шукурилло УМАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари