Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

10.04.2018


ХЎЖАИЛҒОР: ҚАЙТА КАШФ ҚИЛИНГАН ТАРИХ – ЯНГИ САЙЁҲЛИК ЙЎНАЛИШИ

Дастлаб давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, кенг жамоатчилик, нуронийлар ва ёшлар Шаҳрисабз шаҳрида ўрнатилган Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишиб, буюк аждодимиз руҳига ҳурмат бажо келтиришди.

Тадбир иштирокчилари эътироф этгани каби Соҳибқирон қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси бўлиш билан бирга, тарихий ўзгаришлар палласида ҳал қилувчи ўрин тутган, дунё тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган зотдир.

- Афсуски, бир маҳаллар Амир Темур шахсига муносабат бутунлай бошқача эди, - дейди меҳнат фахрийси Саид ҳожи Қосимов. – Шу сабаб Соҳибқирондан жуда узоқ йиллар “узилиб” қолдик. Энди ўша бўшлиқни ул зот фаолияти ва моддий-маънавий меросини чуқур ўрганиш билан тўлдиришимиз керак.

Айтиш жоизки, жорий йилда Соҳибқирон таваллуди оилавий тарзда темурхонлик кечаларини ўтказиш, ёш болаларга Амир Темур ҳаётидаги ажойиб воқеаларни эртак ёки ривоят тарзида сўзлаб бериш, саркарда  севган шахмат ўйини бўйича спорт турнирлари ўтказиш, турли хил жисмоний тарбия машқларини ташкиллаштириш, кўча ва хонадонларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш каби хайрли, эзгу ишлар билан давом этмоқда. Ўз навбатида, бу билан Амир Темурнинг ҳаётий ибрати ҳар бир ўзбек хонадонига кириб бориши мақсад қилинди.

Амир Темур туғилган қишлоқ – Хўжаилғор эса тарихий қиёфа касб этган.  Соҳибқирон туғилган деб тахмин қилинадиган, тарихий хариталар ёрдамида топилган кўҳна қудуқ жойлашган манзил эрта тонгданоқ гавжумлашди. Майдонда отлар боғланган, ўтовлар тикилган, темурийлар, маликалар, жангчилар қиёфаси гавдалантирилган. Сал нарида ўша қудуқ, Такина хотун туғилажак фарзанди тақдиридан қайғуриб, қамишзорлар оша қудуқ ёнига етиб келади. Чунки башоратларда ҳар 800 йилда Соҳибқирон дунёга келиши ва у дунёни забт этиши айтилган. Шу сабаб ғанимлар томонидан Кешда янги туғилган гўдаклар қиличдан ўтказила бошланган. Бўлажак Соҳибқирон онаси шу ерда шитоб билан келаётган душман назаридан яширинади ва кейин боласини дунёга келтиради.

- Бу энди бир афсона, - дейди тарихчи Мўмин Азизов. – Айнан шу қудуқ бўлмаслиги мумкин, лекин Амир Темур Хўжаилғорда туғилгани аниқ.

Амир Темурнинг дунёга келгунича, туғилиш, болалик ва балоғат ёшидаги ҳаёти, ватанини босқинчилар зулмидан озод этиш, давлатчилик асослари, мамлакат бошқарувидаги энг муҳим фалсафий жиҳатлар театрлаштирилган саҳналар орқали очиб берилди.

Қумлоқда эса ёшлар Амир   Темур ёшлигида кўтарган, деб ҳисобланадиган, 100 килограмм атрофидаги полвонтошни кўтаришга уринади. Гарчи мазкур полвонтошнинг айнан Амир Темур ёки унинг даврига тегишли эканини тасдиқловчи манбалар бўлмаса-да, халқ тилида бу хусусда ривоятлар юради. Ҳолбуки, ҳар қандай ривоятда озгина бўлсин ҳақиқат учқуни бўлади. Ёш мусаввирлар эса ўз асарларида Соҳибқирон сиймосини акслантириш ҳаракатида. Амир Темур давлатига келган хориж сайёҳлари ўша давр ҳақида ўзига хос тасаввур беради.

Саҳна атрофида миллий ҳунармандлик намуналари, халқ ўйинлари намойиши, этнографик чиқишлар, Амир Темур даврини эслатувчи уйғун композиция хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотган.

Хўжаилғор қишлоғида, шунингдек, вилоят ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида Халқаро пресс-клубнинг “Хўжаилғор: қайта кашф қилинган тарих – янги сайёҳлик йўналиши” мавзусида сайёр сессияси ҳам ташкил этилди.

Сессияда асосий эътибор Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш, Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрни ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга қаратилди. Мақсад эса аниқ: таҳликали ва мўғул истибдоди ҳукм сураётган бир даврда буюк давлатга асос солган бобомиз сиймосини улуғлаш,  Хўжаилғорда янги сайёҳлик манзилини яратиш.

Энг асосийси, бу қишлоқ ўзининг тарихий илдизлари ва ўзига хос ноёб обидалари билан ҳар қандай сайёҳ эътиборини торта олади.

Биргина кўҳна қудуқни оладиган бўлсак, Яккабоғ тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Собир Ариповнинг айтишича, ундаги сув шифобахш бўлиб, таркибида инсон организми учун фойдали 17 хил элементни жамлаган.

Ислом дунёсининг таниқли вакилларидан бири, милодий VIII  асрда вафот этган ва халқ ўртасида Хўжа Илғор деб аталган Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосим мақбараси пойида эса Чиллабулоқ номли чашма бўлиб, ундан теридаги турли касалликлар ва яраларни даволашда фойдаланилади.

Бундан ташқари, Соҳибқирон ёшлик йилларини акс эттирувчи музей ташкил этилди. Хўжаилғор қабристони ҳудудида қолдиқлари топилган масжид тикланади.

- Халқ сайли кўринишида илк бор ўтказилаётган бугунги тадбир халқимиз кайфиятини кўтариб юборди. Энди бундай сайиллар ҳар йили анъанавий равишда ўтказилади, - деди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. – Мажмуа эса йил давомида очиқ бўлади. Умуман, вилоятдаги Амир Темур билан боғлиқ барча манзилгоҳлар янада ривожлантирилади, уларга сайёҳларни жалб этиш бўйича ишлар кучайтирилади.

Тадбир доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Шунингдек, Амир Темур руҳини хотирлаб, қуръон тиловат қилинди ва эҳсон оши тарқатилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo