Шундай сургун қилинганлардан бири Ланг фамилияли бир амалдор бўлиб, у йиғим-терим мавсуми олдидан бир масала юзасидан мурожаат қилган деҳқонларнинг муаммосини ҳал этишни атайлаб ортга сургани учун шу ерга келиб қолган.
- Партия мени шундай жазога лойиқ кўриб жуда тўғри қилди, - дейди Ланг. – Энди билсам, деҳқонларга нисбатан ҳаддан ташқари адолатсизлик қилган эканман, уларни одам ўрнида кўрмабман, муаммолари билан қизиқмабман. Мана бугун қилмишимга яраша жазоимни олаяпман...
Монастирда қайта тарбияланаётган собиқ амалдорлар тонг саҳардан туриб, шаҳар кўчаларида қўлларида идиш тутганча одамлардан хайр-садақа сўрашга отланишади. Одамлар ҳам асосан қайнатилган гуруч ва димлаб пиширилган сабзавот беришади уларга. Юзининг уят пардасини йиртиб, тиланчилик қилиб олинган бир чўқим гуруч ва бир пиёла сув билан тушлик қилган “маҳбус”га куннинг иккинчи ярмида тамадди қилишга рухсат этилмайди. Гарчи монастирда яшашса-да, амалдорлар роҳиблардан фарқли ўлароқ, жисмоний меҳнатга жалб этилади. Масалан, кўча супуришади, идиш-товоқ ювишади, хоналарни тартибга солишади. Улар қуп-қуруқ ерда ухлашади, на бўйра, на бир гилам бор.
Ланг 6 ойга бадарға қилинган. Яна 3 ой чидаб берса, аввалги ишига қайтади ва бошқа бундай номаъқулчиликка қўл урмайди. Агар эҳтиросларига яна қул бўлса, навбатдаги бадарға, яъни қайта тарбиялаш муддати бир йиллик қилиб белгиланади. Бу ерда ўтган ҳар бир кун қўлини совуқ сувга урмай, бировнинг ҳисобига айшу ишрат қилиб юрадиган амалдорлар учун нақ дўзахнинг ўзгинаси. Мамлакатда шундай тушунча мавжуд: амалдорнинг оёғи ердан узилдими, демак, уни ўзига келтириш учун бир муддат монастирга жойлаштириш, бу вақтда у таркидунё кишилари, яъни зоҳидлар билан яшаб, ғарибона, камсуқум ҳаёт кечириш тарзидан бохабар бўлиши шарт. Шунда кейинги қадамини ўлчаб босадиган бўлади.
Танаси бошқа дард билмас, деганларидек, ўз кўзи билан кўрмагунча, ўз танасида сезмагунча бировнинг дардини қайданам ҳис этиш мумкин?
- Монастирга ҳар йили ўнлаб турли даражадаги давлат амалдорлари, шу жумладан, шаҳар ҳокимлари ҳам “ташриф буюришади”, - дейди Лаос армиясининг собиқ лейтенанти, ҳозирда сайёҳлик агентлиги раҳбари Пхоу Вонг. – Бир сафар кимсан нақ бир вазирнинг ўзи бу ерда “дам” олган. Тоғ бағрида, қуюқ чакалакзор орасида қад ростлаган кичкина монастирда олти ой мобайнида ёмғирли кунлар остида, ботқоқ чивинлари қуршовида ҳаётнинг ҳақиқий машаққатини, аччиқ-чучугини бошидан ўтказган. Бундай синов чиғириғидан ўтган одам қайтиб қонунбузарликка қўл урмаслиги тайин. Ахир ким ҳам иссиққина жойини ташлаб, азоб-уқубатларга тўла шармандали ҳаётни афзал биларди...
Хўш, вазир бўлса нима бўпти? У ҳам ҳамма қатори одам, фуқароси қандай яшаётганини билиб қўйсин-да. Бадарға қилинганларга қариндошлари томонидан озиқ-овқат, кийим-кечак ёки қулайлик учун зарур бўладиган бошқа нарсалар олиб келиш тақиқланади.
Аввалига собиқ советлар тузумидан улги олган мамлакат аксарият монастирларни ёпиб ташлаганди, бироқ амалдорларнинг қуюшқондан чиқиши, на дин, на қонунни писанд қилмай қўйгани ва яна бошқа сабаблар боис 80-йилларга келиб аввалги ҳолатга қайтилди.
- Бу ер ўтакетган манман, димоғи шишган, босар-тусарини билмай қолганлар учун ҳақиқий ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди, - дейди монастир роҳибларидан бири Сиенг Тхонг. – Қайта тарбияланиб чиққан амалдорлар бунгача қанчалик худбин бўлганини англаб етишади ва келгусида фуқаролар билан одамга ўхшаб муомала қилади, қонунларга ҳурмат билан қарайди.
- Демак, бу қамоқхонадай гап экан-да, - деган саволга шу ердаги монастирлардан бирининг бош руҳонийси Рача Чан шундай жавоб беради: “Йўқ, бу қамоқхона эмас, аксинча тарбия маскани. Қадимий анъаналарга мувофиқ, Лаосда яшайдиган ҳар бир фуқаро камида уч ой фоний дунё лаззатларидан айро тарзда яшаб кўриши зарур. Шунда бирон бир ножўя ҳаракат қилишдан олдин бу ердаги ҳаётни кўз олдига келтириб, ниятидан қайтади”.
Лаосда бундай қоидаларга қатъий риоя қилиниши натижасида мамлакатда амалдорларнинг фуқароларга нисбатан муносабати кескин ўзгарган, порахўрлик деярли барҳам топган, қонунларга ҳурмат билан қараш шаклланган. Буларнинг барчаси ривожланиш учун муҳим омил сифатида баҳоланади. Энг асосийси, ҳукумат тепасида турган амалдорлар давлат ҳокимиятининг асл манбаи халқ эканлигини ва улар фуқаролар манфаатларига хизмат қилишга бурчлилигини унутишмайди.
Георгий ЗОТОВ
“Аргументы и факты” газетасидан М.МУРОДОВ таржимаси