Бу йил “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида нишонланаётган мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами ҳамда муборак Қурбон ҳайити айёми бир кунга тўғри келгани нур устига нур бўлди.
Шу ўринда бир далилни эслаб ўтмасак бўлмас. Собиқ иттифоқ даврида вилоятимиздан бор-йўғи 3 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратига борган бўлса, юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг 3700 нафардан зиёд киши Ҳаж, 2 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз эса Умра зиёратини бажариб қайтдилар. Биргина ўтган йили вилоятимиздан 300 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратини адо этган бўлса, жорий йил уларнинг сони 408 кишини ташкил қилмоқда.
Қурбон ҳайитининг номидан маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйиш, яъни қурбонлик қилишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак. Аталган жонлиқ қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз.
Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, кўплаб хайр-эҳсон улашиладиган кундир.
Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, оила аъзоларига совға, ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб ишлардан биридир.
Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Узоқлашиб кетган қариндошлар, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак.
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юради, уни орзиқиб кутади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғуси шаклланишида, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак. Ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келади.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб олганидек, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориш, йиғи-сиғи қилиш шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ва яқинларимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик.
Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукур қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншооллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умиди дуода бўлган марҳумларга ҳам етиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини ва юртимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамини муборак қилсин! Кейинги йилда ҳам бу байрамларга соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишимизни Яратган барчамизга насиб этсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Раҳматилло УСМОНОВ, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби