Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти тўғрисида”ги, 2011 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор билан хайрия маблағи тўплаш ўн кунлигини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларга хайрия маблағи тўплаш ўн кунлигини уюшқоқлик билан ўтказиш ва Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти бошланғич ташкилотларини ташкил этиш, жамоавий аъзоликни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли шериклик шартларини тузишда Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ва унинг шаҳар, туманлар бўлимларига амалий ёрдам кўрсатиш юклатилди.
Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотига вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда хайрия ўн кунлиги маблағлари ҳисобидан Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотининг фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича захирасини зарурий ашёлар билан тўлдириш чораларини кўриш; туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда вилоятдаги давлат қуйи тизими хизматларидаги санитария дружина ва санитария постларини фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга тайёрлаш бўйича шартнома асосида ўқитишни ташкил этиш топширилди. Шунингдек, жойларда мавзуга доир семинар ва учрашувлар, маданий тадбирлар ўтказилиши белгиланди.
Хайрия ўн кунлиги муносабати билан тўпланадиган маблағ Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилотининг ТИФ “Миллий банк” вилоят бўлимидаги 20212000200471739001 (МФО: 00150, СТИР: 200672077) ҳисоб рақамига ўтказилади.
Хайрия ўн кунлиги муносабати билан тўпланган маблағ ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялашга, табиий ва техноген фалокатларда жабрланганларга гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳамда фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш учун захира яратиш ишларига сарфланиши белгилаб қўйилди.
Т.ПЎЛАТОВ