Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • ХАЛҚАРО МЕВА-САБЗАВОТ ЯРМАРКАСИ: ВИЛОЯТИМИЗ ЭКСПОРТЧИЛАРИ КЎПГИНА ҲАМКОРЛАР БИЛАН МАНФААТЛИ КЕЛИШУВЛАРГА ЭРИШДИ

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

30.01.2017


ХАЛҚАРО МЕВА-САБЗАВОТ ЯРМАРКАСИ: ВИЛОЯТИМИЗ ЭКСПОРТЧИЛАРИ КЎПГИНА ҲАМКОРЛАР БИЛАН МАНФААТЛИ КЕЛИШУВЛАРГА ЭРИШДИ

Олим Мейликов, Китоб туманидаги “Каромат  Рустамова” МЧЖ раҳбари:

- Агрофирмамиз ўтган йили ташкил этилган бўлиб, фаолиятимиз асосан боғдорчилик маҳсулотларини экспорт қилишга қаратилган. Маълумки, туманимиз ҳудудининг иқлими кўпроқ мева-сабзавот етиштиришга мослашган. Бу борада бизда кенг имконият ва салоҳият мавжуд. Туманимизда етиштирилаётган шириндан шакар узум, олма, анорнинг донғи кўплаб мамлакатларга ёйилган. Шу боис жаҳон бозорида уларга талаб юқори.

Ярмаркада қатнашиб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Бир қанча чет эл ташкилотлари вакиллари биз билан маҳсулот етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Якунда Россиянинг Москва шаҳрида фаолият кўрсатаётган 2 та фирма билан қиймати 20 миллион долларлик мева-сабзавот экспортини амалга ошириш бўйича шартнома қилдик. Хорижлик ишбилармонлар маҳсулотларимизнинг сифати ва мазасига юқори баҳо беришди.

Тез орада четга маҳсулот чиқаришни ҳам бошлаймиз. Ҳозир узум ва помидор жўнатиш тараддудидамиз. Кишмиш аллақачон пишган. Дуккаклиларга ҳам талаб бўлаяпти. Тумандаги 150 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи билан келишувимиз бор. Келгусида эса талабга қараб узлуксиз маҳсулот етказиб беришда давом этамиз.  Эътиборлиси, ярмарка чоғида қозоғистонлик ҳамкорлар бевосита туманимизга келиб, мавжуд имкониятлар билан танишишга хоҳиш билдиришди. Агар илгари сурилажак шартлар икки томонни ҳам қаноатлантирса, экспорт қилинадиган маҳсулот ҳажми ортиши тайин.

Аҳамиятлиси, бугун хорижда нафақат биздаги ҳўл мева, балки қуритилган маҳсулотнинг ҳам харидори бор. Бу бўйича таклифлар ҳам келиб тушди. Шундай экан, мева-сабзавотни саноат усулида қайта ишлашни мақсад қилдик. Йил охирига қадар тегишли лойиҳамизни амалга оширмоқчимиз. Бу хорижга чиқариладиган маҳсулот тури ошишидан, янги иш ўрни яратилишидан даракдир.

Ашур Холтожиев, Косон туманидаги “Қашқадарё Косон” агрофирмаси раҳбари:

- Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилгани билан муҳимдир. Сир эмаски, бугун дунёнинг айрим мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаяпти. Аксинча, юртимиз аграр соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар  туфайли бугун биз эҳтиёждан ортган мева-сабзавотни экспортга йўналтириш имконига ҳам эгамиз. Буни мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган халқаро ярмарка  натижалари янада яққол кўрсатди.

Мазкур нуфузли форум биз учун кутилганидек муваффақиятли якунланди. Россиянинг Тюмень шаҳридаги “Альфа инвест” масъулияти чекланган жамияти билан манфаатли келишувга эришдик. Экспорт қилинажак маҳсулотнинг умумий қиймати 2 миллион долларга етди. Мавсум давомида 200 тонна шолғом, 2000 тонна сабзи, 100 тонна турп, 100 тонна қовоқ, 5000 тонна пиёз, 500 тонна кўкат етказиб бериш мажбуриятини олдик. Ушбу сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар туманимизда кўплаб топилади. Уларни асосан аҳолидан харид қилишни мўлжаллаяпмиз. Қолаверса, “Торпедо” навли қовун, ошқовоқ ва узумнинг бир неча хилини  экспорт қилмоқчимиз. Тез орада маҳсулотни юклаб, йўлга чиқаришни ҳам бошлаймиз.

Қувонарлиси, йил бошида ҳам хорижлик ишбилармонлар билан 4 миллион долларлик мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзолагандик. Шу вақтгача Латвияга 17 тоннадан зиёд қовун жўнатган бўлсак, Қозоғистон пиёзимизга харидор бўлди.

Камолиддин Набихўжаев, Қарши туманидаги “Beshkent agro exam” МЧЖ раҳбари:

- Мамлакатимизда олиб борилаётган халқпарвар сиёсат туфайли бугун бозорларимиз тўкин-сочин, далаларда ризқ мўл-кўл. Ярмаркада намойиш этилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотларимизни кўрган чет элликлар ҳам салоҳиятимизга, соҳада қўлга киритаётган ютуқларимизга тан беришди, десам адашмайман. Ўзим шу нарсага ишонч ҳосил қилдимки, заминимизда унган ҳар қандай мева-чеваю сабзавотга дунёда талабгор бор. Буни четга маҳсулот сотиш бўйича 10 миллион долларлик шартнома тузганимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Савдо шерикларимиз Қозоғистондан. Улар биздан шафтоли, узум, помидор, бодринг, кўкат, бақлажон, сабзи, саримсоқ, аччиқ ва ширин булғор қалампири сотиб оладиган бўлишди. Асосий ишлаб чиқарувчиларимиз аҳоли ҳисобланади.

Эътиборлиси, ярмаркадан аввал ҳам чет элликлар билан келишувлар тузишга эришгандик. Ҳозиргача Қозоғистон давлатига 260 минг долларлик олхўри, нок, ўрик, узум жўнатишга муваффақ бўлдик. Мавсумда маҳсулот етказиб бериш узлуксизлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Фазлиддин Эсонов, Қамаши туманидаги “Агровосток” МЧЖ раҳбари:

- Бир неча йилдан бери қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланиб келамиз. Мазкур ярмарка эса хорижлик шерикларимиз доирасини янада кенгайтириш имконини берди. Россиянинг “Сервис стар” фирмаси билан қиймати 1 миллион долларлик шартномага имзо чекдик. Уларга йил давомида узум, лимон, қароли, помидор етказиб берамиз. Айтишим лозим, ушбу маҳсулотларнинг асосий қисмини ўзимиз етиштирамиз. Мисол учун, 1 гектардан ошиқ жойда лимонарий барпо қилганмиз. Жорий йилдан ҳосил олишга киришамиз. Узумзоримиз ҳам бор. Қолаверса, 50 дан ортиқ фермер хўжалигидан мева-сабзавот сотиб олишга келишганмиз.

Экспорт кўлами ошаётгани сабабли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга аҳд қилдик. Келгусида 6 гектар майдонда узумзор, 110 гектар ерда боғ барпо қилмоқчимиз. Сақлаш масаласи ҳам эътиборимизда. Жорий йилда сиғими 1000 тонналик совутиш камерасини қуриб битказдик. Бунинг учун 450 минг евродан ортиқ маблағ сарфлаб, Италиядан замонавий технологиялар олиб келдик. Эндиликда маҳсулотни узоқ вақт асл ҳолича сақлай оламиз. Албатта, мавсумда бу бизга қўл келади. Бундан ташқари, хорижлик ҳамкорларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилаётган томат пастасига ҳам қизиқиш билдиришди. Келадиган даромад ҳисобидан янги тармоқларни йўлга қўйишни мўлжаллаяпмиз.

***

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига асосан, ярмарка якунларига кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 270 та шартнома имзоланди. Экспортга йўлланадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo