Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 июль, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Халқаро Наврўз куни - International Day of Nowruz: БОЛҚОНДА, ЯҚИН ШАРҚДА, КАВКАЗДА, МАРКАЗИЙ ОСИЁДА, ҚОРА ДЕНГИЗ ҲАВЗАСИДА...

Ўз мухбиримиз

18.03.2022


Халқаро Наврўз куни - International Day of Nowruz: БОЛҚОНДА, ЯҚИН ШАРҚДА, КАВКАЗДА, МАРКАЗИЙ ОСИЁДА, ҚОРА ДЕНГИЗ ҲАВЗАСИДА...

Сана

"Наврўз анъаналари ва маросимлари Шарқ ва Ғарб цивилизациялари маданияти ва қадимий урф-одатларининг ўзига хос хусусиятлари - инсоний қадриятларнинг ўзаро алмашинуви туфайли ушбу цивилизацияларнинг шаклланишига таъсир кўрсатиб келган асосий негизларни акс эттиради".

Бу сўзлар 2010 йил 23 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида қабул қилинган резолюцияда битилган.

БМТнинг расмий сайтида қайд этилишича, мазкур ҳужжатнинг лойиҳаси Бош Ассамблеяга жаҳоннинг 11 та мамлакати (Албания, Афғонистон, Козоғистон, собиқ Югославия таркибидаги Македония Республикаси (ҳозирги Шимолий Македония), Озарбайжон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Эрон, Қирғизистон ва Ҳиндистон) томонидан тақдим қилинган ва тасдиқланган эди. Унга асосан 21 март Халқаро Наврўз куни, деб эътироф этилди ва БМТ томонидан ҳар йили дунё миқёсида нишонланадиган халқаро кунлар ва ҳафталар рўйхатига киритилди.

- Наврўз (Novruz, Navruz, Nooruz, Nevruz, Nauryz) "янги кун" деган маънони англатади ва ҳар йили 21 март куни нишонланади, бу сўзнинг ёзилиши ва талаффузи турли мамлакатларда бир-биридан фарқ қилиши мумкин, - дея изоҳ келтирилган резолюцияда.

64-сессияда Бош Ассамблея БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) 2009 йил 30 сентябрда қабул қилган Наврўзни Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш ҳақидаги қарорини ҳам қўллаб-қувватлади.

- Наврўз, баҳорги тенгкунлик куни, янги йилнинг бошланиши сифатида бутун дунёда 300 миллиондан ортиқ киши томонидан нишонланади ва 3 минг йилдан ортиқ вақт мобайнида Болқонда, Яқин Шарқда, Кавказда, Марказий Осиёда, Қора денгиз ҳавзасида ва бошқа минтақаларда байрам қилинади, - дея қайд этилади "Халқаро Наврўз куни" деб номланган 64/253-сонли резолюцияда. - ...Наврўз маданий мерос ва кўп асрлик анъаналар бирлигининг тимсоли бўлиб,  халқлар ўртасида  ўзаро ҳурмат, тинчлик ва яхши қўшничилик идеалларига асосланган алоқалар мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнайди.

Резолюцияда Наврўзнинг табиат билан уйғунликда яшашга ундаши, шунингдек, яратувчанлик меҳнати ва табиатдаги янгиланиш жараёнларининг чамбарчас боғлиқлигини англашга, ҳаёт манбалари бўлмиш табиий неъматларни асраб-авайлаш ва эъзозлашга қаратилганлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.

БМТ Бош Ассамблеяси Наврўз нишонланадиган барча мамлакатларнинг бу байрам билан боғлиқ урф-одатлар ва анъаналарни сақлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаб, унинг келиб чиқиш тарихи, ўзига хос хусусиятларини чуқур ўрганиш ва  халқаро ҳамжамиятни Наврўз мероси ҳақида кенг хабардор қилишга чақирди.

Айни пайтда ҳужжатда БМТга аъзо мамлакатлар ва унинг ихтисослаштирилган муассаса, жамғарма ва дастурлари, жумладан, ЮНЕСКО, бошқа халқаро, минтақавий ва нодавлат нотижорат ташкилотларига Наврўзни нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиш ҳам тавсия қилинди.

21 март санаси Халқаро Наврўз куни сифатида эътироф этилган йилдан бошлаб ҳар йили БМТ Бош котиби ва ЮНЕСКО Бош директори бу байрамни нишонлаётган халқларга ўз табрикларини йўллашмоқда. Масалан, 2020 йилда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним коронавирус пандемияси оқибатида кўпгина кишилар аввалгидек баҳорги тенгкунликни нишонлай олмаслигини билдириб, "Наврўз ўзи билан келажакка умидни олиб келмоқда" дея таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан ЮНЕСКО раҳбари Наврўз байрамини Ливанда ўтказилаётган авлиё Варвара (ид ил-Бурбара) ва Сардинияда нишонланадиган авлиё Иосиф кунлари ҳамда қадимги Миср ва Юнонистондаги Осирис ва Афродита ибодатларига ўхшатиб, бу тантаналарнинг барчаси янги униб чиққан майсалар ва ёш ниҳолларни улуғлаб, вужудга келаётган янги ҳаёт ва замин ҳосилдорлигини тараннум этишга бағишланганлигини билдирганди.

Ўз навбатида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўтган йили 21 мартда ўқиб эшиттирган табригида севимли байрамимизга қуйидагича таъриф берган эди:

- Дунё COVID-19 устидан ғалаба қозониш учун бирлашаётган бир пайтда Наврўз барчамиз учун тикланиш, янада адолатлироқ ва янада ишончлироқ усулда, табиат билан уйғунликда тикланиш учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътиборли томони, 21 март куни жаҳон ҳамжамияти Халқаро Наврўз куни билан бир қаторда Халқаро ирқий камситишларни бартараф этиш учун курашиш куни (1969 йилда жорий этилган), Бутунжаҳон шеърият куни (1999), Бутунжаҳон Даун синдромига эга инсонлар куни (2011), Халқаро ўрмонлар куни (2012) ни ҳам нишонлаб келмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo