инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади
Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, галдаги мақсадлар хусусида тўхталиб, "Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим", дея таъкидлаган эди.
Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва тизимни ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Айни пайтда республикамиздаги барча судьялар мустақил суд ҳокимиятининг том маънодаги аъзоларидир, уларнинг юксак мақомига муносиб шароит ҳамда имкониятлар яратилди.
Ўз навбатида судьялар ҳам қонунларни мукаммал билиши, муқаддас тутиши ва уларга доимо, ҳар бир ишда қатъий риоя этиши шарт. Судья ўзида чинакам ватанпарварлик туйғусини тарбиялаши, Ватанга ва халққа бўлган садоқатини ҳар бир ҳаракатида намоён қила билиши, фуқароларнинг давлат ва жамият олдидаги масъулиятини юрак-юракдан ҳис этиши, судьялик қасамёдига доимо содиқ қолиши, ўз мажбуриятини адолатли, тезкор, виждонан ва юқори профессионал даражада бажариши даркор.
Бу борада Президентнинг 2018 йил 13 июлдаги фармонига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида мастер-класс ва "Суд билимдони" тадбирлари ўтказилгани муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаш жоиз. Эътиборлиси, мазкур жараёнда судья ва суд ходимларининг халқаро стандартларга мос равишда шаклланишига асосий эътибор қаратилди.
Маълумки, суд жараёнининг маданияти, унинг тарбиявий вазифаси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, ушбу жараён шахснинг ахлоқий тарбияси қайта шаклланишини таъминлашга қаратилган одил судловнинг самарали ҳуқуқий шаклларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, суд мажлисида судья процессуал қонун билан берилган ваколатидан усталик билан фойдаланиши, ўз муносабати билан бирон-бир кишини ранжитиб қўймаслиги, уларнинг шахсига тегмаслиги зарур. Судьянинг ҳаракатлари суд жараёнининг у ёки бу иштирокчисига қараб ижобий ёхуд салбий кўринишда бўлиши мумкин эмас.
"Мастер класс" тадбирлари давомида намунали давлат айбловчиси, ҳимоячи ҳамда жабрланувчининг вакили каби номинациялар ҳам киритилди ва бу вазифалар айнан судьялар томонидан бажарилди. Хўш, нега?
Биламизки, Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси "Судда ишларни юритишда тортишув" деб номланади. Унда иш судда кўрилаётганда айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал қилиш вазифалари бир-биридан алоҳида бажарилади ва айнан бир орган ёки айнан бир мансабдор шахс зиммасига юклатилиши мумкин эмас, дейилган. Бу - бир орган ўзининг ваколатини иккинчи бир органга юклаб қўйиши мумкин эмас, деганидир. Судда тарафлар ўзаро тортишиши, ҳар бири ўзининг позициясини исботлаб бериши, судда аниқланган ва тўпланган далилларга асосан ҳеч бир тарафга ён босмаган ҳолда холисона баҳо берилиши керак.
Судья суд жараёнида давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили билан бевосита мулоқотда бўлади. Тарафларнинг илтимосномаларини ҳал қилади, баъзан ҳар-хил тортишув ва келишмовчилик ҳолатлари учраб туради. Бундай вазиятларни бартараф этиш судьянинг салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Айнан шу жараёнда, судья ўзини йўқотмаслиги, хотиржам, қонун моҳиятига мос равишда тутиши, ҳиссиётларга берилмаслиги, судьялик маданиятини юқори даражасида намоён эта билиши лозим.
"Мастер класс" ўтказишда Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилмаган бўлса-да, суд процессини суд приставлари иштирокида ўтказишни йўлга қўйдик.
Суд пристави барча ривожланган давлатларда фаолият юритади. Бизнинг қонунчилигимизда эса бу тизим ҳали назарда тутилмаган. Яъни суд биносида, суд ҳовлисида ва суд процесси давомида жамоат тартибини бузган шахслар ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш, уларга чора кўриш тартиби ва механизми мавжуд эмас.
Россия Федерациясининг тегишли Федерал қонунига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Бош суд пристави ва унинг жойлардаги субъектлари фаолият олиб боради. Унинг асосий вазифалари Конституциявий суднинг, Олий суднинг ва умумий юрисдикция судларининг ўрнатилган тартибдаги фаолиятини амалга оширишни таъминлаб беришдан иборатдир.
Суд пристави асосан икки йўналишда фаолият юритади.
Биринчиси, суд биносида, суд ҳовлисида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ишларини ва ашёвий далилларнинг иш кўрилаётган жойга хавфсиз етказилишини ва қайтарилишини таъминлаш, суд мажлисида судьяларнинг, халқ маслаҳатчиларининг, жабрланувчининг ва бошқа процесс иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, судга келишдан бўйин товлаган шахсларни мажбурий келтириш, судга ҳурматсизлик қилган, суд тартибини ёки жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан суриштирув ишларини амалга ошириш, суддан яширинган шахсларнинг қидируви амалга оширилишида ички ишлар органи билан ҳамкорлик қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишдан иборат.
Иккинчиси, суд қарорлари ва бошқа ташкилот ҳамда мансабдор шахс қарорларининг ижросини таъминлашга қаратилган.
Келажакда мамлакатимизда Суд пристави тизими ташкил этилса, бу албатта одил судловнинг қонунларимизга ва халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилишини таъминлашга, суд процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларимизни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 27-моддасида процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар, шунингдек, жиноят ишини юритишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ушбу кодексда белгилаб қўйилган тартибда ва муддатда суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва суднинг процессуал ҳаракати ёки қарори устидан шикоят беришга ҳақлилиги белгилаб қўйилган бўлса-да, суднинг назорат ваколати белгиланмаган, аксинча айнан шу жиноят-процессуал қонунчилик билан суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини юритишда қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш фақат прокурор томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги оқибатида суднинг назорат ваколати йўққа чиқарилган.
Жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликларига ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширувчи, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи суриштирув, тергов ва жазони ижро этиш ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятларни ҳамда илтимосларни кўриб чиқувчи "Тергов судьялари", суриштирувчи, терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасалари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга арз қилиш ва зудлик билан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини холис суд томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилса, суриштирув, дастлабки тергов ва жазони ижро этиш босқичида суд назоратини олиб боришга имконият яратилади, бу эса суриштирув ва дастлабки тергов идораларида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, соҳадаги ташаббус ва ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси