Матбуот анжумани
Вилоятда 952 нафар шифокор ўрни вакант, ушбу муаммонинг ечими сифатида "Dr Boboev Healh center" МЧЖ ва Neo Institute of Medical Sciences and Technology (Ҳиндистон), Истанбул Соғлиқ билимлари университети (Туркия)нинг таъсисчилигида Қарши шаҳрида нодавлат халқаро тиббиёт университетини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев ва бошлиқнинг биринчи ўринбосари Шавкат Ғаффоров иштирокида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Бу галги анжуман "Оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларида аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар" мавзусига бағишланди. Унда қайд этилганидек, бирламчи тиббиёт муассасалари сирасига ҳудудлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, маҳалла тиббиёт пунктлари киради. Вилоятдаги 199 та амбулатор-поликлиника муассасасида (16 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 83 та оилавий поликлиника, 100 та оилавий шифокорлик пункти) 2508 нафар врач ва 12 минг 714 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади.
Воҳамиз аҳолисига хизмат кўрсатаётган 1689 та тиббий бригада 1100 нафар оилавий шифокор, 3865 нафар оилавий ҳамшира, 1689 нафар амалиёт ҳамшираси ва 4040 нафар доядан ташкил этилган.
Жорий йилда бирламчи тиббий муассасаларидан камида 10 километр узоқликда жойлашган 95 та маҳаллада махсус контейнерлар ўрнатилиб, тиббиёт пунктлари ташкил этилган. Бунинг эвазига кундузги шифохоналарда ташкил этилган ўринлар сони 1387 тани ташкил этиб, 2021 йил (790 та)га нисбатан 597 тага ошган. Ўз навбатида кундузги шифохоналарда даволанган беморлар сони ҳам мутаносиб равишда ўтган йилнинг мос даврига (35 минг 644 нафар) нисбатан 21 минг 389 нафарга ортиб 57 минг 033 нафарни ташкил этди.
Яқинда ўтказилган видеоселекторда Президентимиз мамлакат бўйича икки ой муддатда 300 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш, келгуси йил 1 мартга қадар бундай тиббиёт пунктларини оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада ҳам барпо этиш, 30 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникасини ташкил этиб, уларни жиҳозлаш, келгуси йилда яна қўшимча 140 та шундай муассасани ташкил этиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш, умуман, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлаш сингари бир қатор масалалар бўйича топшириқлар берди. Бу топшириқлар асосида вилоятимизда бир қатор хайрли ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда.
- Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Касби, Китоб, Миришкор, Муборак, Нишон, Кўкдала, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларидаги 47 та оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари жами 155 дона "буржуйка" печлар асосида иситилади, - дейди Бобур Тешаев. - Уларни замонавий тежамкор иситиш қозонларига алмаштириш учун маҳаллий бюджетдан 6,3 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, олис ва узоқ ҳудудларда жойлашган 24 та тиббиёт муассасасида қуёш панеллари ва қуёш сув иситкичларини ўрнатиш учун маҳаллий бюджетдан 1,6 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб берилди, таклифлар бўйича фикр алмашилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА