Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 февраль, чоршанба. 2025 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар бўйида "Service area" ва "Service point" мажмуалари барпо этилади

Ўз мухбиримиз

06.02.2025


Халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар бўйида "Service area" ва "Service point" мажмуалари барпо этилади

Инфратузилма

Тез орада вилоятимизда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйида халқаро стандартларга жавоб берадиган 10 та замонавий сервис объекти - "Service area" ва "Service point" мажмуалари ташкил этилади.

Бу борадаги мақсадли кўрсаткичлар мамлакат Президентининг жорий йил 27 январдаги қарори билан тасдиқланиб, уларга асосан воҳамизда барпо этилажак бундай объектларнинг 8 таси мастер-режа асосида аукцион савдоларига чиқариладиган ер   участкаларида қурилади, яна 2 таси эса қуриб битказилган ҳолда тайёр бизнес шаклида кимошди савдосига қўйилади.

Йўлбўйи инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ҳудудларини аниқлаш ва ер участкаларини электрон аукцион савдоларига чиқариш билан боғлиқ  чора-тадбирлар 2025 йил давомида амалга оширилади. Бунинг учун Давлат мулкини бошқариш агентлиги, вилоят ҳокимликлари ва Автомобиль йўллари қўмитаси масъул ҳисобланади.

Автомобиль йўллари қўмитаси мутахассисларининг тушунтиришича, "Service point" (инглизчадан таржимаси - хизмат кўрсатиш нуқтаси) объекти одатда автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда электромобилларни қувватлантириш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, дўконлар, техник сервис пунктлари ва санитария-гигиена шохобчаларидан иборат бўлади. "Service area" (хизмат кўрсатиш ҳудуди) мажмуаси эса "Service point" объектлари ҳамда TIR-парк (халқаро ташишларда фойдаланиладиган транспорт воситалари автотураргоҳи), мотеллар, автомобилларни ювиш шохобчалари ва Wi-Fi нуқталарини ўз ичига олади.

Қарорнинг тегишли иловасида қайд этилганидек, вилоятимизда халқаро аҳамиятдаги йўллар узунлиги 425 километр, давлат аҳамиятидаги йўллар узунлиги эса 902 километрни ташкил этади.

Report typo