Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам “Ўзбекистонимизнинг кўп асрлик тарихи ва кейинги 25 йиллик ривожланиш даври, ўз давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган тараққиёти бу ҳақиқатни яна бир бор яққол тасдиқлаб берди. Ана шу бунёдкорлик жараёнининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи, ҳеч шубҳасиз, кўпмиллатли халқимиздир”, дея алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.
Маърузада биз депутатларнинг олдига парламент назоратининг самарали усулларидан фойдаланишга қаратилган жуда муҳим вазифалар қўйилди. Яъни, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини янада такомиллаштириш, бунда депутат ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида ўзи сайланган ҳудуддаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиши, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса бериши тавсия этилди.
Бундан ташқари, халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш бўйича мамлакатимиз Конституциясининг 32-моддасида, шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунлар ва бошқа ҳужжатларда муҳрлаб қўйилган талабларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зиммамиздаги энг муҳим вазифалардан бўлиб қолади. Шунингдек, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, бу борада эса хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш зарурлиги белгилаб қўйилди.
Келгусида ишимизни тўғри ташкил этиш, унинг самарадорлигини таъминлаш, фаолиятимизни сифат жиҳатдан замон талаблари даражасига кўтаришда юқоридаги таклиф ва тавсиялар асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, Олий Мажлис ва жойлардаги вакиллик органларининг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини ошириш, ижро этувчи ҳокимиятнинг қонунлар ижросини сўзсиз таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш имконини ҳам беради.
Бугун барча юртдошларимиз ҳаракат ва интилишларида, авваломбор, Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиш, уни мустаҳкамлаш, аҳолининг реал даромадларини, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, инсон манфаати ва эркинлигини таъминлаш, тинч ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу ғоя мужассам. Ана шу орзу-ниятларни амалга ошириш, уларни ҳаётимизнинг бош мақсадига айлантиришда ҳеч биримиз четда қолмай ҳаракат қилишимиз лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Дилфуза ЖАЛИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати