Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исломиддин АБРОРОВ

22.12.2016


ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ – ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

 

Қувонарлиси, бугун халқимиз ўзини бахтли, келажакка ишонч билан қарайдиган эл сифатида кўрмоқда. Чунки турмушимиз фаровон, ҳаётимиз обод, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли бўлиб ўсмоқда. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?

Биз кўпни кўрган, курашларда тобланган, ор-номусимиз, қадр-қимматимиз ва қадриятларимизни юксак баҳолайдиган халқмиз. Собиқ тузум асоратларини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари топталган, хўрланган, зуғум қилинган даврларни яхши эслаймиз. Шу боис эл-юртимиз нималар ҳисобидан, қандай оғир ва машаққатли кунлар, синовларни бошдан кечириб, бугунги ютуқ ва марраларга эришилганини холисона баҳолаб, эртанги ёруғ, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган келажагимизга онгли равишда қадам қўймоқда.

Шу маънода пойтахтимизда жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган маърузасини халқимиз катта мамнуният ва хурсандчилик билан қабул қилди.

Айниқса, Президентимиз нутқидаги “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган сўзлари барчамизни тўлқинлантирди.

Президентимиз нутқидаги мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда олдимизда қандай вазифалар тургани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, ташаббус ва ғоялар ҳар биримиз учун ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтайди.

Шунингдек, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида халқ вакиллари ҳисобланган сенатор ва депутатларнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ўрганиб, бу борада ўз хулосаларини бериб бориши тизимининг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари нутқидаги устувор йўналишлар, хусусан, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, ҳудудларни комплекс ва янада жадал ривожлантириш, аҳолининг реал даромадларини, турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган эътибор, буларнинг барчаси юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ёдингизда бўлса, Биринчи   Президентимиз Ислом Каримов имзолаган дастлабки қонун ҳужжатларидан бири ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида эди. У кишининг сиёсий вориси Шавкат Мирзиёев ҳам Президент вазифасини бажарувчи сифатида дастлаб “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди.

Маълум мақсад асосида йилларни номлаш жорий қилиниб, 1997 йил Биринчи Президентимиз томонидан Инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган бўлса, Шавкат Мирзиёев ҳам Президент сифатида 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номлашни таклиф қилди ва бу олқиш билан кутиб олинди.

Бу нимадан дарак? Албатта, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида Биринчи Президентимиз бошлаб берган кенг кўламли ишлар бундан кейин ҳам муносиб давом эттирилишидан нишона.

Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур ҳақиқатни англаган ҳолда ҳар биримиз халқ ишончига муносиб бўлишга интилишимиз лозим.

Report typo