Мурожаатнинг ҳал этилиши орқали одамлар оғири енгил бўлади. Мавжуд муаммолар бартараф этилади. Пировардида аҳолининг турмуш фаровонлиги таъминланади, ривожланиш, тараққиёт бўлади. Фуқароларда давлат идораларига ишонч юксалади.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инсон манфаатларини энг олий қадриятга айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Маълумки, мамлакатимизда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаслигига қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Бош қомусимизнинг 35-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унда ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Ўтган йилнинг 25 сентябрида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси эса мурожаатлар билан ишлашнинг замонга хос, давр шиддатига мос тизимини яратиб берди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси қисқа даврдаги фаолияти давомида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.
- Уч ой давомида 300 мингдан ортиқ фуқароларимиз виртуал қабулхона орқали давлатимиз раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганининг ўзиёқ мазкур қабулхона фуқароларимиз қалбидан нечоғлик чуқур жой олганини, уларга ҳар жиҳатдан маъқул бўлганини кўрсатиб беради, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Урал Хаитов. – Чунки интернет тармоғидаги мазкур қабулхона мурожаатлар билан ишлашда, ечимини кутиб ётган муаммоларни ҳал этишда муҳим воситага айланди. Халқнинг дардини эшитиш ва унга малҳам бўлишда қулайликлар туғдирди. Энг муҳими, келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топганлиги ушбу механизмнинг ғоят самарадорлигини яққол намоён этади.
Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан бир вақтнинг ўзида 3 та янги тузилма ташкил этилиши назарда тутилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишлар бошқармаси ҳузуридаги фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасини ташкил этиш ҳамда республикамиздаги ҳар бир шаҳар ва туманда Президентнинг халқ қабулхоналарини очиш белгиланди.
Ушбу тузилмаларнинг асосий вазифаси сифатида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг бутунлай янги ва самарали тизимини жорий қилиш, уларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўла-тўкис ҳимоя қилишга қаратилган самарали механизмни ҳаётга татбиқ этиш кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, Халқ қабулхоналари мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишида муҳим институт бўлиб хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлаш, баҳолаш имконини яратди. Ҳудудларда аҳолини қийнаётган муаммоларни рўй-рост кўрсатиб берди.
- Келиб тушаётган мурожаатларнинг характери ва мазмун-моҳиятига қараб, қайси ҳудудда қандай муаммо борлигини, фуқароларни нима кўпроқ ташвишга солаётганини билиб олиш мумкин, - дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Музаффар Туропов. – Бу ўз навбатида келгусида тегишли ҳудудларни стратегик ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини ҳам аниқлаштириб олиш имконини беради. Шуни ҳисобга олган ҳолда, фармонда мурожаатлар билан ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш учун халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарга келиб тушаётган мурожаатларни умумлаштириш ва тизимлаштириш бўйича ягона электрон ахборот тизимини яратиш ҳам кўзда тутилди. Мазкур тизим ҳар бир мурожаат ўз вақтида ўрганилишини таъминлаш билан бирга, мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш имконини бериши билан аҳамиятли.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, мазкур фармонда белгиланган вазифалар сиёсий партияларга ҳам тааллуқлидир. Эндиликда партия кенгашлари қошидаги жамоатчилик қабулхоналарини халқ қабулхоналарига айлантириш, уларда партиядан сайланган депутатларнинг қабулларини ташкил этиш ва мурожаатларда кўтарилган масалалар бўйича самарали ишлар амалга оширилиши мўлжалланмоқда.
- Мазкур фармон, биринчи навбатда, фуқаролар билан бевосита мулоқотни ташкил этишда, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади ҳамда мурожаатлар билан ишлашни сифат жиҳатидан самарали ва янги босқичга кўтаради, - дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳусан Турсунов. – Бундан ташқари, бундай тизимнинг жорий қилиниши муаммоларни жойида бартараф этиш имконини беради, асоссиз мурожаатлар кўпайишининг олдини олади. Бундан аввал фақат мурожаатлар билан ишлайдиган ягона тузилма ёки тизим мавжуд эмасди. Эндиликда бу вазифани Президентнинг ҳудудлардаги халқ қабулхоналари бажаради. Барча даражадаги халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланиши уларнинг нуфузи ва мақомини юксалтиради. Ўз навбатида, фармонда белгиланганидек, халқ қабулхоналари ходимларига юқори даражадаги мутахассис бўлиш билан бир қаторда маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлиш талаби қўйилади.
Шу билан бирга, эндиликда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар фуқаролардан тушаётган аризалар билан ишлашни ташкил этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этади. Бундай қабулларнинг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилиши эса очиқлик ва ошкораликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, унда халқ қабулхоналарига ва виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда кўриб чиқилиши белгиланди. Маълумки, мазкур қонунда мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари, мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари, моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка оид қоидалар ўз ифодасини топган. Мазкур қоиданинг фармонда яна бир бор белгилаб қўйилиши мурожаатларни кўриб чиқадиган мансабдор шахслар масъулиятини янада оширади, қонун талабларига жиддий риоя қилишга ундайди.
Мухтасар айтганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили арафасида қабул қилинган ушбу фармон халқнинг давлат органлари учун эмас, балки давлат органларининг халқ учун ишлашини таъминлашга қаратилгани, бунда замон талабларига жавоб берадиган механизм яратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Н.ХЎЖАЕВ