8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Қашқадарёда ҳам 8 декабрь - Асосий қонунимиз қабул қилинган тарихий сана муносабати билан "Конституция - халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
"Конституция ҳафталиги" доирасида жойларда турли учрашув ва давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва викториналар, кўргазма ва олимпиадалар, спорт мусобақалари ташкил этилар экан, уларнинг кўп қисми таълим муассасаларида уюштирилмоқда. Масалан, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган "Ҳуқуқингизни биласизми?" кўрик-танлови, "Конституция тарихи" фотокўргазмаси, "Конституция ўқувчилар нигоҳида" расмлар танлови ўтказилди. "Конституция - бахтимиз қомуси" мавзусидаги маърифий тадбирда ижод мактабида фаолият кўрсатаётган тўгараклар аъзоларининг бадиий чиқишлари намойиш этилган бўлса, масканнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида "Ҳуқуқий саводхонлигимизни оширамиз" рукнида айнан Бош қомусимизга бағишланган тест саволлари бериб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида эса вилоят адлия бошқармаси мутахассислари иштирокида "Конституцияни ўрганамиз" ва "Конституция - адолат тантанаси" мавзуларида ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, билим юрти курсантлари ва муддатли ҳарбий хизматчилари ўртасида "Конституция билимдонлари", "Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим", "Қонунни биласизми?" мавзуларида интеллектуал танлов ва викториналар ташкил этилди.
Дарвоқе, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ҳамда Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари воҳамиздаги бошқа кўплаб ташкилот, корхона ва муассасалар, ижодий жамоалар вакиллари билан биргаликда бугун вилоят марказида бўлиб ўтадиган катта байрам тадбирида ҳам иштирок этишади.
Ўз мухбиримиз