Кеча Қарши шаҳрида олтинчи чақириқ халқ депутатлари вилоят Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар билан бир қаторда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, иқтидорли ва фаол ёшлар иштирок этишди.
Сессияга 20-Дашт сайлов округидан депутат Шуҳрат Турсунов раислик қилди.
Сессияда дастлаб 2019 йил 22 декабрда ўтказилган халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича вилоят сайлов комиссияси раиси Музраф Икрамовнинг ахбороти тингланди.
- Дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар томонидан вилоятимизда ўтган бу сиёсий жараёнга юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, сайловлар очиқ ва ошкоралик, қонунийлик ва адолатлилик каби демократик принципларга қатъий амал қилган ҳолда ўтганлиги алоҳида эътироф этилди, - деди вилоят сайлов комиссияси раиси. - Сайлов якунлари бўйича 59 нафар депутат сайланди, уларнинг 20 нафари ЎзЛиДеП, 8 нафари "Миллий тикланиш" демократик партияси, 10 нафари "Адолат" социал-демократик партияси, 14 нафари Халқ демократик партияси ва 7 нафари Экологик партиясидан. Депутатларнинг 19 нафари ёки 32,2 фоизи хотин-қизлардир.
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялари тўғрисидаги низом тасдиқланиб, Кенгашга сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масалани кўриб чиқиш натижасида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттита - маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари, ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари, саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш, шунингдек, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология, регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиялари тузилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Дастлаб ушбу масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига 24-Денов сайлов округидан сайланган депутат Мирзаев Зойир Тоировичнинг номзодини халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини билдирди ва уни ўқиб эшиттирди.
Шундан кейин мазкур масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳлари вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуни 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган 24-Денов сайлов округидан депутат Мирзаев Зойир Тоировичнинг номзодини тасдиқлади.
Шунингдек, Кенгаш қарорига мувофиқ халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлиси маслаҳат кенгаши аъзолигига номзод тасдиқланди.
Сессия кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз