Курраи заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон тинч, фаровон яшаш, эртанги куни бугуниданда нурафшон бўлишини, фарзандларининг бахту-камолини кўришни истайди. Шу орзу-мақсадларга эришиш учун интилади, меҳнат қилади. Аслида бу барча инсонларнинг ҳаётий ҳуқуқидир. Бироқ, дунё майдонида кечаётган сиёсий ва ғоявий курашлар, мамлакатлар ўртасидаги зиддиятлар сабаб миллионлаб одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиб, қадри топталаётгани, очарчилик, эпидемиялар тинч ҳаётга хавф солаётгани ҳеч биримизга сир эмас.
Мана шундай шиддаткор ва таҳликали даврда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликка эришиш, инсон қадрини юксалтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасини бугун ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимиз ҳаёти мисолида кўряпмиз.
Халқни рози қилиш, муносиб турмуш шароитини яратиш Президент диққат марказидаги устувор масаладир. Жумладан, жорий йилнинг 26 январида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселекторда ҳам бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Давлат раҳбари: “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузулма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз. Шу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, провард натижада маҳаллани жамиятнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади”, дея таъкидлайди.
Дарҳақиқат, инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга доир ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга кириб бориши, ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилгани ўз самарасини кўрсатмоқда.
Хусусан, Президентнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, уларга “ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;
маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;
ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;
ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;
ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш вазифалари топширилди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллалардаги спортга ошно, истеъдодли, билимдон ёшларни юзага чиқариш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишида янги тизим яратилишига замин бўлди.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг май-июнь ойларида мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни доирасида беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” ташкил этилди. Унинг биринчи босқичи маҳаллаларда кўчалар кесимида ўтказилди. Олимпиада доирасида ташкил этилган футбол, волейбол, стритбол, шахмат, шашка, стол тенниси каби спорт турларидан мусобақалар ва “Ёшлар овози”, “Зукко китобхон”, “Мушоира”, “Ёш китобхон оила”, “Қувноқлар ва зукколар” танловлари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинларида биргина мен яшайдиган Косон туманининг 92 минг 700 нафар йигит-қизлари иштирок этди. Маҳалла, сектор, туман даражасида ўзини кўрсатган 58 нафар ёш эса турли йўналишлар бўйича вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида қатнашди. Уларнинг ютуқлари ёнига туманимиз вакили Хўжаназар Жумаев Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов шаҳрида бўлиб ўтган “Ёшлар овози” фестивалининг Республика босқичида опера йўналишида (23-30 ёш тоифасида) фахрли II ўринни қўлга киритиб, диплом ҳамда 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланганини эътироф этсак, жуда ярашиқли иш бўлади.
Косонлик Жаъфарали Тоиров 26 ёшда. У ўтган йилда ишсизлиги боис “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Ўтган йили октабрь-декабр ойларида Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида пайвандчилик курсини мувафаққиятли тамомлаб, сертификат олди. Косон туманида ҳам мономарказнинг филиали ташкил этилгач, пайвандчи-уста бўлиб иш бошлади. Айни вақтда ўттиз нафар ишсиз тенгдошларига касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда.
Бу ерда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар 14 та йўналиш бўйича ўзларининг хоҳиш-истакларига кўра бепул ўқитилади. Айни пайтда марказда 45 нафар имконияти чекланган фуқаро ҳам касб-ҳунар ўрганмоқда.
- Уч фарзанднинг онасиман, - дейди туманнинг Машъал маҳалласида яшовчи Шаҳзода Қиличева. - Шу пайтга қадар ишсиз эдим. Маҳалламиз хотин-қизлар фаоли Гулчеҳра Давронова уйимизга келиб суҳбатлашди, бизни ўйлантираётган муаммоларни ўрганди. Унинг тавсияси билан мен ва қизим Моҳира Ғайбуллаева мономарказнинг қандолатчилик курсида ҳунар ўрганяпмиз. Келгусида қандолатчилик бўйича оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, даромат топиш ва рўзғоримизнинг кам-кўстини тўлдириш ниятидамиз.
Мана, шу мисоллардан ҳам аёнки, юртимизда халқни рози қилиш, муносиб турмуш шароитини яратиш учун қилинаётган ишлар кўлами жуда кенг. Бироқ, бу ҳали Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган тадбирлардан бир шингил, холос. Демак, олдимизда турган улкан улуғвор мақсадлар кўп, халқимиз ислоҳотларга хайрихоҳ бўлиб, яратувчанлик руҳида ёнар экан, биз уларга, нурли истиқболга албатта эришамиз.
Жобир ИСМАТИЛЛОЕВ