Унга мувофиқ, Жиззахда юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилган, ўзининг ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз, маданият, иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов мемориал уй-музейини ташкил этиш, "Сайланма" китобини нашр этиш, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган "Халқимизнинг оташқалб фарзанди" хотира китобини нашрга тайёрлаш ва босмадан чиқариш, ҳаёти, ижодий фаолияти тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, илмий анжуманлар ўтказиш, хотира тадбирларини ташкил этиш белгилаб қўйилди.
Қайд этиш лозимки, Шароф Рашидов яшаган ва ишлаган муҳит қарама-қаршиликларга ниҳоятда бойлиги, мураккаб жараёнларга эгалиги билан ажралиб турган. Аммо у киши ўзининг ноёб истеъдоди билан ана шу чигалликларни енгди. Дипломатик салоҳияти билан турли довонлардан шиддат ва жасорат билан ўтиб, мамлакат ҳаётида юз бериши мумкин бўлган турфа кўнгилсизликларнинг олди олинишига эришди.
Шароф Рашидов Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида фашистларга қарши жангларда мардонавор қатнашган, сўнгра ярадор бўлиб урушдан қайтганидан сўнг Самарқанд вилоят партия комитетида фаолият кўрсатган, вилоят газетасининг муҳаррири бўлиб ҳам ишлаган. Кейинчалик республиканинг бош газетаси - ўша пайтларда "Қизил Ўзбекистон" номи билан чиққан рўзномада бош муҳаррир бўлиб ишлаган. У фаолият юритган кезларда республика газетаси таҳририяти адабий-илмий жамоатчилик марказига айланганини кўплар яхши эслайди.
У киши газетачиликнинг нони қанчалар эъзозли эканини яхши билар, журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар ва қадрлар эди. Уларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиб беришга интилар, улкан газета- нашриёт, таҳририятлар биноларининг қурилишига шахсан бош бўлган инсон эди.
У юксак лавозимларда ишлаб юрган кезларида газеталарнинг моддий аҳволи, мақолалар савиясидан доимо хабардор бўлиб турган, бунга вақт топган. Танқидий мақолалар, фельетонларнинг оқибатини олдиндан кўра билиб, журналистларни ўз ҳимоясига олишни унутмаган. Аксинча, матбуотнинг қудратидан омилкорлик билан фойдалана билган, унинг яратувчилик кучини умумхалқ манфаатлари учун йўналтира олганди.
Ўз фаолиятимдан мисол. Мен узоқ йиллар "Совет Ўзбекистони" рўзномасида адабий ходим, сўнг газетанинг вилоятдаги мухбири бўлиб ишлаганман. Ўшанда, ўтган аср 60-йилларида вилоятга янги раҳбар тайинланди. Негадир унинг газеталарда босилган танқидий мақолаларга, фельетонларга муносабати ўта салбий эди. Шунга кўра танқидий мақолаларда тилга олинган камчиликлар, бунга йўл қўйган шахслар бир ёқда қолиб, мухбирларни муҳокама этишга ўтиб кетиларди.
Орадан бироз вақт ўтиб, Қашқадарёда танқидий мақолаларга бўлган муносабат Марказий комитетда, бошқа семинарларда республика миқёсида муҳокама қилинди.
Кейин бизни "обком"нинг биринчи котиби ўз ҳузурига чорлаб қолди. Бу гал бизни биринчи котибдан тортиб, унинг ёрдамчисигача, қабулхонадаги котибагача сертакаллуфлик билан кутиб олишди.
Биринчи котиб ҳол-авҳолимизни узоқ суриштирди. Ҳатто уй-жойларимиз қандай эканлиги билан қизиқди. Молия бўлими мудирини чорлатиб, бизга ажратилган хизмат машинасини янгилаш лозимлигини ҳам уқтирди. Фақат "ўзларидан узоқлашмасдан" фаолият кўрсатишимизни гап орасига қистириб ўтди, холос.
Биз бу меҳрибончиликларнинг ҳаммасига Шароф Рашидов сабабчи эканини англаб турардик. У киши вилоятда танқидга муносабат яхши эмаслигини билиб, раҳбарларни уни тўғри қабул қилишга бошлаган экан.
1972 йил куз фасли кунларининг бирида эрталаб "обком" навбатчиси қўнғироқ қилиб, вилоят раҳбари чақираётганини айтди. Кийиниб, ташқарига чиқишим билан мени ул даргоҳга элтгани навбатчи машина ҳам етиб келди.
Биринчи котиб дабдурустдан "Совет Ўзбекистони" газетасида Қамаши туманида чорвачиликнинг ночор аҳволи ҳақида қандай мақола чоп этилганини сўраб қолди. Муаллиф ўзим эдим, шунга биринчи котиб икки ўртада "келишиб ёзиш" тўғрисида "битим" борлигини, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги кераклигини айтиб, насиҳатомуз гапларни аямади. Вилоят ҳаётидан ижобий, мақтов мақолалар ёзишим лозимлигини уқтирди.
Кейин билсам, Шароф Рашидов ҳар куни эрта тонгданоқ газеталарни кўздан кечириб, ўзига маъқул мақолаларга муносабат билдирар экан. Қамаши туманидан чорвачиликка оид танқидий мақолани ўқиб, "обком" биринчи котибига телефонда танбеҳ берган, нега бу каби камчиликларга йўл қўйилаётганини сўраган экан.
Шундай қилиб, "эрталабки қўнғироқ"ларга ҳам кўникиб қолдим. "Обком" тарафдан қўнғироқ бўлди, дегунча, газетада босилган танқидий мақола учун "юқори"нинг муносабат билдирганини сезиб турардим.
Давлат ва жамоат арбобининг вилоят бўйлаб қилган сафарларига ҳамроҳлик қилиб, шу нарсага амин бўлган эдимки, у киши ҳар гал Қашқадарёга келганида кўплаб дала меҳнаткашлари орасида бўлишга ҳаракат қилар, имкон қадар кўпроқ жойларни кўришга интиларди. Шунинг учун бўлса керак, бир марта ўтган йўлдан иккинчи марта юришни ёқтирмасди. Шундай ҳол рўй бергудек бўлса, сафар маршрутини белгилаган кишиларга танбеҳ бергани ҳам бор гап.
Ёзи ниҳоятда иссиқ келган 1973 йилда Шароф Рашидов дала меҳнаткашлари, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини билиш учун 3 кун вилоятимизда бўлгани ҳали-ҳали эсимда. Амударё суви ҳали Қарши чўлига келтирилмаган, ҳаммаёқ иссиқ, чанг бўрони фалакка ўрлаган бир пайтда республиканинг биринчи раҳбари деҳқонлар ҳузурига бориб, улар билан дилдан суҳбат қуришдан чарчамагани шахсан мени ҳайрон қолдирганди. Шароф Рашидов саралаб олинган шахслар билан учрашиб кетавермас, оддий тракторчи, сувчи ва бригадирнинг қандай ишлаётгани, уларга қандай шароит яратиб берилгани билан жойига бориб танишарди. Қашқадарёликларнинг қийин об-ҳаво шароитларида ҳам матонат ва жасорат кўрсатиб меҳнат қилаётганликларига юксак баҳо бериб, "Қашқадарёнинг олтин тупроғи, олтин одамлари бор" деган эди ўшанда.
Қарши даштининг ўзлаштирилиши, қудратли насослар ёрдамида Амударёдан 132,5 метр баландликка сув чиқарилиши, бу ерда кўплаб хўжаликлар, посёлкалар қурилиши, юз минглаб гектар қўриқ ерларнинг боғ-роғларга айлантирилиши, экинзорлар барпо этилиши, халқимиз фаровонлиги ошишида Шароф Рашидовнинг катта ҳиссаси борлигини қаш-қадарёликлар қалбан ҳис қилиб турадилар. У кишининг саъй-ҳаракатлари билан улкан дашт маъмурчилик марказига айланиб қолди.
Асарларида оташин муҳаббатни куйлаган, ўз эли, Ватанини улуғлаган ижодкор доим халқ ёнида туриб, унинг орзу-умидлари, интилишлари, ташаббусларини қўллаб-қувватларди. Инсонийликнинг олий намунаси бўлган сифатлари учрашувларда, одамларга бўлган муносабатида яққол кўринарди. У ҳеч қачон "Уни қилинг, бу ишни бажаринг" қабилида, буйруқ оҳангида гапирмас эди. "Масаланинг ана шу жиҳатларини эътиборга олишингизни сўрайман" йўсинида, таклиф оҳангида, бир маромда гапирарди.
Шундай инсонлар бўладики, ўтиб кетганларидан сўнг ҳам улар ҳақидаги хотиралар кишиларда ёрқин юлдузлардек жонланиб тураверади. Шароф Рашидов ана шундай юлдузи ёрқин сиймолардан эди. Буни барча билиши, айниқса, ёшларимиз қалбан ҳис этишлари даркор. Бугун таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган бу зот ҳар қанча эътироф, ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.
Пўлат ГАДОЕВ,
журналист