Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Акмал САИДОВ

22.12.2016


ХАЛҚ ИШОНЧИ - ОЛИЙ БАХТ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Президент сайлови  дастлабки натижаларига бағишланган тадбирида сўзга чиқиб, ўзига билдирилган  юксак ишонч учун бутун халқимизга миннатдорлик  билдириш асносида ана шу фикрларни айтди.

Бинобарин, мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни мустақил давлатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси   раиси М.Абдусаломов таъкидлаганидек, овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси,   "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги ва "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро  демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда, очиқ ҳамда ошкора ўтказилди.

Сайлов натижаларининг туб моҳияти ва тарихий аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритишдан олдин бу галги Президент сайловининг қуйидаги хусусиятлари тўғрисида тўхталиш лозим.

Биринчи хусусияти - бу галги Президент сайлови илк бор муддатидан олдин, яъни навбатдан  ташқари ўтказилди. Маълумки, 2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этгани муносабати билан мамлакатимизда муддатидан олдин    Президент сайловини ўтказишга тўғри келди.

Иккинчи хусусияти - сайлов умумэътироф этилган халқаро нормалар ва принципларга, шу жумладан, БМТ ва ЕХҲТнинг сайлов стандартларига мувофиқ ҳолда, ҳар бир кишининг эркин сайлаш ва давлат ҳокимияти сайлаб қўйиладиган органларига сайланиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга қаратилган қонунчилик асосида ташкил этилди.

Учинчи хусусияти - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (117-модда)да Марказий сайлов комиссиясининг мустақил равишда сайловларни ташкил этиш ва ўтказишини таъминлайдиган мустақил демократик конституциявий институт сифатидаги янги мақоми  мустаҳкамлаб қўйилгани сайловларнинг демократик руҳда ўтишини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Тўртинчи хусусияти - бу муҳим сиёсий тадбирга ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан юксак даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш учун зарур барча шарт-шароитларни яратишда ташаббускорлик ҳамда илғор янгиликларга интилиш яққол кўзга ташланди. Хусусан, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун зарур қулайликлар яратиш мақсадида сайлов участкаларида пандуслар ўрнатилди, овоз бериш кабиналаридан бири ногиронлар учун ҳозирлаб қўйилди. Брайль алифбосида кўзи ожиз сайловчиларга мўлжалланган сайловга оид турли рисолалар тайёрланди, илк марта улар учун махсус сайлов бюллетенлари чоп этилди.

Бешинчи хусусияти - сайлов мамлакатимизда  фаолият юритаётган сиёсий партиялар ўртасидаги  соғлом рақобатга асосланган кураш негизида бўлиб ўтди. Бу, бир томондан, кейинги йилларда юртимизда кўппартиявийлик тизими изчил ривожланаётганидан далолат берса, иккинчи томондан, сиёсий партиялар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Сайловолди ташвиқоти даврида барча номзодларга тенг шароитлар яратилди.

Олтинчи хусусияти - сайловни ёритишда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари салоҳияти ёрқин намоён бўлди. Сайлов кампанияси ахборот таъминоти бўйича энг асосий юк, шубҳасиз, давлат оммавий ахборот воситалари зиммасида бўлди. Шулар қаторида ушбу жараёнларда нодавлат оммавий ахборот воситалари иштирок этиши учун ҳам имкониятлар яратилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг 1400 дан ортиқ вакили аккредитациядан ўтказилди. Сайлов кампанияси жараёнлари ҳақидаги ахборотлар мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида 17 тилда чоп этилди. Бундан ташқари, корейс тилидаги "Корё Синмун" - "Тхонил-Единство", арман тилидаги "Апага" каби нашрлар ҳам ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз муштарийларини ушбу жараёнлар тўғрисида хабардор қилгани диққатга  сазовордир.

Еттинчи хусусияти - сайлов кампаниясида иштирок этаётган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун халқаро стандартларга мос қулай инфратузилма ва шароитлар яратиш, интерфаол медиа майдони барпо этиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнини ёритишда холислик, ошкоралик ва тезкорликни таъминлаш, халқаро кузатувчилар, экспертлар ва медиа соҳа вакилларини мамлакатимизда эришилган ютуқлар билан таништириш мақсадида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "Uzbekistan Today" ахборот агентлиги, "Mening Yurtim", "Uzreport-TV" телеканаллари ва  бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бор "Press klub: Saylov.uz-2016" пресс-клуби ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Саккизинчи хусусияти - сайловда янги ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий роликлардан кенг фойдаланилди. Ижтимоий роликлар    танлови, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини мамлакатнинг нодавлат телерадиостудиялари орқали ёритишда халқаро стандартларни қўллаш: миллий тажриба ва жаҳон амалиёти" мавзусида халқаро давра суҳбати ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилди.

Тўққизинчи хусусияти - сайловда илк бор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлиқ таркибдаги кузатувчилар миссияси иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси   Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 46 давлатдан келган 600 га яқин   халқаро ҳамда хорижий кузатувчи кузатди. Бундан  ташқари, Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан 37 мингдан зиёд кузатувчилар,  оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам овоз бериш жараёнини кузатиб борди.

Ўнинчи хусусияти - сайловда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаол иштирок этди. Масалан, участка сайлов комиссияларининг 98 минг нафар аъзоларидан 17 минг 952 нафари - маҳалла фаоллари, 4 минг 778 нафари - Хотин-қизлар қўмитаси, 3 минг 395 нафари - "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, 2 минг 321 нафари - касаба уюшмалари, 2 минг 496 нафари фермерлар вакилларидан иборат.

Қайд этиш лозимки, Президент сайлови натижалари муайян хулосаларга келиш имконини беради.

Биринчидан, Президент сайлови жамиятни либераллаштириш ва демократлаштиришнинг мутлақо янги, иқтисодиёт барқарор ривожланиши таъминланаётган, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражаси ортаётган, Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаган шароитларда бўлиб ўтди.

Иккинчидан, сайлов натижалари, аввало, Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг том маънодаги сиёсий вориси сифатида эътироф этилишининг ёрқин ифодасидир. Бинобарин, Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида тарихий ютуқларни қўлга киритишда доимо улуғ Йўлбошчимиз ёнида тургани ва эндиликда бу йўлдаги эзгу ишларни шахсан изчиллик ҳамда қатъият билан давом эттириб, янги ва янада юксак босқичларга олиб чиқаётганини барча юртдошларимиз эътироф этмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистонда демократия ва қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик, тинчлик ва барқарорлик, изчиллик асосида янги давлат ҳокимияти   бошқарувига ўтилди.

Тўртинчидан, Ўзбекистондаги демократик янгиланишларнинг узвий давоми бўлган ушбу тарихий аҳамиятга эга сайлов жаҳон жамоатчилиги эътиборида бўлди. Сайлов якунлари Ўзбекистон ўзининг стратегик йўлини давом эттиришини, ислоҳотлар янада чуқурлашишини, барқарор тараққиёт сари оғишмай илгари борилишини амалда тасдиқлади.

Хулоса қилиб айтганда, яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик барқарор бўлиши, турмуш фаровонлиги янада юксалиши, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун овоз берди. Ҳар бир сайловчи ўз оиласи, фарзандлари бахту камоли, ёруғ келажаги тарафдори эканини аён этди.

Акмал САИДОВ,

юридик фанлар доктори, профессор

Report typo