Сараланган сатрлар
Собиқ шўро ёзувчиси, умрининг сўнгги йиллари АҚШ ва Исроилда кечган Эфраим Севела қаламига мансуб "Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан" китобида жиддий муаммолар - совет тузумининг нуқсонларига кулги, киноя, пичинг, кесатиқ билан назар солинади. 70 йил ўша тузум тузини тотган халқ сифатида мазкур асар ўқишга арзирлидир.
Эътиборга молик яна бир жиҳати, асарнинг тили зўр, жайдари, содда, тўпори. Номининг ўзиёқ ўқиб чиқишга ундайдиган китобни тилимизга Озод Шарафиддинов маҳорат билан ўгирган.
* * *
Ўт ўчирувчи ҳамроҳлигида метро томон кетиб бораётиб, актёрлар нима тўғрисидадир тортишиб қолишди. Уларнинг қай бири ўзининг ҳақлигини кўрсатмоқчи бўлиб, дебди:
- Ернинг думалоқлиги қанчалик тўғри бўлса, бу гап ҳам шунчалик тўғри...
- Ер думалоқми? - деб гапга аралашибди ўт ўчирувчи Кац ва жуда зўр ҳазилни эшитгандай кулиб юборибди.
Йигирманчи асрнинг қоқ ўртасида фазога Ер йўлдошларини учираётган давлатнинг пойтахтида бунақа нодон одамни кўрамиз деб хаёлларига ҳам келтирмаган артистлар оммабоп бир тарзда унга ҳар бир мактаб боласи биладиган гапни тушунтириб беришди.
* * *
Сирасини айтганда, одамнинг ҳусни амал эмас, балки, аксинча, одам ҳар қандай жойнинг ҳуснидир.
* * *
Мабодо Россияда тузум қуласаю, мамлакат лоақал бир ҳафта ҳокимиятсиз қолса, шунақа қонли қирғин бошланиб кетиши мумкинки, бунақасини ҳали тарих кўрмаган бўлади. Фуқаролар уруши йилларида ўрис мужиги ҳали худога ишонарди, ўшанда бир дунё бегуноҳ қон тўкилган эди. Ҳозир-чи? Ҳамма даҳрий бўлиб кетганда, бирон нарсани муқаддас деб билмай қўйганида. Замонавий техника билан жангга кирса? Коля Мухин гайка бурайдиган темирни олиб майдонга тушадию, бош чаноқларини мажақлашга киришади. Бошқа бирон тентакроқ Коля бўлса, атом ракеталарига етиб боради-да, кайф билан ҳамма тугмачаларни баравар босади.
* * *
Улуғлик билан кулгининг ораси бир қадам деб бекорга айтишмаган.
* * *
...халқ куладиган бўлса, маълумки, ҳокимиятнинг кулишга чоғи келмай қолади.
* * *
Эсингизда бўлса, большевиклар ўн еттинчи йилда халққа камбағаллар билан бойларни баравар қиламиз деб ваъда бериб, инқилоб қилишган эди. Халқ, албатта, жуда хурсанд бўлган - ҳамма қашшоқлар бадавлат бўлади деб ўйлашган. Худди партия гимни "Байналмилал"да куйланганидай. Аммо акси бўлиб чиқди - ҳамма қашшоққа айландию, шу билан тенглик бўлди.
* * *
Ҳокимият Россияда пулдан афзалроқ. Ҳокимият тепасида бўлсанг, ҳамма нарса бепул. Давлатнинг ўзи чорбоғ беради, ёпиқ санаторийлар, махсус поликлиникалар хизматингда, умрилар, пакетлар, конвертлар келиб туради. Илгарилар бирор инжиқ тўра "ҳамма нарса бору, фақат қушнинг сути йўқ-да?" деб зорланиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда шикоятга ҳам ўрин қолмади - "Қизил Октябрь" деган қандолатчилик фабрикаси "Қуш сути" деган номда конфетлар ишлаб чиқара бошлади.
* * *
Истеъдод, ўзингиздан қолар гап йўқ, пулга ўхшаган нарса - бор бўлса бор, йўқ бўлса минг "войдод" деганинг билан пайдо бўлиб қолмайди.
* * *
"Менинг мижозим штатларини кўздан кечирибдию, кўзларига ишонолмай қолибди. Ҳаммаси КГБнинг собиқ айғоқчилари эмиш. Маош олмай ишлаганлар. Жамоатчилик асосида деганларидек, чақимчиликка муҳаббатлари зўрлигидан одамлар устидан чақув ёзган. Уларни гап-сўзсиз бажону дил ишга олишади. Синовдан ўтишган-да! Бунақаларда ўзининг фикри бўлмайди. Зиғирдай виждон ҳам бўлмайди. Нимани буюрсанг, шуни қилишади. Гап қайтаришмайди. У ерда ҳам, бу ерда ҳам. Тўғри, бу ерда тузукуроқ ҳақ олишади. Валютада".
* * *
Баъзан менга шундай туюладики, бизнинг ҳаётимиз бошдан оёқ цирк.
* * *
Ҳар нима деганингизда ҳам, ҳар бир ишда малака керак экан. Мен ҳунарда юксак маҳорат тарафдориман, ҳар қанақа чала муллаларни кўргани кўзим йўқ. Мана, мен, айтайлик, сартарошман. Ҳар қандай каллани, албатта, расво қилса бўлади. Қайчини бир-икки шиқиллатасан, тамом-вассалом. Ўриндиқ бўшайди. Ким навбатда? Мен ҳеч қачон бунақа паст кетган эмасман.
* * *
Ҳаёт хаёлотдан бойроқ!
* * *
Яширишга не ҳожат - бизнинг замонамизда гапингни бўлмай, эътибор билан эшитадиган, ҳикоянгнинг энг қизиқ жойида ўзининг бўлар-бўлмас ҳангомалари билан гапнинг белига тепмайдиган одам тақдирнинг туҳфаси-ку!
* * *
Умримнинг энг охирги кунларига қадар мен бу манзарани унутмайман: елкаси шикастланган, йиғлаётган солдат ва уни худди бобоси янглиғ юпатаётган давлат бошлиғи.
* * *
Агар тишингиз оғриб қолса, сизнинг иккита иложингиз бор. Лекин иккови ҳам бир хил самара беради. Тиш докторига бормайсиз. Демак, очдан ўласиз, чунки оғзингизга ҳеч нарса ололмайсиз. Докторга борсангиз, тишингиз тузаладию, лекин қаддингиз икки букилиб қолади. Чунки ҳамма пулингиз тиш докторига кетади-да, ўзингизга егулик олгани ҳеч вақо қолмайди. Агар кўчадан кетиб бораётганимда бирон уйнинг деворида "тиш доктори" деган ёзувга кўзим тушиб қолса, шу заҳоти баданимга эшак еми тошиб кетади, хаёлимда ҳар хил манзаралар гавдалана бошлайди. Бу манзаралар ичида, албатта, ўргимчак ини бўлади, унинг ўртасида ҳаммаёғини жун босган ўргимчак - тиш доктори. У бор машинани ғириллатиб қўйиб, шўрлик мижоз-пашшанинг сўнгги пулларини сўриб ётибди.
* * *
Ўзингиздан қолар гап йўқ - бизнинг мамлакатда фақат маошга яшайдиган бўлсанг, суробинг тўғри бўлиб қолади.
* * *
Менга битта савол беришингизни жуда-жуда истар эдим. Марҳамат қилиб, мендан бундай деб сўранг: Сиз жаноб Рубинчик ёки ўртоқ Рубинчик - нима десангиз ихтиёрингиз, майли, қайсиниси ёқса шуни айтинг - инсонни ҳайвондан ажрата оласизми? Шунақа савол берсангиз, мен сизга айлантириб ўтирмасдан ихчам ва лўнда жавоб бераман: ҳар қандай махлуқни ота-онасига, яъни уни ёруғ дунёга келтирган одамларга муносабатига қараб ажратаман. Шу белгига қараб, мен сизга дарҳол айтиб бераман - одамми бу ёки ҳайвон.
Ҳали бу нима экан, шу белгига қараб, худди дорифуруш тарозисида дорини аниқ ўлчаб берганидек, бирор миллат ёхуд бирор мамлакат бирор нарсага арзийдими, йўқми, салмоғи борми, йўқми эканини айтиб бераман. Мен ҳар хил статистик масъулиятлар билан, атроф-муҳитнинг булғангани, жон бошига қанча автомобилу қанча телевизор тўғри келиши ҳақидаги беҳуда гаплар билан миянгизни қотириб ўтирмайман.
Кекса онангизга муносабатингиз қанақа? Шуни айтиб беринг, мен сизга кимлигингизни айтиб бераман.
* * *
Сенинг ўзингни онанг! У сени катта қилган, даҳшатли хасталиклар чангалидан қутқарган, ўзи емай, сенга едирган, бомбардимон вақтларида гавдаси билан сени хатардан пана қилган. Наҳотки, ана шу онаизорни ўзингнинг фароғатинг деб, қариган чоғида оила меҳридан мосуво қилиб бўлса? Наҳотки, уни мулоқотда бўлиш, уларга қараб яшариш бахтидан маҳрум қилиб бўлса?
* * *
Мен ёлғиз ўзим Бешинчи авеню бўйлаб сайр қилиб юрар ва дунёдаги энг бой магазинларнинг чарақлаб турган витриналарини томоша қилардим, витриналардан эса менга манекенлар қараб туришарди. Ўнлаб бир хил манекенлар. Улар мўйналарга бурканган, ҳашаматли либослар кийган, фраклар, костюмлар, енгил спорт либослари. Уларнинг ҳаммаси маъносиз шиша кўзлари билан менга тикилади, ҳаммаси ҳам бир хил - ҳиссиз тарзда ишшаяди.
Мен америкаликларни хафа қилмоқчи эмасман. Америка яҳудийларини-ку - инчунун. Аммо уларнинг ҳар қайсисида ана шу манекенларнинг қай бир зарралари бор-да! Шунинг учун бунақа одамларнинг даврасида яшаб барака топмайсан...
* * *
Ҳа, ҳа, майли, буни полициячи давлат дейсизми, тоталитар тузум дейсизми - ихтиёр ўзингизда. Қандай хоҳласангиз, шундай атайверинг. Кечки пайтларда кўча-кўйларда сайр қилиб юрганимда кўчада полициячиларни қанча кўп учратсам, шунча хурсанд бўламан. Ҳа! Мен фуқароча кийинган, лекин костюмининг тагига пичоғу тўқмоқ яшириб олган йўлтўсардан кўра қайишига резинка тўқмоқ, биқинига тўппонча тақиб олган полициячини афзал кўраман.
Албатта, кўча-кўйларда сон-саноқсиз полициячи изғиб юрсаю, уларнинг орасида бир ўзим шўппайиб оқшом кезлари сайр қилиб ҳузурланиб юрсам, бу, албатта, маданий ҳордиқ чиқариш бўлмайди, балки аристоннинг турма ҳовлисидаги сайрига кўпроқ ўхшаб кетади.
* * *
Эркинлик деганда нимани тушунамиз? Ўз ҳокимиятингни сўкиш ҳуқуқими. Шунақами? Қолган ҳаммаси - сафсата. Ундан чиқдики, ўз ҳокимиятимни хўб бўралаб сўксам - эркин одамман, дамимни ичимга ютиб, индамай, шахсий ишларим билан машғул бўлсам - қулман окей!
Агар шунақа бўлса, шундай мулоҳаза юритсак, биз СССРдагилар энг озод одамлар эдик. Доҳийларимизни қанақа чангини чиқариб сўкардик. Бунақа сўкишларни яна қаерда эшитгансиз? Никита Хрушчев - маккажўхорихўр тентак Иван. Брежневга қанақа лақаблар тақилмаган. Тўғри, минбардан туриб, ҳамманинг олдида айтмасдик, майдонларда ҳайқирмасдик. Лекин бизга бунақа қилишнинг кераги ҳам йўқ эди-да!
Б.ЎКТАМ тайёрлади.