Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

24.01.2020


ХАЛҚНИНГ ҚАЛБИГА УЗОҚДАН ҚЎЛ СОЛИБ БЎЛМАЙДИ...

Мутолаа учун тавсия

Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" романларини ўқимаган ўзбек фарзанди кам топилади. Унинг "Обид кетмон" қиссаси, "Миллатимга", "Ёвуз руҳлар исканжасида", "Хотинбоз", "Бахтсиз куёв", "Тўй" каби асарлари ва "Садои Туркистон", "Оина" газеталари ҳамда "Муштум" журналида чиққан ҳажвиялари ҳам диққатга сазовор. Абдулла Қодирий юрт, миллат ва тил, ҳурлик ва озодлик қайғуси билан яшаб, шу йўлда ижод қилди. Ўзи эътироф этганидек, "...тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари"да давр, юрт ва халқ бағрига сиғмади. Ўзи севган миллат ва юртнинг "душмани" сифатида отиб ташланди. Вақт ўтиб, 1957 йилда расман оқланди.

"Ўткан кунлар" содда тилда ёзилган тарихий асар бўлиб, Отабек ва Кумуш романнинг бош қаҳрамони бўлса-да, Зайнаб, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Мирзакарим қутидор, Офтоб ойим, Ҳасанали, Ҳомид ва бошқа образлар ўз ўрнига эга.

Университетда ҳуқуқшунослик соҳасида таҳсил олган бўлишимизга қарамай бу асарнинг мазмун-моҳияти ва қаҳрамонлари ҳақида курсдошларимиз билан кўп марталар баҳслашганмиз. Йигитлар Отабекка, қизлар эса Кумушга ўхшашга ҳаракат қилишар эди. У вақтларда шоиру ёзувчилар билан бўладиган учрашувлар ва бадиий асарларга оид баҳсларга қалб даъвати ила албатта борар эдик.

"Ўткан кунлар"ни ўқиган киши  халқимизнинг яқин ўтмиши, ҳурлик, ҳақиқат ва адолатга интилиши, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат кўрсатиш, маънавият, уят ва ор-номус, ўзбек оиласидаги урф-одатлар, эл-улус, ота-она ва фарзанд олдидаги бурч, пок муҳаббат қиссаси ва рашк изтироблари билан танишади. Асардаги "Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик дейдилар", Юсуфбек ҳожининг "Ўғлим... биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдик...", "...ҳамма нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсадими?", "Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрган эканмиз-да...", "Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетган эмас",  тилидан айтилган "Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилган ишлари номаъқул бўлмас" каби иборалари сўзлашувда фаол қўлланади ҳамда Кумушнинг ўлими олдидаги ҳолат ҳаяжон ва кўзда ёш ила ўқилади. Зеро, Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам Кумушнинг ўлими жараёнини ёзиб тугатгач "Мен Кумушни ўлдириб қўйдим" дея йиғлаган экан.

Адибнинг "Меҳробдан чаён" романида Қўқоннинг сўнгги хони Худоёрхон даврида халқ ҳаёти, сарой аъёнлари ва уламоларнинг ўйинлари, оддий халқ ва хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволи, оддий ўзбек оилалари турмуш тарзи, ахлоқи ва самимияти ҳақидаги фикрлар фонида Мирзо Анвар ва Раънонинг пок муҳаббати тараннум этилади. Солиҳ махдум, Нигор хоним, Султонали, Шаҳидбек, Абдураҳмон домла, Сафар бўзчи образлари ишончли чиққан. Мирзо Анварнинг "Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси, Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг - Раъноси" ва Раънонинг "Агар ор этса Лайли ҳақлидур Қайснинг жунунидин,  Не бахт Раъно харидоринг талаб аҳлининг - Мирзоси" каби айтишувлардан баҳраманд бўлиш учун ҳам бу китобни ўқиш керак.

Абдулла Қодирийнинг ўз давридаги газета ва журналларда чиққан мақолаларида ҳам долзарб масалалар ёритилган. Масалан, "Муштум" журналининг 1926 йил 25 февралдаги сонида шундай ёзган экан: "Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва кўзни очиш ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларга ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларга дин ва салла, "Муштум" ёзғувчиларига фақат шахсларнинг ёқасига ёпиша беришлик ва бошқа масалаларга эътибор бермаслик каби ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир".

Абдулла Қаҳҳор (1907-1968) "Синчалак", "Сароб", "Қўшчинор чироқлари", "Ўтмишдан эртаклар", "Шоҳи сўзана", "Оғриқ тишлар", "Ёшлар билан суҳбат" каби асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган. У умр бўйи миллат дарди билан яшаб, ёлғончилик, адолатсизлик ва тубанликка қарши курашган, ҳақ гапни айта олган, адабиётни ҳар хил қусурлардан ҳимоя қилган ва тоза фикрлайдиган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаган.

Адибнинг "Сароб" романи, "Синчалак" қиссаси, "Ўғри"  ҳикоясидан диктанту иншолар ёзиб, олий ўқув юртига ўқишга киришга тайёргарлик кўрганмиз. Унинг сўз қадрига етиш, адолат ва ҳақиқатни айтиш ҳамда ёш ижодкорларга йўл-йўриқлар кўрсатиш борасида ёзган мулоҳазалари эътиборга молик.

Адиб "Синчалак" повестидаги Саида ва Қаландаров образлари орқали раҳбарлар ҳамда аёл ва эркак кадрлар ўртасидаги муносабатлар, эскича ва янгича бошқарув усули ҳақида фикр юритади. Саида орқали ўзбек қизларининг ҳаётда ўз ўрнини топиш учун кураши, меҳнатсеварлиги, вақти келганда қайсар ва жасоратли бўлиши таърифланган. Унинг ҳикоялари кичик ҳажмда бўлса-да, катта муаммолар ва масалаларни ифода этгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, ўзи яшаган социалистик тузумни улуғлаб аксарият адибларимиз асарлар ёзган. Бу хислатдан Абдулла Қаҳҳор ҳам буткул холи бўлмаса-да, у жамиятдаги камчилик ва иллатларни  бошқалардан кўра баралла айта олган. Масалан, юртимиздаги пахта монополияси ҳукмронлиги даврида "Машина пахтакорнинг меҳнатини нақадар енгиллатган, уни машаққатдан нақадар қутқарган бўлса ҳам, ҳануз қиз-жувонларимизнинг ҳусн-латофати пахтазор жўякларида қолиб бораётипти, студентларимиз ҳануз тўлиқ таҳсил кўрмаётипти, қишлоқ болалари ҳануз мактабдан чаламулла бўлиб чиқаётипти", деган экан. Шу вақтларда бу фикрни айта олиши   билан адиб нақадар журъатли ва жасоратли бўлганини намоён қилган.

Абдулла Қаҳҳор асарлари юмор ва ҳикматга бойлиги билан ҳам ажралиб туради: "Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак", "Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман",  "Ўқувчига китобнинг "ориғи" маъқул", "Чаласавод киши ўзидан паст, нима деса "ҳикмат" деб турадиган одамлар билан улфатчилик қилишга мойилроқ бўлади", "Ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарашга ботинолмайди", "Дунёдан умиди бўлмаган одамда дид ҳам, орзу-ҳавас ҳам сувга уриб кетар экан".

Адибнинг "Қайсидир бир мамлакатда… ҳайвонот боғида кекса фил бор экан, занжирбанд фил юз йил давомида қозиқ атрофида айланибди. Оқибатда занжир ейилиб, узилибди. Шундан кейин ҳам фил маромини бузмасдан узилган занжирни судраб қозиқ атрофида яна юз йил айланган экан", "Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?", "Хушомадгўй-лаганбардор деган махлуқ мансабдорни сигирдай ялаб, жунини тескари қилиб ташлайди" ва "Ҳақиқат қанчалик кўп қаршиликка учраса, кишиларнинг қалбидан шунча чуқурроқ ўрин олади" каби фикрлари ҳеч қачон ўз кучини йўқотмайди.

1943-2005 йилларда яшаган Рауф Парфининг "Сабр дарахти", "Сукунат", "Тавба", "Сўнгги видо" каби асарлари ўзбек адабиётида муносиб ўрин тутади. Аксарият ижод аҳли Рауф Парфини дунёга фақат адабиёт учун келган ҳамда миллат, тил, юрт ва оилани ҳам фақат адабиёт деб яшаб ўтган дейишади. Хусусан, Асқад Мухтор уни "ўзбекнинг ҳассос, яралари очиқ ва дардли шоири" деб атаган.

Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзулари - миллат ва шахснинг эркинлиги ва озодлиги, ўзбек тилининг софлиги, кўҳна Туркистон ва турк дунёсининг бирлигидир. Жадидлар, шу жумладан, Чўлпон илгари сурган ғоялар адиб ижодининг асосий йўналиши ҳисобланади. Унинг шеърлари адолатсизлик, ҳақсизлик, мақтанчоқлик ва маддоҳликка нисбатан ғазабу нафрат туйғулари билан суғорилган. Шу ўринда адибнинг шеърларини ўқиш, тушуниш ва англаш бирмунча оғирроқ эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Рауф Парфи  ўз шеърларидаги "Фақат шоиргагина ярашади дард" ва "Шоирнинг онаси изтироб, ахир" каби машрабона фалсафий туйғулари билан дунёни, ҳаётни ва яшашни мангу дард, деб талқин этади.

Унинг "Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон" шеърида тилимиз тарихи ҳақида шундай дейилган: "Она тилим, сен руҳимнинг қаноти, Абуттурк нафаси, Олтой чечаги. Хун давридан омон келди Ғиротинг, Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги". "Ёнаётган аёл" шеърида ўз жонига қасд қилган аёлга қарата: "Ёнаётган Аёл, шафқат қил, уйғон, Ёнаётган Аёл, Хурузм паноҳинг, Болангга қарагил у тирик  Туғён. Тирик Жасоратдир, тирик  Оллоҳинг..." дея, сабру қаноат билан яшашга даъват этади.

Рауф Парфи шеърларида ишончсизлик ва тушкунлик кайфияти устунлик қилади. Бу кайфият пайдо бўлишига адибнинг шахсий ҳаёти ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин. У бир шеърида "Эй сиз, тўйганлар, Эй Сиз, башанг оломон, Юзингизга сепаман сўзларимни... Ҳа, ҳеч нарса йўқ менда, ҳеч нарса. Хотин - йўқ, Фарзанд - йўқ, Дўст - йўқ, Ватан - йўқ. Йўқотганларимнинг алами-заҳри, Кўксимдаги санчиқ олами, Шеъриятдан бошқа, Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса", деб ёзади. Унинг аксарият шеърларида тил, миллат ва Ватан мустақиллиги, тинчлиги ҳамда равнақига оид ғоялар эътироф этилганини таъкидлаш керак.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

Report typo