Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод ЎКТАМ

14.12.2017


ХАЛҚНИНГ ЯҚИН ЁРДАМЧИСИ, ҲОКИМИЯТНИНГ ФАОЛ ТАНҚИДЧИСИ БЎЛИШДА

Энди миқёсни сал кичикроқ олиб, бир мамлакат, вилоят ё кичик бир қишлоқ мисолида ахборотга эгаликни ёки эга бўлиш жараёнини олиб кўрайлик. Тан олиш керак, кишиларнинг дунё ва юртимиздаги янгиликлардан, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва мавжуд тартиб-қоидалардан хабардорлик даражасини мақтарли деб бўлмайди. Масалан, кўплаб кишилар электр ё газдан катта қарзи борлигини, тўламаса жавобгарлик муқаррарлигини билгачгина янги тузилма – Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинганини англашди. Ёки дейлик, маъмурий судлар аслида қандай вазифа бажариши хусусида ҳали ҳам кўп кишиларда аниқ фикр шакллангани йўқ. Қачон вазият тақозо қилади – шунда бу борадаги керак ахборотларга қизиқиб қоламиз. Бунга айрим масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлиши сир эмас. Баъзан қоғозбозлик, баъзан сансалорлик...

Маҳалладан оддий бир маълумотнома олишнинг ўзига қанча вақт кетишини ўйланг. Айрим ҳолларда арзимас “чойчақа” узатилган ҳолатларга ҳам кўникиб қолинган. Энди бундан каттароқ идорадан олинадиган каттароқ ахборотни тасаввур қилиб кўраверинг. Ўз-ўзидан аёнки, ахборотлардан бу тарздаги кечикиб юриш жамиятни олға юргани қўймайди, ривожланишга халал беради.

Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасида айни шу масалага ҳам эътибор қаратиб, бундан кейин фуқароларимиз ҳар қандай давлат органи, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳуқуқий ахборотни ҳеч қандай чекловсиз олиши кафолатланишини қатъий таъкидлади.

- Одамлар сўраб борса, тумандаги энг кичик амалдор ҳам бирорта ҳужжатни уларга бермайди. Бунга катталар рухсат бермайди, деб баҳона қилади. Энди бундай “ўйин”лар кетмайди, - деди давлат раҳбари. – Нега деганда, эндиликда Президентдан бошлаб энг қуйи бўғиндаги раҳбарларгача халқимиз хизматида бўлади.

Бунинг афзаллиги шундан иборатки, биринчидан, аҳолига катта енгиллик, қулайлик яратилади. Иккинчидан, иши тез ва осон битган кишиларда олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч ортади. Учинчидан, қайси масала қайси идорада ҳал қилиниши бўйича аниқ фикр шаклланади ва ўзи ва ўзгалар вақтини бекорга сарфлаб юрмайди. Ўз-ўзидан қонунчиликдан, давлат сиёсатидан бохабарлиги ортиб боради.

Шу билан бирга, Президентимиз ўз маърузасида оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарурлигини, ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.

Дунёни ахборот бошқарар экан, уни тарқатувчи касб эгасининг ўзи зиммасидаги масъулиятни ҳис этмаслиги мумкин эмас. Аслини олиб қараганда ҳам ОАВ ҳокимиятнинг фаол танқидчиси бўлиши даркор. Чунки у кўзгу – кўзгуга қараб киши ўзига оро беради, нуқсонларини тўғрилаб олади. Яъни гўзал кўриниш учун ойнага қаралади. Ҳеч бир киши йўқки, ўз акси учун кўзгудан норозиланса, эътироз билдирса.

Ҳокимият ва ОАВ ўртасидаги келишув, “ҳамкорлик” эса фақат маддоҳлик, мадҳиябозлик ва қуруқ ҳисобот учун ишлашни юзага келтиради, холос. Шу маънода Шавкат Мирзиёев ОАВ – халқнинг ёрдамчиси, ҳокимиятнинг танқидчиси бўлиши кераклигини таъкидлади. Лекин бу дегани журналистлар ҳокимият вакилларига қора чаплаши, қилган ишидан кир қидириши керак дегани эмас. Дейлик, ижро ҳокимиятининг иши ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги ё ўзини оқламаслиги мумкин. Буни кўрсатиб берадиган энг ёрқин кўзгу эса ОАВдир.

Тан олиш керак: шу вақтгача оммавий ахборот воситаларида қилинган танқидий чиқишлар айрим ҳокимият вакилларига ёқмасди. “Дунёга жар солмай, астагина ўзимизга айтиб қўйсанглар, ҳаммаси жойида бўларди” қабилидаги “танбеҳ”лар ҳам учраб турарди. Ваҳоланки ОАВнинг асл вазифаси “астагина айтиб қўйиш”дан иборат эмас. Чунки у бир масала юзасидан умумхалқ фикрини шакллантиришга ва хулоса олишга қаратилганки, фақат ҳокимият вакилига “шипшиб қўйиш” яна  ўша халқнинг ахборотдан бехабарлигини оширади, холос.

Демак, энди журналистлар асл вазифасини виждонан, холис бажарадиган пайт келди. Ваколат-ку бор эди, энди унинг ёнига катта бир рағбат ҳам қўшилди. Эндиги асосий вазифа эса керакли ахборот орқали кишиларни улуғ мақсаддан оғишмай яшашга ундашдан иборат бўлаяпти.

Бекзод ¤КТАМ

Report typo