Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

09.10.2020


ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИ МУТАСАДДИЛАРИ УЧУН УЙҒОНИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?

Йиғилиш

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқлар ижроси ҳамда пандемия шароитида умумтаълим мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва юзага келаётган муаммолар бўйича 7 октябрь куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Зойир Мирзаев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.

Хўш, мазкур тадбирда қандай янги гаплар айтилди? Соҳани қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 1157 та мактаб, 16 та "Баркамол авлод" болалар мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи ва халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолият кўрсатмоқда.

Тизимда жами 75 минг 65 нафар (шундан  55 минг 449 нафари ўқитувчи) педагог-ходим фаолият юритиб, бу вилоятдаги жами банд  аҳолининг 7 фоизини ташкил этади. Агар 638 минг 119 нафар ўқувчини қўшиб ҳисобласак, вилоят аҳолисининг 22 фоизи умумий ўрта таълим соҳасига қамраб олинганини кўриш мумкин.

Айтиш ўринли, дунё миқёсида коронавирус пандемияси давом этаётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Қийин шароитга қарамасдан, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида мактабларимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда янги ўқув йили бошланди.

Айни пайтда педагог-ходимлар бепул тарзда коронавирус инфекциясига тест топширмоқда (6 октябрь ҳолатида 80,6 фоиз). Шунингдек, инфекцияга қарши профилактика сифатида препаратлар тарқатилмоқда. Гриппга қарши бепул эмлаш ишлари бошланган (ҳозиргача 27 минг 500 дона вакцина келтирилган). 3837 дона пирометр, 29 минг дона пульверизатор, 76,6 минг литр антисептик гель мактабларга етказилди (биргина шунинг ўзига 2 миллиард 363 миллион сўм маблағ ажратилган).

- Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгилаб берилди, - деди вилоят ҳокими. - Бунга эришиш  мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга боғлиқлиги биргина Қоракўл туманидаги оддий мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев мисолида тушунтирилди. Мана, битта мактаб директорининг ўз устида тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирганининг оддий ва ҳаётий мисоли. Битирувчиларнинг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киради. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётган ўқувчилар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади.

"Қашқадарёда ҳам мингдан ортиқ мактаб бўлса-да, одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга бераяпти. Нима учун Қашқадарёда бундай мактаблар йўқ?" дея тадбир иштирокчиларига юзланди Зойир Мирзаев.

Эндиликда халқ таълими бошқармаси, ҳокимлар билан биргаликда ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мана шундай мактаб ташкил қилиниши белгиланди. Албатта, янги мактабларни қуриш, уни чиройли қилиб жиҳозлаш - давлат зиммасида. Аммо уларни замонавий маъно-мазмун, илм-маърифат, тарбия билан тўлдириш устида вилоят халқ таълими бошқармаси, ҳокимликлар жиддий ишлашлари талаб этилади.

Кейинги 4 йилда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробарга кўпайтирилди, улар тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилди. Ўқитувчилар илгаригидек тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага, турли ҳашар, кўчаларни тозалаш ишларига жалб этилмаяпти, мажбурий ишлардан тўлиқ озод этилди. Энди бевосита таълим-тарбия ишлари билан шуғулланишлари ва натижа кўрсатишлари учун ҳамма шароит муҳайё.

Хўш, натижалар нималарда кўринади? Мисол учун, битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга киришида.

Бу йил вилоятимиздаги 47 минг 681 нафар битирувчидан 6 минг 25 нафари ёки 12,6 фоизи талабалик бахтига муяссар бўлишган. Ижодий имтиҳонлар натижаси чиқса, бу кўрсаткич янада ошиши шубҳасиз. Албатта, бу борада ўтган йилгидан кўра ўсиш бор.

Йиғилишда битирувчилари энг кўп олий ўқув юртларига кирган мактаблар ўнталиги ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Чироқчи туманидаги 2-мактабнинг 82 фоиз битирувчиси, 111-мактабнинг 72 фоиз битирувчиси талаба бўлган. Косон туманидаги 88-, Шаҳрисабз       туманидаги 4-, Китобдаги 50-, Яккабоғдаги  88-, Касбидаги 5-, Ғузордаги 9-, Қарши туманидаги 59- ҳамда Қамаши туманидаги 61-мактаб битирувчилари пешқадам сифатида эътироф этилди.

Яна бир факт шуки, Қарши туманидаги 62-, Косондаги 56-, Деҳқонободдаги 65-, Ғузордаги 39-, Қамаши туманидаги 85-, Китобнинг 77-, Шаҳрисабз туманидаги 80-, Яккабоғдаги 63-, Чироқчидаги 12- ҳамда Миришкор туманидаги 26-мактаб бирорта ҳам ўқувчиси олий таълим муассасасига киролмаган мактаб сифатида ўнликка кирган.

Умумий ҳисобда Қашқадарёдаги мавжуд 1157 та мактабдан 75 тасининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган.

Йиғилишда юқори натижа қайд этилган мактаблар раҳбарлари, фан ўқитувчилари ва синф раҳбарларини рағбатлантириш, натижаси паст мактабларга эса аввало методик ёрдам кўрсатиш, аҳвол яхшиланмаса, мактаб раҳбарларига тегишли тартибда чора кўриш лозимлиги айтилди.

- Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши керак, - деди Зойир Мирзаев. - Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий Кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Мазкур раҳбарларнинг тизимдаги ролини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг мақомини ошириш мақсадида, бундан буён халқ таълими бўлими мудирлари ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб боради ва бевосита ҳокимлик биносида ўтиради. Шунга мос равишда уларга зарур ваколатлар берилади.

Тадбирда халқ таълими соҳасидаги кадрлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича,  ҳали-ҳануз мактабларимизда 488 нафар ўқитувчига эҳтиёж бор. Ваҳоланки, Қарши давлат университетини ўқитувчилик йўналиши бўйича ҳар йили ўртача 1500 нафардан ортиқ талаба битиради.

Шунга кўра, маҳаллий ҳокимликлар, халқ таълими бошқармаси ва Қарши давлат университети эҳтиёжни қоплаш чораларини кўриши, олис ҳудудларга бориб дарс бериш истагидаги ўқитувчиларга ўша ерда уй қуриб берилиши бўйича топшириқ берилди.

Айтиш ўринли, бугун мактабга кирмаган, мактабнинг, ёш авлоднинг дарду ташвишлари билан яшамаган раҳбарни эртага ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди. Шунга биноан, бундан кейин ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ҳафтада бир кунни албатта мактабга бағишлаши лозимлиги белгиланди.

Йиғилишда халқ таълими соҳасига доир    бошқа муҳим вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

НАСРИДДИН

Report typo