Улар орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлганини, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғалаба бизга нақадар қимматга тушгани ўз-ўзидан аён бўлади.
Бугун ана шу зотларни хотирлаш, тирикларга эъзоз, ҳурмат-эътибор кўрсатиш куни. Халқимиз 9 май санасини инсон хотираси ва қадрига эътиборнинг амалий ифодаси сифатида юксак баҳолайди. Зеро, бу ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ва осойишта замоннинг қадрига етиш ва шукрона туйғуларини ҳис этиш барчамизга катта қувват бағишлайди, руҳимизни поклаб, янги-янги марралар сари бошлайди.
Шу маънода ҳар қанча эъзоз, ҳурмат-эҳтиромга муносиб бир шахс борки, унинг юрт олдидаги хизматлари Ватан тинчлиги йўлида жонини фидо қилган боболаримиз, Иккинчи жаҳон урушининг оғир кунларини бошидан кечирган, машаққатли дамларда ҳам ўзлигини йўқотмай, юрт ҳимояси йўлида жонбозлик кўрсатган юртдошларимиз хизматидан асло кам эмас. Бу зот мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовдир.
Унинг хотираси қалбларимизда абадий яшайди. Бинобарин, Буюк Йўлбошчининг улкан хизматлари натижасида тинч ва осойишта Ватан, фаровон турмуш, юксалиш ва ютуқлар қўлга киритилди. Бу инсон халқимизни нафақат мустақилликка олиб чиқди, балки уни мустаҳкамлаш йўлида бутун борлиғини бахшида қилди.
Истиқлол арафасида республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, можаролар ёқасида турган эди. Ана шундай ўта оғир даврда Ислом Каримов кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни ачинарли қисматдан сақлаб қолди.
Тарихий бурилиш палласида халқимиз Ислом Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этадиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди.
Шу боис ҳам Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқ ва натижаларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ деб ҳисоблайди. Бугунги фаровон турмушимиз, тўкин дастурхонимиз, эришаётган ютуқ ва марраларимиз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни, бунда Буюк Йўлбошчининг хизматлари нечоғлик улкан эканини яққол кўрсатиб беради.
Дарҳақиқат, тинч-осойишта ҳаётимиз таъминида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти хизматлари беқиёс бўлди. Зотан, бугун дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликларни, яқин ва узоқ атрофимизда қонли тўқнашувлар кучайиб бораётганини, бир сўз билан айтганда, бундай офатлар тинчлик ва барқарорликка нисбатан ўта жиддий хавф ва таҳдид солаётганини кўриб-кузатиб турибмиз. Қолаверса, бизга қўшни Афғонистонда қарийб 40 йилдан буён беқарор вазият ҳукм сураётгани ва ҳали-бери унинг охири кўринмаётгани ҳам бор гап. Экстремизм, терроризм деб ном олган, тобора кенгайиб бораётган хатарлар, фашизм деган бало яна майдонга чиқаётгани-да реал воқелик. Шундай бир шароитда, боз устига оловли минтақада жойлашган бўлса-да, бир инсоннинг донолиги, узоқни кўра билиши туфайли Ўзбекистон дунёга тинч ва фаровон давлат сифатида танилди, тўғри эмасми?! Бунинг ўзи бўладими?!
Унинг фикрлари тинчликсевар халқимиз қарашларига ҳамоҳанглигига эътибор қилинг: “Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак. Одамларимиз ҳар қандай давраларда, тўй-маъракаларда Яратгандан аввало шуни сўрайди”.
Франциянинг “TV5Monde” телеканали “Ислом Каримов чорак аср мобайнида ўз мамлакати барқарорлигини таъминлаган атоқли давлат ва сиёсат арбоби”, Испаниянинг “La Gaceta” нашри Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига “Минтақа барқарорлигининг кафолати”, деган таърифни ўз-ўзидан бергани йўқ. Ислом Каримов нафақат ўз мамлакати, балки хорижий давлатларда ҳам катта обрў-эътиборга эга бўлгани, дунё аҳамиятига молик муҳим сиёсий масалаларнинг ҳал этилишида алоҳида ўрин тутгани учун ҳам улар юксак эҳтиромини, эътирофини билдиришди.
Ислом Каримовнинг юрт, Ватан олдидаги улуғ хизмати шу бўлдики, у мамлакатни реал урушлардан омон сақлади, алғов-далғов бўлишига йўл қўймади. Ўзбекистон Ислом Каримовнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли терроризм ва диний экстремизм сингари хавф-хатарларни енгиб ўтди, барқарор тараққиётга эришиб, дунё давлатлари билан тенг ҳуқуқли муносабатларни ўрнатди ҳамда буни қўллаб-қувватлади.
Мисолларга назар ташлайлик. 1999 йил 16 февраль воқеалари, 2000 йил Узун ва Сариосиё туманларидаги ҳаракатлар, 2004 йил Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухорода амалга оширилган қўпорувчиликлар, 2005 йил Андижондаги воқеалар. “Ҳизбут-таҳрир”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Акромийлар” талвасаси... Юрт тинчлиги, одамлар дахлсизлигига рахна солишга бўлган уринишлар, оқибати қон тўкилиши, неча-неча болалар етим, оилалар эгасиз қолишига олиб келган ҳаракатлар...
Ана шундай ўта оғир вазиятларда ким одамларимизнинг кўнглигини кўтарди, ким далда берди? Йўлбошчи сифатида ҳаммани тўғри йўлга бошлаган ким? Юксак минбардан туриб, “Ўзбекистонда ҳам алғов-далғов бўлишини, қон тўкилишини истаётган кучлар кўрсатсин башарасини”, дея пана-пастқамда туриб иш қилишга уста қотилларнинг мард бўлиб майдонга чиқишини сўраган ким эди?
Қудратли давлатларнинг сармоясидан озиқлантирилган ва мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқаришга хизмат қилувчи “рангли инқилоб”лар Грузия, Украина, Қирғизистонда кўнгилдагидай амалга ошди-ю Ўзбекистонга келганда ўхшамай қолмаганмиди?
Ислом Каримов нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашда, балки минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришда ҳам жонбозлик кўрсатди. Айнан унинг хизматлари самарасида минтақада ҳамжиҳатлик таъминланди, Афғон муаммосини атрофлича ҳал қилишга киришилди.
Қўшни Қирғизистонни олайлик. Бу мамлакатда икки марта инқилоб рўй берди, давлат раҳбарлари алмашди, жабр кўрган эса халқ бўлди. Шундай вазиятда четдан туриб, икки мамлакатни уриштириб қўйишга интилган кучларнинг режаси билан кишилар қирғин қилинди. Мамлакатнинг собиқ президенти Роза Отунбоеванинг ўша вақтда ҳам, кейинги пайтларда ҳам бир неча халқаро конференциялар чоғида “Агар 2010 йил июндаги қалтис вазиятда Ўзбекистон раҳбарининг пухта ўйланган ва узоқни кўра олган сиёсати бўлмаганида бошимизга қандай фожиалар тушишини ҳатто тасаввур қилиш ҳам мушкул”, дея билдираётган эътироф-баҳоси гапнинг рости эди.
Мамлакатимиз жанубида террористик ҳаракатлар юз берганда, Ислом Каримов ҳарбийларимиз билан ёнма-ён жанг қилишга тайёрлигини билдирганди. Ўшанда каскасини сал қийшиқ кийган аскарга “Буни ҳозир киймасаям бўладию, лекин менга соғлиғингиз керак, ЎҒЛИМ” деган гапларини унутиб бўладими?!
Ёки шу жангларда ўққа учган аскар онасининг мактубини Президент, Олий Бош қўмондон бўлгани ҳолда жуда қийналиб, худди ўзининг фарзанди ҳалок бўлгандай, кўзига ёш тиқилиб ўқиб берганини мутаассир бўлмасдан кузатиш мумкинми?
Бир эслаб кўринг-а, 9 май кунини мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаш таклифини ким билдирганди? Ислом Каримов томонидан имзоланган “9 майни Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонда нималар айтилган эди?
“Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида, кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг, биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ва анъанавий бурчи деб белгилансин. Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги керак. Уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт”.
Бугун бунинг амалдаги самараларини кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Муҳими, халқимиз, айниқса ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда.
Шу маънода айтиш мумкинки, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ҳамда бурчи сифатида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу яшайди. Унинг ўзи айтганидек, жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
Зеро, халқ ўз қаҳрамонларини унутмайди. Унутишга ҳаққи ҳам йўқ.
Б.ЎКТАМ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.