Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

09.11.2017


ХАРИДОРГИР БОЛАЛАР КИЙИМ-КЕЧАКЛАРИ

Албатта, ушбу жиҳатлар юртимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига, аҳолининг хусусий тадбиркорликка фаол жалб этилишига туртки бўлаяпти. Натижада бу шаклда иш бошлаётган юртдошларимиз сони тобора кўпаймоқда.

Шаҳрисабз туманилик Нодирабону Каримова ҳам якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади. Ўз мустақил бизнесини йўлга қўйганига 6 ойдан ошди. Ишбилармон фаолият йўналишини белгилашда қийинчиликка дуч келмади. Чеварликдан хабари бор эмасми, тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этди. Бунда асосий эътиборни болалар кийим-кечаклари тайёрлашга қаратди.

- Боиси, туманимизда катта ёшлиларга мўлжаллаб кийим тикадиган тадбиркорлар талайгина, бироқ болалар, айниқса, гўдаклар кийимини ишлаб чиқариш талаб даражасида эмас, - дейди у. – Эҳтиёж учун зарур бу турдаги маҳсулотнинг бир қисми эса четдан келтирилади. Баҳоси ҳам ўшанга яраша. Мазкур ҳолат менга жуда қўл келди. Бор сармоямни шу ишга йўналтирдим. 3 дона тикув машинаси харид қилдим. Хомашё-материаллар сотиб олдик. Дизайнерлик борасида ҳам уқувим бор. Кийим-кечаклар бичимини ўзим яратаяпман. Маҳсулотимиз тури 20 хилга етади ва 10 ёшгача бўлган болаларга мос келади. Ҳозирда гўдаклар кийимчаларига талаб юқори. Яқинда болалар учун спорт либослари тикишни ҳам бошладик. Фаолият йўналишимизни мавсумга қараб мослаштириб бораяпмиз. Ёзда енгил кийимлар ишлаб чиқарган бўлсак, эндиликда иссиқ юнгли кийимлар тикишни ўзлаштирдик.

Тадбиркорнинг айтишича, айни пайтда маҳсулот асосан тумандаги савдо шохобчаларига етказиб берилаяпти. Ишлаб чиқариш ҳажми ошаётганидан ҳам билиш мумкин, ушбу кийим-кечаклар харидорларга манзур бўлмоқда. Нодирабону тадбиркорликка қўл ургач, 3 нафар ёш доимий иш ўрни билан таъминланганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Эришаётган ютуқларидан руҳланган тадбиркор келгусида фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган. Қўшимча дастгоҳлар сотиб олиш учун тижорат банкига молиявий кўмак сўраб мурожаат қилмоқчи. Лойиҳа муваффақиятли амалга ошиши ишбилармоннинг манфаатига хизмат қилса, ўз навбатида бу ички бозорга таклиф этиладиган сифатли маҳсулотлар кўлами ортишига ҳам шароит ҳозирлайди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo