Муаммо ва муносабат
Зап ажойиб "катта"ларимиз бор-да. Уларни гапга тутсангиз, кўчаларга арча экилаётганидан тортиб, одамларга бемисл ёрдам кўрсатилаётгани, томорқачилик, тадбиркорлик авж олдирилаётгани, кам таъминланган, эҳтиёжмандларга "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" каби тизимлар орқали ёрдам қилинаётганигача, ҳамма ҳаётдан ва масъуллардан чексиз ва беҳад рози эканини таъкидлашади. Аммо одамлар ҳаёти билан яқиндан танишиш асносида буткул ўзга ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўласиз.
Суратларда акс этган ушбу манзаралар қайсидир асрдан қолиб кетган харобалар ёхуд зилзила ёки бошқа табиий офат таъсирида аянчли оқибатга келиб қолган бино эмас. Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғинида жойлашган, ўтган аср 60-йилларида маҳалла идорасига мослаб қурилган ва кейинчалик ташландиқ аҳволга келиб қолган ушбу бинода 10 йилдан ортиқ вақтдан бери бир оила истиқомат қилиб келади. Ҳар қанча ажабланарли бўлмасин, чиндан ҳам шундай.
Оббо, кейинги йилларда инсон манфаати ҳар недан устун эканлиги, барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад одамларга яхши шароит яратиш бўлиб турган бир чоғда нега бу оила харобада умргузаронлик қилаяпти, "катта"лар, маҳалла-кўй нега уларга қарашмаяпти, дерсиз? Биз ҳам шу ҳақда тўхталмоқчимиз.
Аввало, оила бу ташландиқ бинода қачон ва қандай қўним топди?
1968 йилда Шайхалида туғилган Фотима Авазова 1990 йилда турмуш қураркан, маҳалла идорасидаги айнан ЗАГСдан ўтилган хона вақти келиб яшаш уйига айланишини тушида ҳам кўрмаган бўлса керак.
Пешонага шундай ёзилган экан, не-не орзулар билан боғланган ҳаёт кўпга бормади: Фотима Авазованинг саломатлигидаги муаммолар туфайли эр-хотин 3 ойдан сўнг ажрашиб кетишди, бу оиладан бир ўғил дунёга келди. 1998 йилда эса аёл Туркманистонга турмуш чиқиб, иккинчи турмушидан яна икки ўғилли бўлди. Аммо қўшни давлат фуқаролигини ололмай депорт қилинди.
Натижада она юртига уч боласини эргаштириб қайтиб келишга мажбур бўлади. "Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг" деганларидек, "ортиқча ташвиш", "ортиқча оғиз" яқинларингга ҳам баъзан малол келаркан, қолаверса, чиққан қиз чиғириқдан ташқари - шу боис она уйида ҳам кўп ўтирмади. 2010 йилда маҳалла идорасининг эски биносини унга уй қилиб беришди.
Бу орада фарзандлар ҳам улғайди. Катта ўғли коллежни тамомлаб, чилангарликка ўқиди, вақтли ишлардан бир-икки сўм пул топадиган бўлди. Ўртанча ўғил айни пайтда Бухорода институтда ўқияпти, кенжаси эса коллежда.
Ёлғиз боши билан, "Дунё-М" АЖда фаррош бўлиб ишлаб, ўғилларини ўқитаяпти экан, ҳунарли қилибди, бундай аёл ҳар қанча ҳурмат-эҳтиромга лойиқ, дерсиз. Аслида ҳам шундай, бироқ амалда ўша ҳурмат-эҳтиромнинг бирор унсури кўзга ташланмаётгани ачинарли ҳам ғалати.
Гап шундаки, Фотима Авазова ўзи яшаб турган ташландиқ бино қачондир олиб қўйилишини, бу ерда бир умр яшаб бўлмаслигини билиб, ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат қилиб келади. Масъуллардан бўладиган жавобларга қараб эса кулишниям, куйишниям билмайсан киши.
Мисол учун, Фотима Авазованинг Президент виртуал қабулхонасига 2020 йил 25 майда уй-жойи таъмирталаблиги, уйни таъмирлаб беришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатига Қарши шаҳар ҳокими имзоси билан келган жавоб хатида шундай дейилади: "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонларига асосан тадбиркорлик субъектларини ҳомий этиб бириктириш ёки ҳомийликка жалб этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларига чекланганлигини ва корхона-ташкилотлар ўз хоҳишларига кўра ҳомийликни амалга ошириши мумкинлигини маълум қиламиз.
Мурожаатингизда кўрсатилган важларга асосан ушбу жавоб хатидан норози бўлган тақдирингизда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 33-моддасига асосан юқори ташкилотларга мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз".
Содда тушунтирганда, шаҳар ҳокими уйни таъмирлашда ўзимизни-ку қўятуринг, ҳатто тадбиркорларни ҳам ҳомийликка жалб этолмаймиз, демоқчи.
Ҳақли савол туғилади-да: йиллар давомида турли идоралар эшигида сарғайиб, қонун-қоиданинг миридан сиригача аён бўлиб кетган фуқаро шу тартибни билмасмиди? Биларди, албатта. Хўш, унда нега ёрдам сўради? Чунки фалончига уй берилди, пистончининг уйи таъмирланди, каби баландпарвоз гапларни ҳамма қатори уям эшитган, менгаям ёрдам беришар деб умид қилганди.
Аслида ҳам, нега бошқаларга чўзилган мадад қўли кимларгадир келганда калталик қилиб қолади? Ёки ҳокимиятнинг тадбиркорларни ҳомийликка жалб этишдан бошқа манбаси йўқми? Наҳотки шунча уй-жойли бўлганлар ҳокимият иштирокисиз, фақатгина саховатпешаларнинг ҳиссаси билан амалга ошаётган бўлса? Унда ҳокимият нима билан шуғулланаяпти?
Жавоб хатининг кейинги бандини қаранг. Нима эмиш, агар жавобдан норози бўлсангиз, юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилинг, эмиш.
Ахир шаҳар ҳокими хатнинг бошида ариза Президент виртуал қабулхонасига йўлланганини ўз оғзи билан айтиб турибди-ку. Энди яна қайси юқори органга мурожаат қилиш керак? Қизиқ...
Ваҳоланки, Фотима Авазова виртуал қабулхонага ёзишидан бир неча кун олдин Қарши шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига мурожаат қилиб, худди шаҳар ҳокими йўллаган хатнинг эгизак нусхасини олгандан сўнггина "юқори"дан ёрдам сўрашга мажбур бўлганди. Яна денг, фуқаро хароба аҳволдаги нотурар жойда яшашини айтса, Қарши шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи И.Жўраев у билан телефон орқали гаплашиб, ҳолатга "ойдинлик" киритибди. Балки шундан кейин бирор ўзгариш бўлгандир-ей, дейсизми?
Бўлим бошлиғи номидан йўлланган жавоб хатида Фотима Авазованинг қачон туғилгани, нечта боласи борлиги, Туркманистонга қачон эрга теккани, қачон қайтиб келгани ҳақида ёзишибди. Ўзининг гапини ўзига жавоб хати сифатида қайтариб юборишибди. Ёпирай, дейсиз беихтиёр. Шунақаси ҳам бўларкан-да...
- Нолимайман, катта ўғлим улғайиб, укаларига ёрдам қиладиган ёшга етиб қолди, - дейди Фотима Авазова. - "KOICA"да 10 ой чилангарликка ўқиди, "сварка" шохобчаси очса, ишлаб кета олади, лекин бунга қурбимиз етмаяпти. Қолаверса, бу бинода ҳам кўп турадиганга ўхшамаяпмиз. Тунов куни маҳалладан ёрдам сўраб борсам, бу ердан бизни чиқариб юборишларини, тикув цехига айлантиришларини айтишди.
Ушбу масалага аниқлик киритиш ниятида Шайхали шаҳарча фуқаролар йиғини маъмурий биносида бўларканмиз, замонавий, қулай шароитларда, шинам хоналарда ўтирган мутасаддилар ташландиқ, харобада ўтирган одамларнинг дарди билан қизиқармикан, деган ўй хаёлдан ўтгани рост.
Маълум бўлишича, маҳалла раиси мурожаатларга масъулиятсизлик билан қарагани сабаб ишдан бўшатилган, унинг вазифасини вақтинча Мавлон Худоёров бажариб турган экан.
- Бир ойдан бери маҳаллада ишлаб турибман, лекин Фотима Авазова бирор марта ёрдам сўраб келгани йўқ, - деди Мавлон Худоёров. - Маҳалладаги одамларнинг йигирма фоизи бевалар, лекин жамғармадан беришмаса, биз ҳам ёрдам беролмаймиз. Мана, шунинг учун қийин аҳволдагиларга бир кило макарон ҳам бера олганимиз йўқ.
Раис ўрнини вақтинча эгаллаб турган киши идорадагилардан суриштириб, Фотима Авазова ун заводда фаррош бўлиб ишлаши ва 1 миллион сўмдан ошиқ маош олишини биларкан, бизга "Яна нима керак унга?" деган риторик савол билан юзланди. Шу боис унга аёл шу маоши орқасидан йилига 11 миллион сўмга яқин контракт тўлашини, яна икки боласини боқаётганини тушунтириб ўтиришни бемаврид деб билдик.
Маҳалла идорасига илинган, кам таъминланган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож фуқаролар рўйхатида Фотима Авазованинг номи кўринмади. Маҳалла раиси билан бирга ишдан бўшатилган ва ҳозирда фаол сифатида ишлаб турган Сайёра Ашированинг айтишича, у "Темир дафтар"га киритилган, дарҳақиқат, икки марта 1 миллион сўмдан ёрдам кўрсатилган экан. Биргина карантин бошланганига 1 йил бўлаётганини ҳисобга олсак, ўша 2 миллион сўм пул рўзғорга урвоқ ҳам бўлмаслиги барчага аён.
Хўш, Фотима Авазованинг кейинги ҳаёти қандай кечади? Шу харобада азобларга кўмилиб яшаб юраверадими ё унга ёрдам бериш бўйича бирор режа борми? Шу масалада шаҳар ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Наргиза Хонқулова билан боғландик.
- Икки сотихлик ер берамиз, десак текинга ер ҳам, уй ҳам йўқ, - деди у. - Президент администрациясидан бирортага уй ҳам, ер ҳам беришга ваъда берманглар, деб айтишди. Фотима Авазовага ҳеч нарса қилиб беролмаймиз. Катта ўғлига отасидан ер мерос қолган, амакиси хатлаб бераман деган, лекин у бормаган. Шундай жойда турсам, давлат менга уй қуриб беради, деб ўйлайди...
Юқорида айтганимиз каби, Фотима Авазованинг биринчи турмуши уч ойгина давом этган, холос. Ўғли эса, табиийки, ажрашишгандан сўнг туғилган. Шундай вазиятда ким ер мерос қолдириши мумкин? Бу биринчи масала. Иккинчидан, агар тайёр ер бўлса, ҳар қандай одам ҳам харобада яшагандан кўра ўша жойда иморат солишнинг тадоригини кўрмасмиди?!
Бордию, фуқаро чиндан ҳам давлат уй қуриб беришидан умидвор бўлса, буни 10 йиллаб кутиб ўтирмаган бўларди. Бир йил кутарди, икки йил кутарди, кейин э бор-ей, деб бирор ерда уй тиклашга киришарди. Тўғрими? Шундай эмасдирки, оила йиллар давомида ташландиқ жойдан жилолмаяпти?
Мухтасар айтганда, Шайхалидаги бир оила йиллар давомида харобада яшаб келаётган экан, уни бошқалар қатори ҳаётга қайтариш чораларини кўришимиз керак. Фалон сўм маош олади, демасдан, ўғилларига иш топишда кўмаклашиш, модомики, ҳокимиятнинг уй, ер беришда дасти калта экан, фуқароларнинг ўзи уй қуриб олишига имкон яратиб бериш даркор. Бир одам устидан осонгина ҳукм чиқариш мумкиндир, аммо унга ёрдам бергандан, мушкулини осон қилишдан ортиқроқ бахт борми? Ҳечқурса шуни ўйлаб кўринглар, "катта"лар...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.